Бугун тонгда икки давлат чегарасида чегарачилар ўртасида отишма бўлди
Қирғизистон чегара хизматининг маълум қилишича, 14 сентябрь куни эрталаб Боткен туманининг Булоқбоши қишлоғидаги чегара участкасида тожикистонлик чегарачилар аввалги келишувларни бузган ҳолда жанговар позицияларни эгаллагани аниқланган.
Хабарга кўра, қирғиз томонининг ҳудудни тарк этиш ҳақидаги қонуний талабларига эътибор бермай, тожик чегарачилари ўт очган. Бунга жавобан қирғиз чегарачилари ҳам ўт очган. Чегара хизмати Тожикистон томони миномётлардан фойдаланганини даъво қилмоқда.
«2022 йил 14 сентябрь куни соат 09:30 (Тошкент вақти билан 08:30) ҳолатига кўра, отишмалар гоҳ бошланиб, гоҳ тўхтаб турибди», — дейилади чегара хизмати хабарида.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон томонидан қурбонлар йўқ. Томонлар телефон орқали мулоқот қилган ва юзма-юз учрашиш режалаштирилган.
P.S.: Қирғизистон ва Тожикистон чегараси вақти-вақти билан икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ва чегарачилари ўртасидаги низолар ҳудудига айланиб туради. Бунга сабаб делимитация қилинмаган ерлар бўлиб, у ерларда давлатлар ўртасидаги чегара қаердан ўтишини аниқлаб бўлмайди.