Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

“Қошиқчининг ўлдирилишида Саудия валиаҳд шаҳзодасининг қўли бор”

1564

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича АҚШда разведка ҳисоботи эълон қилинди. Унда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмоннинг шахсан ўзи журналистнинг ўлдирилишини маъқуллагани айтилган. 

Президент Жо Байден маъмурияти Қошиқчининг ўлдирилиши ва диссидентларнинг қатағон қилинишига алоқадор 76 нафар Саудия Арабистони фуқароларига қарши санкция жорий этди. Уларнинг исмлари ҳозирча ошкор қилинмади, бироқ “Рейтер” агентлиги хабарига кўра, санкцияга учраганлар орасида валиаҳд шаҳзода йўқ.  

Ҳисобот тўрт саҳифадан иборат бўлиб, унда асосий хулосалар келтирилган. Далиллар, жумладан, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ёзиб олинган аудиоқайдлар сир сақланган. Ушбу қайдларни АҚШга Туркия топширган. 

“Бизнинг баҳолашимизга кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон саудиялик журналист Жамол Қошиқчини Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олиш ёки ўлдириш операциясини маъқуллаган”, – дейилади разведка ҳисоботида. 

Шунингдек, Муҳаммад ибн Салмонни қотилликда айбдор деб ҳисоблаш учун асос бўладиган бошқа сабаблар ҳам келтирилган:
– операцияда шаҳзоданинг асосий маслаҳатчиси ва шаҳзоданинг қўриқлаш хизматидаги шахсан ундан буйруқ оладиган етти нафар жангчи қатнашган; 
– валиаҳд шаҳзода диссидентларга қарши зўравонлик чораларини қўллаб-қувватлайди ва Қошиқчини Саудия Арабистони учун таҳдид деб ҳисоблаган;
– валиаҳд шаҳзода 2017 йилдан Саудия Арабистони куч тузилмалари ва разведкасини тўлиқ назорат қиляпти, операциянинг унинг розилигисиз ўтказилган бўлиши эҳтимоли жуда кам. 

Ҳисоботда Қошиқчининг ўлимига алоқадор 21 кишининг исми келтирилган бўлиб, АҚШ разведкасининг фикрича, улар шаҳзоданинг буйруғига биноан ҳаракат қилган. “Бу шахслар операция Қошиқчининг ўлими билан тугашини олдидан билганми ёки йўқми, буни билмаймиз”, – дейилади ҳисоботда. 

АҚШ Давлат департаменти жума куни Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадор 76 нафар Саудия Арабистони фуқароларига қарши санкция жорий этилганини маълум қилди. Улар ва оила аъзоларининг АҚШга кириши бундан буён мумкин эмас. АҚШ президенти Жо Байден валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмонни “қора рўйхат”га киритмасликка қарор қилган. Чунки президентнинг маслаҳатчилари шаҳзодага нисбатан санкция қўлланиши АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқдоши бўлмиш Саудия Арабистони билан алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади деган хулосага келган. 

Журналист Жамол Қошиқчи 2018 йилнинг октябрида, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига янги ҳужжатларни олиш учун келган пайтда ўлдирилган эди. Саудия томони аввалига журналист консуллик биносидан чиқиб кетганини айтган бўлса-да, кейинроқ унинг консуллик ходимлари билан жанжалда ўлганини, охир-оқибат эса унинг ўлдирилганини билдирди. Журналист ўлдирилишидан олдин Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилиб келган.  

Туркия полицияси батафсил суриштирув ўтказди. Ўшандаёқ Муҳаммад ибн Салмон қотилликнинг буюртмачиси эканлиги айтилди. Бироқ Риёз валиаҳд шаҳзоданинг қотилликда қўли борлигини қатъиян рад этиб келади. 

2019 йилнинг декабрида Саудия Арабистони суди Қошиқчининг ўлдирилишида айбдор деб топилган беш кишига ўлим жазоси, уч кишига узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. 2020 йилнинг сентябрида уларнинг барини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида якуний қарор чиқарилди. 

Турк терговчилари Жамол Қошиқчининг ваҳшиёна ўлдирилганини аниқлади. Журналист ўлдирилиб, жасадини парчалаб ташлашган. Жасад қолдиқлари ҳали ҳам топилмаган. 

АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси 2018 йилдаёқ қотилликда валиаҳд шаҳзоданинг қўли борлигини айтган эди. Шундан кейин ОАВда шов-шув кўтарилди. Бироқ ўша пайтдаги президент Дональд Трамп вазиятни босди-босди қилди: журналистлар раведкачиларни нотўғри тушунганини, аслида Марказий разведка бошқармаси шунчаки тахмин билдирганини айтди.  

Разведка ҳисоботи чиндан ҳам анча олдин тайёр бўлган. Бироқ Трамп уни эълон қилишни мунтазам ортга суриб келган. Байден эса бундай йўл тутмади.  

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбулда Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича суд иши давом этмоқда

1866 18:04 08.07.2021

Саудия устидан Германия прокуратурасига шикоят тушди

1463 18:15 03.03.2021

Вашингтон Риёзни жазосиз қолдирмоқчи эмас

1295 10:30 01.03.2021

Қошиқчининг ўлдирилиши: Саудия Арабистони айбловларни рад этди

1517 11:00 27.02.2021

Саудия валиаҳд шаҳзодаси АҚШга сўроққа чақирилди

1909 11:36 11.08.2020
« Орқага