Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қаёққа кетяпсан, дунё?! Ёхуд ногирон онасига қўл кўтарган қиз ҳақида...

1886

1980 йилда туғилган, Қарши шаҳрининг “Шайхали” маҳалласида истиқомат қилувчи Озода Ҳимматова меҳнатга лаёқатли бўлса ҳам, ҳеч қаерда ишламайди. 5 нафар фарзанди, 2 нафар набираси бор. Икки фарзанди мактабда таҳсил олади. II гуруҳ ногирони бўлган яна бир боласи давлатимиз томонидан нафақа билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда О.Ҳимматова уч фарзанди билан бирга Қарши шаҳридаги ижтимоий ётоқхонадан онасига берилган барча имконият ва шарт-шароитларга эга 3 хонали уйда истиқомат қилади. Ва… “Давлатдан яна пул ундир!.. Ҳокимиятдан пул ол!” деб… аравачада ўтирадиган ногирон онасини калтак­лайди! Куппа-кундуз куни! Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси биноси ёнида!..

Бунга ишонгингиз келмайди. Аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳаммаси кўриниб турибди. Афсуски, бу боқимандалик, текинхўрликдек ярамас касалликка чалинган, ишламасдан тишлашни хуш кўрадиган фарзанднинг ўз онасига биринчи марта қўл кўтариши эмас…

Ҳа, тўққиз ой қучоғида авайлаб олиб юрган, ўзи емай едирган, ўзи ичмай ичирган, бир парча этни парваришлаб, камолга етказган, бугун танасидан мадори кетиб, ногиронлик аравачасига михланиб қолган шўрлик Она ўз фарзанди томонидан хўрланмоқда!

Қаёққа кетаяпсан, дунё?! Бизларга нима бўлаяпти, одамлар?!

Хўш, бу нонкўр аёл ўз волидасидан нима талаб қилаяпти? “Нега ҳокимият вакилларидан пул сўрамадинг? Мен сенга айтган эдим-ку?! Нега … Жўраевдан пул ундирмадинг? Кўчада сўраб бўмайдими?” ва ҳоказо. Демак, мақсад давлатдан яна маб­лағ ундириш, яна бир нарсалик бўлиб қолиш. Нима, она-боланинг аҳволи шу даражада оғирми? Йўқ! Асло!

Келинг, рақамларга мурожаат этайлик. Саховат яширинча қилинади. Бироқ ҳукуматимиз, ҳокимият томонидан бу оилага кўрсатилган сон-саноқсиз ёрдамлардан бир қисминигина санаб ўтайлик.

2020 йил январда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси Қарши шаҳар бўлими томонидан 5 миллион сўм миқдорида; 30 июнда “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 1 миллион сўм миқдорида; “Темир дафтар”га кирган ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари учун дея 3 болага 1 миллион беш юз минг сўм; янги йил байрами муносабати билан она-қизга 2 миллион сўм; 2 сотих ер участкаси; 2021 йил январь ойидан 6 ойлик моддий ёрдам нафақаси; мазкур йилнинг апрель ойида О.Ҳимматовага Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси Қарши шаҳар бўлими томонидан 3 миллион сўм, шу вақтнинг ўзида Қарши шаҳар Кенгаши депутати Х.Ишимов томонидан беш юз минг сўм, вилоят ҳокимлиги томонидан қизига тикув машинаси берилган. Бундан ташқари, у қизини турмушга чиқараётганида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

Шунингдек, 2020 йил Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан уй-жой ажратилган бўлиб, кейинги тўловларни тўлашга имкони йўқлиги боис, 2021 йил 21 январь ойидаги 3-сонли тўлов топшириқномасига асосан Қарши шаҳар “Ипотека банк” АТИБ Қашқадарё вилоят филиали томонидан 28 миллион 634 минг 93 минг сўм маблағ ҳамда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 0,2 сотих уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилган…

Хуллас, бу оилага жами нақд пул шаклидаги моддий ёрдамлар (ойма-ой берилаётган моддий ёрдамдан ташқари) 56 миллион сўмдан ошади.

Инсоф билан мулоҳаза қилиб қаралса, ҳукуматимиз томонидан бир оила учун берилаётган бу маблағ ўз меҳнати билан оиласини боқаётган ота-оналар топаётган даромаддан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас!

Бир оилага шунчалик ёрдам бераётган давлатимизга минг раҳматлар дегинг келади…

Ҳар бир нарсанинг ўз салмоғи, ўлчови, қадр-қиммати ва чек-чегараси бўлиши керак. Инсон ўз номига лойиқ бўлиши, оиласи, фарзандлари учун жон куйдириши, туғилиб ўсган она юрти учун нафи тегиши лозим. Ўзини ҳурмат қилган одам ўзгани ҳам ҳурмат қилади. Ҳар бир инсон давлатимизга, ҳукуматимизга фақат ўз манфатини ўйлаб мурожаат қилавермасдан, балки унинг юкини енгил қилишга ўзининг ва фарзандларининг ҳам оз бўлса-да, фойдаси тегиши, лоақал боқиманда бўлмасдан, болалари билан ҳалол меҳнат қилиб, ўз аравасини ўзи тортишга ҳаракат қилиши керак эмасми?!

