«Адлия вазирлиги Қирғизистон Республикаси Бош прокуратурасига Викрам Рузахуновга нисбатан республика Жиноят кодексининг «Қийноқлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиш, Жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги 2002 йилдаги Кишинёв конвенцияси қоидаларига мувофиқ Қозоғистоннинг тегишли ходимларига нисбатан зарурий тергов ҳаракатларини ўтказиш бўйича халқаро буюртма-сўров юборди», — дейилади вазирлик хабарида.
Qazaqstan давлат телеканали қирғизистонлик фуқаро тартибсизликларда қатнашиш учун Қозоғистонга 200 доллар эвазига учиб келганини тан олган видеони кўрсатган. Бироқ таниганлар тезда унинг жаз мусиқачиси Викрам Рузахунов эканлигини аниқлашди. Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси олдида норозилик намойишлари бошланди, бунга ҳатто Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам қўшилди.
Натижада Қирғизистон нашрлари бугун Рузахунов озод этилганини эълон қилди, Қозоғистон эса унинг иқрорлари акс этган видеони YouTube каналидан ўчириб ташлаган.