Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қатарнинг Жаҳон Чемпионатидаги рекорд харажатлари ўзини оқлайдими? 

4465

Қатар 2012 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан бери,  ушбу чемпионатга 220 миллиард доллар сарфлаган. 

Маблағнинг катта қисми янги метро тизими, аэропорт, йўллар ва даҳалар ва ҳатто бутунлай янги шаҳар қурилишига сарфланди. 

Бир ой давом этган турнир тарихдаги энг қизиқарли финаллардан бирига айланиб якунланган бўлса-да, сарфланган  харажатлар бунга арзийдими,  деган савол  туғилади. 

Lausanne университети тадқиқотчиларининг фикрича, 1964 йилдан 2018 йилгача Жаҳон кубоги ёки ёзги ва қишки Олимпия ўйинлари каби 36 та катта спорт байрамларидан  31 таси молиявий зарар келтирган.

Smith коллежининг иқтисод фанлари  профессори ва “Олимпиада ва Жаҳон кубогини ўтказиш ортидаги иқтисодий қимор” китобининг муаллифи  Андрев Зимбалист  Қатарнинг аниқ қанча сарфлагани номаълум бўлса-да, бу “мега спорт тадбирига узоқ йиллар давомида сарфланган рекорд пул миқдори” эканини айтди.  

Унинг таъкидлашича, аввалги рекорд Россия ҳукумати 2014 йилги Сочи қишки Олимпиада ўйинларига сарфлаган 5 миллиард долларни ташкил этган ва бунинг тахминан учдан бир қисми коррупция натижасида йўқолган. 

Зимбалистнинг таъкидлашича, Қатардаги жаҳон чемпионатининг ҳақиқий нархини, яъни расмийлар айтаётган — ҳар бирининг қиймати 6,5 миллард доллар бўлган еттита стадион қуришга, транспорт, телекоммуникация,  хавфсизлик каби соҳаларни ривожлантиришга, шунингдек меҳмондўстлик ва меҳмонхоналарга сарфланган сарф-харажатнинг умумий миқдорини ҳисоблашнинг иложи йўқ. 

“Қатар жаҳон чемпионати учун  ўз инфратузилмасини ўзгартиришга мажбур бўлди,” — дейди Зимбалист. 

FIFA турнирни ўтказиш билан боғлиқ деярли барча харажатларни ўз зиммасига олган бўлса-да, бу тахминан 1,7 миллиард долларни ташкил этди.  Қатар турнир тугаганидан кейин ҳам стадионларни демонтаж қилиш ишларига катта маблағ ажратди.  

Шунингдек, Қатар ҳукумати майдончаларнинг бир қисмини демонтаж қилиб, қўшни давлатларга  совға қилиш режасини ҳам ишлаб чиқди: жами 170 000 ўриндиқ олиб ташланиши ва бошқа жойларга юборилиши керак. 

Бунинг учун зарур бўладиган муҳим қўшимча ишларни изоҳлар экан, Зимбалист шундай деди: "Буларнинг барчаси кўп пул талаб қилади. Деярли фойдаланилмаётган қимматли  мулкни жойлаштириш ва уларни сақлаш учун стадионлар талаб этилади,  харажатлар янада ошади." 

Мамлакат расмийлари якшанба куни Жаҳон кубоги финалига мезбонлик қилган ва турнир давомида фойдаланилган энг катта майдон бўлган 80 000 томошабинга мўлжалланган Lusail  стадиони мактаблар, кафелар ва клиникалар жой олувчи жамоат майдонига айлантирилишини айтди. 

Албатта, шаҳардаги янги қурилган стадионлар, инфратузилма лойиҳалари, жумладан,  2014 йилда  Доҳада очилган Hamad халқаро аэропортининг кенгайтирилиши ҳам жаҳон чемпионатидан кейин фойдали сармоя бўлиши мумкин. 

Qatar Airways Group сентябрь ойида аэропортни кенгайтириш лойиҳаси Жаҳон кубоги олдидан очилишини ва йиллик йўловчи ташиш қуввати 58 миллионга кўтарилиши кутилаётганини айтганди. 

Шунингдек, 2023 йил январида бошланиши керак бўлган кенгайтиришнинг  якуний босқичи  2025 йилнинг ўрталарида якунланиши ва аэропорт йилига 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат қила олиши маълум қилинди. 

"Шундай қилиб, баъзи инфратузилма такомиллашувлари ўйинлар билан боғлиқ, лекин улар ҳам узоқ вақт давом этади", деди Зимбалист. 

Шунга қарамай, Қатар жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун сарфланган барча сармояларни реал тарзда қандай қоплаши мумкинлиги ҳақидаги саволга келганда, у буни Қатар учун минимал деб ҳисоблайди. 

