Жорий йилнинг 9 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Қатар Давлати Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон ал-Таний билан учрашув ўтказди.
Учрашув кун тартиби доирасида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари ва икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Инвестиция соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қатар Давлати ўртасида Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокараларни жадаллаштириш борасида келишувга эришилди.
Томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликка тўхталиб, Қатарнинг “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор" темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишдаги иштирокининг истиқболларини кўриб чиқдилар ва бу йўналишда навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.
Шу билан бирга, банк-молия соҳасида ҳам шерикликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Қатар томони Ўзбекистонда исломий банкинг механизмларини жорий этиш учун қатор Қатар банкларини жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа йирик туристик шаҳарларида замонавий меҳмонхона мажмуаларини қуришни назарда тутган ҳолда туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида Доха шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ҳамда Ўзбекистон – Қатар Ишбилармонлар Кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказишга келишдилар.