Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

1368

Носирбек 1890 йил Бухоро шаҳрининг Оқмачит гузарида Занданада амлокдор, Кавалида ҳоким бўлган Абдураҳимбий хонадонида дунёга келган. Эски мактаб ва мадраса таълимини олгач, амир қўшинида қоровулбеги лавозимида иш бошлайди. 1913 йил отасининг вафотидан сўнг мирохўр унвони билан амир саройига хизматга олинади. 1916 йил тўқсабо (полковник) лавозимида Бухоро шаҳар мудофааси бўлимида хизмат қилади. 1918 йил Колесов ҳужуми, 1920 йил августида қизил армияга қарши жангларда ўз йигитлари билан мардонавор кураш олиб борди. Бироқ, душманнинг замонавий қуролларига қарши амир қўшини дош бера олмади. Натижада амир додҳолари махфий тарзда бир гуруҳ ҳарбийларга амирни безиён жанг майдонидан олиб Шарқий Бухорога элтишни, қолган қўшинга эса вақтдан ютиш учун душманни чалғитиш ва мудофаа жангларини олиб боришни буюради. Носир тўқсабо Абдураҳимов мана шу лашкар таркибида амирни соғ-омон Душанбе шаҳрига, ундан сўнг Афғонистон ҳудудигача олиб борадилар. Бироқ, афғон ҳукумати большевиклар билан келишган ҳолда аввалги ҳарбий ёрдам ваъдасини бажаришдан воз кечади. Аксинча, фақат амирнинг ўзининг саломатлигини кафолатлаб унинг унинг атрофидаги ҳарбий мулозимларини зудлик билан Афғонистон ҳудудини тарк этишларини талаб қила бошлайди. Бухоро давлатига содиқ ҳарбийлар амирни шундай ҳолда ташлаб кетиш хавфли эканлигини англаб, атроф қишлоқларга турли номлар билан тарқалиб қўним топишга ва керакли пайтда амир ҳимоясига чиқишга қарор қиладилар.

Мазкур шароитда Носирбек тўқсабо Қобулдаги Растаг бозорига ўрнашиб савдо ишлари билан шуғуллана бошлайди. Афғон ҳукумати амир Олимхоннинг ҳарбий мулозимларига нисбатан сиқувни кундан кунга ошириб боради. Уларни тутган заҳоти отиб ташлашгача бориб етдилар. Шундай пайтда амир Олимхон ўзининг ортидан келган барча ҳарбийларининг қасамёдини бекор қилиб, ким қаерни танласа кетаверсин деб қарор чиқаради. Шундай бир шароитда Носирбек тўқсабо Дониёрбек, Абдужабборбек тўқсаболар билан маслаҳатлашиб Бухоро Халқ Республикаси ҳукуматининг умумий авф тўғрисидаги қарорига ишониб 1923 йил Ватанга қайтишга қарор қиладилар. Файзулла Хўжаев ҳукумати дастлаб уларнинг маълум мулкларини қайтариб ҳам беради. Бироқ, Бухоро ҳукуматининг обрўсини тўкиб, ўзининг мавқеини оширишни истаган большевик ҳарбийлар уларнинг барчасини жисмонан йўқ қилишга киришди. Турли баҳоналар остида қамоққа олишни бошлаб юбордилар.

Носирбек тўқсабо Абдураҳимов 1925 йил 14 апрелда аксилинқилобий фаолиятда айбланиб қамоққа олинади. Қарийб беш ойдан ортиқ давом этган жисмоний қийноқ ва таҳқирлар остида ўтган терговлар вақтида Носирбек ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмади. Шунга қарамай 1925 йил 4 сентябрь куни унга ЎзССР ЖКнинг 61, 67, 69 моддаларини қўллаб 3 йилга даҳшатли Соловецк лагерига сургунга ҳукм қилинди. Носирбек тўқсабо Абдураҳимов 3 йил умрини Соловкида, яна 3 йилини Кустанайдаги шўроларнинг машъум қийноқхоналарида ўтказди. У фақат 1934 йилга келибгина она шаҳри Бухорога қайтиб келишга муваффақ бўлди. Ватанга қайтишга рухсат олган ва етиб келган Носирбек Абдураҳимов бир муддат соғлиғини тиклаб олгач, Бухородаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасига қоровул бўлиб ишга киради. Шу меҳмонхонада супурувчи бўлган Зайнаб Магомедова исмли аёга уйланиб, унинг 7 ёшли қизига ота бўлиб пешонасини силайди. Аммо, гузарком, колхозчи кўринишидаги малъун НКВД хуфялари унинг ортидан бир зум қолмади. Унинг ҳар бир сўзи кўз қараши ҳақида керакли идораларга тинмай етказиб туришди. Бу чақувларга ишонадиган бўлсак, Носирбек Абдураҳимов 1937 йил май ойида “Колхоз бозори” олдидаги чойхонада “... мaна йўқсиллар инқилоби натижасида нима ўзгарди, унга ишонган йўқсулларингнинг ҳаммаси бир-бир очидан ўлаяпти, шуми коммунизмларинг” деган, сентябрь ойида эса “...советларинг Бухорои Шарифда на жой номларида, на бошқарувда ўзбек тилини умуман қолдирмаяптику” деган эмиш. Албатта, у киши шунчалик азоб-уқубат тортганига қарамай, бу сўзларни айтган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, бир замонлар амирликнинг масъул амалдорларидан бўлган, “Ёш бухороликлар” партиясининг миллат, халқ равнақи йўлидаги соф орзуларини қўллаб-қувватлаган Носирбек ватанда кечаётган бу тубанликларга асло бефарқ қараб тура олмас эди. Лекин, унинг ишончига кириб, сўнг уни оқизмай-томизмай шўро идораларига етказиб турган малъунларнинг асл мақсади-ю маънавий қиёфаси қандай бўлганлигини ҳеч қачон тушуна олмасак керак.

Абдураҳимов Носирбек 1937 йил 15 ноябрь куни Бухоро шаҳри, гузари Мирзо Мустафо 179-уйдан яна қамоққа олинади. Ишдаги 24 ноябрь санаси билан тўлдирилган ягона сўроқ баённомасида Носирбек ўзига нисбатан айтилаётган барча айбловларни қуруқ туҳмат эканлигини ёзиб имзолайди. Бироқ, 1937 йил 25 ноябрь кунги айблов хулосасида Носирбек Абдураҳимов “советлар бизни алдади, хаттоки конституциясида ҳам диний эркинлик йўқку” деган деб ёзилади. 1937 йил 28 ноябрь куни ЎзССР ИИХК ҳузуридаги машъум “учлик” йиғини унга ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси(аксилинқилобий тарғибот)ни қўллаб 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига (МТЛ) ҳукм қилади. Афсуски, Носирбек Абдураҳимовнинг кейинги тақдири ҳамон бизга номаълум.

Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари доктори

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳасан Басрий: Нечун йиғламайсиз?

145 12:00 20.05.2022

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

476 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

506 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

243 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

842 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

151 09:40 20.05.2022
« Орқага