Унинг таъкидлашича, жаҳон чемпионатидан тушган деярли барча даромадлар ўйин ўтказиладиган мамлакатга эмас, балки FIFAга тушади. 

“FIFA барча телевидения пуллари, чипталар учун пул ва деярли барча ҳомийлик пулларини ўзида сақлаб қолади”, деди у.

FIFA 4,7 миллиард доллар даромад олишни режа  қилган, унинг катта қисми Қатардаги турнирдан тушади. Операцион харажатларни 1,7 миллиард доллар деб тахмин қилган ҳолда, бу "FIFA жаҳон чемпионатидан тушган 3 миллиард долларлик соф даромад билан кетаётганда, мезбон давлат пул йўқотади" деган маънони англатади.  

Aммо узоқ муддатли потенциал иқтисодий фойда ҳақида нима дейиш мумкин? Мамлакатнинг инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги февраль ойида эълон қилган ҳисоботида Жаҳон чемпионатидан кейин мамлакат спорт саноатидаги ўсиш бевосита хорижий инвестициялар  ҳажмини оширишга ёрдам бериши мумкинлигини айтди. 

Қайд этилишича, Қатар Савдо ва саноат вазирлиги 2023 йилгача хусусий сектор учун "тадбирларни бошқариш ва реклама қилиш" ва "спортни тижоратлаштириш" каби соҳаларда 83 та тижорат ва сармоявий имкониятларни аниқлаган. 

Бироқ, Investment Monitor томонидан ўтказилган сўнгги учта жаҳон чемпионати мезбонлари — Россия, Бразилия ва Жанубий Aфрикадаги умумий тўғридан-тўғри инвестициялар таҳлили шуни кўрсатдики, турнирдан кейинги йилларда ҳар уч мамлакатда ҳам сармоя имконияти камайган. 

"Мега тадбирни ўтказиш бевосита хорижий инвестициялар ҳажмини ошириши ҳақида ҳеч қандай далил йўқ", деди Зимбалист. 

У, шунингдек, Қатарнинг туризмга катта ёрдам бериши ҳақидаги эҳтимолларига шубҳа билан қаради. Қатар палатаси мамлакат 2028 йилга бориб 6,24 миллион сайёҳни қабул қилишини таъкидлади, бунда туризм харажатлари йилига ўртача 9,1 фоизга ўсиб, 28 миллиард долларга етади. 

Aммо, Зимбалистнинг таъкидлашича, аввалги мезбон мамлакатларда барқарор туризмнинг жадал ривожланиш ҳолатларининг  фақатгина бир нечта мисолларини кўриш мумкин. 

Ижтимоий антрополог ва “Inside Qatar” китоби муаллифи Жон МакМанус ҳам Қатар жаҳон чемпионати мезбонлигидан сезиларли фойда кўрмаслигини айтди. 

“Менимча, кўп одамлар Қатар жаҳон чемпионати мезбонлиги ҳуқуқини қўлга киритмагунча, у ҳақида ҳеч қачон эшитмаган бўлса керак”, деди у. 

Макманус, шунингдек, Қатарга қараш дунё бўйлаб турлича эканлигини, Ғарбдаги Қатар имижини Қатарнинг глобал қиёфаси сифатида қабул қилмаслик кераклигини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, яқинда Лотин Aмерикаси дипломати билан Қатар ҳақида ўтказилган суҳбат шуни кўрсатадики, бу минтақадаги давлатлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолардан маълум даражада хабардор бўлсалар-да, бу борада сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган. 

2017 йилдан бошлаб Қатар ҳукумати бир қатор меҳнат ислоҳотларини амалга оширди ва кафала тизимини бекор қилди. 

Бироқ, 2021 йилда эълон қилинган ҳисоботда Human Rights Watch меҳнат муҳожирлари ҳали ҳам "жазовий ва ноқонуний иш ҳақи чегирмалари ва  кўп соатли машаққатли иш учун ойлар давомида тўланмаган иш ҳақи" дан азият чекаётганини айтди. 

Халқаро Aмнистия ташкилотининг таъкидлашича, компаниялар ҳали ҳам ишчиларга иш берувчини алмаштириш имкониятини тўхтатиш учун босим ўтказмоқда ва бу Қатарда мажбурий меҳнат ҳамон мавжудлигини англатади. 

Human Rights Watchнинг Буюк Британиядаги директори Ясмина Aҳмаднинг айтишича, гуруҳ Қатар ҳукуматига кенгроқ ислоҳотлар ўтказиш ва уларни амалга оширишни кучайтириш учун жаҳон чемпионати якунланганидан кейин ҳам босим ўтказишда давом  этади.
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

1028 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1092 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

721 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1414 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

738 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1483 15:30 07.06.2023
« Орқага