Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Азизбек Мадмаров кеча, 9 январь куни Қозоғистоннинг республикадаги элчиси Рапил Жошибаевга таниқли қирғиз жаз мусиқачиси Викрам Рузахуновнинг Олмаотада ҳибсга олингани муносабати билан нота топширди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Мадмаров Қирғизистон консулини Рузахунов билан учрашиш имкониятини таъминлашга ва қирғиз фуқаросини имкон қадар тезроқ қўйиб юборишга чақирди.
Жошибоев эса «ҳозирги мураккаб вазиятда Қозоғистоннинг ваколатли органлари содир бўлган барча ҳолатлар ва сабабларига аниқлик киритиш учун чуқур текширув ўтказади», деб ишонтирди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизмати департаменти Викрам Рузахуновнинг яқинлари билан боғланиб, вазирлик унинг қўйиб юборилиши учун барча чораларни кўришини маълум қилган.
9 январь куни Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳибсга олинганлардан бирининг сўроқ қилиниши акс этган видео тарқалган. Тасвирлардаги киши намойишларда пул эвазига қатнашганини тан олган. Кейинроқ юзида калтак излари бўлган бу одам қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов эканлиги маълум бўлди. Яқинларининг айтишича, у Олмаотага гастролга борган эди.