Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Қаззофийнинг ўғли сиёсатга қайтмоқчи(ми?)

1210

2011 йилда ўлдирилган Ливия етакчиси Муаммар Қаззофийнинг ўғли Сайфулислом охирги олти йилда илк бор интервью берди. New York Times газетаси мухбири у билан Ливиянинг шимоли-ғарбидаги Зинтан шаҳрида учрашиб, сиёсатга қайтиш борасидаги режалари билан қизиқди.

У Ливия инқилоби пайтида тасодифан омон қолган. Ўн йил аввал у кетаётган машина ўққа тутилди ва исёнчилар Сайфулисломни қўлга олди. Ҳозирга келиб ўша исёнчиларнинг инқилобдан ҳафсаласи пир бўлган ва улар Сайфулисломнинг иттифоқдошларига айланган.  

«Тасаввур қиляпсизми, мени қўлга олганлар – ҳозир менинг дўстларим», – дейди Сайф Қаззофий.

Декабрь ойида Ливияда фуқаролар урушидан кейинги илк сайлов бўлади. Бундан аввал сайлов бир неча бор қолдирилган. 2018 йилда Сайфулислом сайловда “Ливия озодлик халқ фронти”дан номзод сифатида қатнашмоқчи эди, бироқ охирги интервьюсида номзодини қўйиш-қўймаслиги ҳақида аниқ гапирмади.   
Шунга қарамай, у отасининг даврини соғиниш чўққига чиққан ҳозирги пайтда мамлакатни бирлаштира олишига ишонади. У ҳам Ливиядаги кўпчилик қатори “араб баҳори” муваффақиятсиз бўлган деб ҳисоблайди. 

“Улар мамлакатни зўрлашди – мамлакат тиз чўкиб қолган. Пул йўқ, хавфсизлик йўқ, ҳаёт йўқ. Ёқилғи қуйиш шохобчасига борсангиз, дизел топа олмайсиз. Биз Италияга нефт ва газ экспорт қиламиз – мамлакатнинг ярмини ёритамиз, ватанимизда эса кўпинча электр бўлмайди. Бу шунчачи мағлубият эмас, муваффақиятсизликдир”, – дейди Сайфулислом. 

“Сайфнинг ғалабаси у сингари “араб баҳори”дан ғазабда бўлган араб автократларининг рамзий зафари бўлган бўларди. Уни Яқин Шарқ сиёсатида қатнашувчи, низонинг томонларини молиялаштирган ва ҳудудга ёлланма жангчиларни жўнатган Кремлда ҳам олқишлашган бўларди”, – дея ёзади New York Times. Қаззофийнинг ўғлини бугун ҳам Ливияда жиддий қабул қилишади – унинг тарафдорлари сўнгги фуқаролар урушидан кейин ҳукуматни шакллантириш бўйича музокараларда қатнашишди ҳамда Сайфулисломнинг президентликка номзод бўлишига халал берадиган барча қоидаларни айланиб ўтишнинг уддасидан чиқишди.  Афтидан, унинг ўзи ҳам уриниб кўриш ниятида. 

Ливияда манфаатлари бўлган Ғарб давлатлари ҳам уни қўллаб-қувватлаши мумкин. Бироқ Гаагадаги Халқаро жиноят суди уни инсониятга қарши жиноятлар бўйича судламоқчи, Ливия суди эса 2015 йилда Сайфулисломни отувга ҳукм қилган. Сайфулислом Қаззофийнинг ҳокимиятга қайтиши унинг отасини ағдариш кампаниясига бошчилик қилган АҚШнинг обрўсига яхшигина зарба бўлади. 

Уруш бошланишидан олдин Ғарбда Сайф Қаззофийни Ливияда либерал ислоҳотлар ўтказиш учун энг яхши номзод деб ҳисоблашар эди. У бир қанча Ғарб мамлакатларида, хусусан, Британияда яшаган, юртининг демократияга эҳтиёжи борлиги ҳақида гапирган.  Айни пайтда у отаси сингари ҳашаматни яхши кўрган: ўзи боқадиган оқ йўлбарсларни Европа бўйлаб олиб юрган. Бундай ҳаёт тарзига унинг либерал ғоялари ҳам қўшилгач, Муаммар Қаззофийнинг атрофидагилар унга “хаёлпараст Сайф” деган лақаб қўйишди. 

Ливияда исёнлар бошланиши билан Сайфулислом қатъиян отасининг томонида бўлди. 2011 йилдаги нутқида у инқилоб мамлакатни парокандаликка олиб боришини ва жуда кўп қон тўкилишига сабаб бўлишини айтган эди. Ҳозир эса баъзилар унинг қўли инқилобчилардан кўра камроқ қонга ботган деб ҳисобламоқда. 

“Юз берган нарсаларни фуқаролар уруши деб атайсизми ёки нотинч давр дебми, лекин у инқилоб эмасди, – дейди Сайфулислом Қаззофий. Унинг фикрича, инсёнчиларнинг мақсади Ливияда марказлашган ҳокимиятни йўқ қилиш эди. – Қабила тузумига асосланган мамлакат эса бундай ҳокимиятсиз пароканда бўлиши аниқ”.  

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Россиялик жангчилар Ливияда ҳарбий жиноятларга қўл урган бўлиши мумкин» – БМТ

407 07:40 05.10.2021

Ливия: Халифа Ҳафтар энди президент бўлмоқчи

651 20:15 23.09.2021

Ливияда умуммиллий ярашув эълон қилинди

685 12:05 07.09.2021

Муаммар Қаззофий қайтадан дафн этилади

2790 22:55 06.09.2021

Ливия: Қаззофийнинг ўғли озодликка чиқди

873 13:00 06.09.2021

Эрдоған: «Туркия «Толибон» билан Ливия каби шартнома тузмоқчи»

1642 17:00 30.08.2021
« Орқага