Боқимандалик, текинхўрлик шундай иллатки, у тузалмайдиган касалликка ўхшайди. Уни ҳаёт тарзига айлантирган одам тамагир ва ҳатто ўз манфаати йўлида ёлғондан ҳам, ҳаромдан ҳам ҳазар қилмайдиган бўлиб қолади. О.Ҳимматова ҳам шунчаликка бориб етдики, Қарши шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, жорий йилнинг 23 июль санасида онаси Ойтош Мингбоева­нинг Тошкент шаҳрида, ТошМИда вафот этганлигини, уни даволатиш учун дорихоналардан қарз бўлиб қолганлигини, майитни кўмишга маблағи йўқлигини айтиб, 2 миллион сўм миқдорида пул олиб кетди…

Унга майитни олиб келиш масаласида ёрдам бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғландик. Шунда яна бир разиллик ҳақида эшитдик: О.Ҳимматова “Қурбон ҳайити кунлари хайр-саховатлилар кўпаяди, тиланчилик қилиб, яхши пул топса бўлади” деб, онасини пойтахтга олиб кетади. Тошкентда кун бўйи тиланчилик қилиб, жазирамада ўтирган кекса онахоннинг бошидан иссиқ ўтиб, мазаси қочади. О.Ҳимматова онасини касалхонага ётқизади-ю, унинг аҳволи билан қизиқмасдан Қаршига кетиб қолади ва тирик онасини ўлдига чиқариб, ҳокимликдан пул ундиради. Унинг бу пасткашлигини қандай баҳолаш мумкин? Кекса волидаи муҳтарамасининг пойини тавоф қилиб, дуосини олиш ўрнига унга ваҳшийларча муносабатда бўладиган, оқ сут бериб улғайтирган волидасини пул топиш манбаига айлантирган бундай аёл фарзанд деган номга, умуман, инсонлик мақомига лойиқми?

Яна бир мулоҳаза: ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога эътибор берган бўлсангиз, О.Ҳимматова катта кўчада, одамларнинг кўз ўнгида волидаи муҳтарамасини калтаклаганини кўриб, бу ҳолатдан яна бир хулоса чиқариш мумкин: у кўчада-ки шу даражада жоҳилликка бордими, уйда бу онахоннинг аҳволи қандай кечишини ўйлаб, кишининг юрагига ваҳима оралайди. Шу боис биз онахонни “Саховат уйи­­”га жойлаштириш масаласида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдик.

Ўша, юртдошларимизнинг вужудига аламли титроқ солган, нафратини қўзғатган видеода бир ҳолат бор: онасини тарсакилаб, ҳақоратлар ёғдираётган Озоданинг ёнида 9-10 ёшли қизалоғи ҳам бор. Қизалоқ онасининг бувисини калтаклашига эъти­борсизлик билан, ажабланмасдан, қўрқмасдан, ҳайиқмасдан бепарволик билан қараб, ўзича ўйнаб турибди. Бу қизалоқнинг бундай ҳолатни кўравериб кўзи ўрганиб кетганидан, унга раҳм-шафқат туйғуси бегоналигидан дарак беради. Агар аксинча бўлганида эди, йиғлаб онасининг қўлига ёпишмасмиди?!

Бир нима дейишга тил, ёзишга қалам ожиз…

Тан олайлик, бугун айрим шаллақи аёллар томонидан расмий идораларга тиланчилик қилиб боравериш, ўртага ногирон яқинларини тиқиш, “шантаж”га зўр бериш иллати тобора газаклаб, йиринглаб бормоқда. Бу иллатнинг олдини вақтида олмасак, бўлмайди, азизлар. Ахир, маддалаган ярани ҳам кесиб, олиб ташлайдилар-ку…

Ораста ТОШЕВА,
Қарши шаҳар ҳокимининг 
хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси 

Манба: @Gazeta_Adolat

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони» рўйхати эълон қилинди

4411 12:30 19.10.2021

“Дунё тақдирини Иккинчи жаҳон урушининг бир ҳовуч ғолиби ҳал қилмаслиги керак” – Эрдоған

1660 11:38 19.10.2021

Японияда ўз жонига қасд қилаётган болалар сони ортмоқда

1243 16:27 14.10.2021

Дунёнинг 136 мамлакати «глобал солиқ»қа рози, бироқ...

1166 19:10 09.10.2021

«Пандора ҳужжатлари» дунё раҳбарларининг қаллобликларини фош қилади

1046 15:09 04.10.2021

Дунё аҳолиси шитоб билан кексайиб бормоқда

960 18:35 30.09.2021
« Орқага