Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қозилар уч хил бўлади: иккитаси дўзахга тушади...

2566

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қозилик уч хил бўлади: Уларнинг икки хили дўзахда ва бир хили жаннатда бўлади. 

Билиб туриб ҳақсиз тарзда ҳукм этувчи қози дўзахда бўлади.

Билмай туриб, аммо инсонлар ҳуқуқини паймол этувчи ҳукм қилувчи қози ҳам дўзахдадир.

Ҳақ ҳукм этувчи қози эса  жаннатда бўлади».

Термизий ривояти.

Яна бир ҳадисда бундай келтирилган: «Қозилар уч тоифа бўлади, бир тоифа жаннатда ва икки тоифаси дўзахда бўлишади. 

Жаннатда бўладиган қози ҳақни билиб ўша асосида ҳукм этади.

Дўзахда бўладиган икки тоифа қозиларнинг бири ҳақни билиб туриб унинг зиддига ҳукм беради. Яна бири эса инсонларга билимсиз тарзда ҳукм беради».

Термизий ривояти.

Муновий айтади: Ушбу ҳадисда адолатни тарк этувчи қозиларга қўрқинчли огоҳлантириш бор.

Шайх Шерозий Ҳанафий айтади: Инсонларга жоҳилона ҳукм этади, жумласидан  ушбу қозида ҳукм этишга етарли илм бўлмайди ва у берган ҳукмида гуноҳкор бўлади. Бунда унинг тўғри ёки хато ҳукм этишини аҳамияти бўлмайди, чунки кимда илм бўлмаса қозилик қилмаслиги, шунингдек унинг ҳукм ва фатволари тўғри бўлмаслиги тушунилади.

Муновий  "Файзул қодир"да айтади: Ушбу илмсиз кимсанинг гуноҳи нима бўлади? – дея сўрашса, то илми етарли бўлмагунича қози бўлмаслиги, дея жавоб берилади”.

Заҳабий: “Ҳар бир илмсиз ва Аллоҳ ва Унинг Расулидан  далилсиз ҳукм этувчи кимса ушбу катта гуноҳ таҳдидига дохил бўлади”, деб айтган.

Демак, ким бўлишидан қатъи назар қози (судъя)лик насиб қилган бўлса ўта ҳушёр бўлиши лозим. Қозилар фақатгина уч тоифа бўла олади, тўртинчиси бўлмайди. Учдан иккиси дўзахи бўлади. Булар: ноҳақ ҳукм бераётганини билиб туриб ҳукм қилган кимса; кимдандир пул ёки бошқа моддиёт олиб, ҳукмни ушбу пора эвазига ноҳақ тарзда ҳукм қилувчини жойи ловуллаб турган дўзах; шунингдек, ўзи жоҳил бўла туриб, қозиликка лаёқати бўлмаса ҳам қози бўлиб олиб нафсига маъқул келган тарзда ҳукм берувчилар ҳам дўзах паттасини сотиб олишади. Бераётган ҳукмлари сабаб лаънатларга қолишади, борадиган жойлари жаҳаннам бўлади.

Исломда порахўрлик ҳаром

Қуръони каримда: 

«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», дея марҳамат қилинган.

(Бақара, 188).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ оятдаги: «молларингизни ботил йўл билан еманг» жумласини ҳаромнинг барча турлари қимор, алдамчилик, порахўрлик, ҳаром нарсаларни савдоси каби номақбул амалларни ўз ичига олади”, деб тафсир қилган. (Тафсири Қуртубий).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳукмда пора берувчи ва олувчини лаънатладилар». (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  пора берувчи, пора олувчи ва уларга воситачини лаънатладилар».

Илмли, лаёқатли ва адолатни ўзига шиор қилиб олган, Аллоҳдан қўрқадиган, охиратдан умиди бор қози эса жаннатга киради.

Қози дунёдаги одиллиги боис, мол-дунёни жамлай олмаса ҳам, қўша-қўша машиналари, данғиллама уйлари, жамлаган кўплаб бойликлари бўлмаса ҳам на лаънатга учрайди, на аламли дўзах оловига дучор бўлади. Аксинча дунёдаги одиллиги қиёматда нурли минбарлар ва жаннатнинг тугамас абадий неъматларига эгалик қилишга сабабчи бўлади.

Инсоният ҳаётининг роҳат-фароғатли бўлиши, ғам-ташвишли бўлмаслиги адолатли ҳукмга чамбарчас боғлиқдир. Қайси жамиятда қозилар адолатли ҳукм этадиган бўлса, ўша жойда ривожланиш, халқ фаровонлиги, юрт омонлиги, турмуш яхши бўлади.

Аксинча, қайси жойдаги қозилар ноҳақ ҳукмга одатланса, у ерда порахўрлик, зулм, ҳаром-ҳариш ривожланса, у ерда яшаш азобга айланиб, ҳаёт жуда аянчли ҳолатга юз тутади.

Европа давлатларидаги адолатли ҳукмлар боис ривожланиш ва яшаш тарзи нақадар яхши экани маълум.

Энди адолатли бўлиш фазилатлари ҳақида сўзлашамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатли ҳукмда умматга ўрнак бўлганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қурайшликларни  махзумиялик ўғрилик қилган аёлнинг шаъни ташвишга солди.

Улар: "У аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?",  - дейишди.

Сўнгра эса: "Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари бўлмиш Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?", дедилар. 

Усома у зот алайҳиссаломга бу ҳақида гапирди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аллоҳ белгилаган жазолардан бирида шафоатчилик қилмоқчимисан?!» – деб айтдилар.

Сўнгра туриб хутба қилиб: «Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари уларнинг ичидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган эди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман»,  деб айтдилар». (Муслим ривояти).

Мадинадаги биринчи қозилик қилган зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлган. У зот алайҳиссалом маҳкумнинг ҳасаб, насаб, бойлик, мансаб, мусулмон, кофир эканига қарамасдан одиллик ила ҳукм қилганлар.

Адолат йўлини тутаман, икки дунё саодатига эришаман деган инсонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк ўрнакдирлар. У зотнинг ўғирлик қилган агар менинг қизим бўлса ҳам жазосини албатта бераман, деб айтишлари уммат учун танбеҳдир.

Жиноятчи ўғил - қизи ёки бирон бир яқини бўлган ёхуд пора эвазига жиноятчиларни "минг" хил усул билан жазодан сақлаб қоладиган қозиларга эса ўта хавфли таҳдиддир.

Буюк фотиҳ Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳга унинг яқинларидан бири уни алдаган одамдан шикоят қилди. Салоҳиддин Айюбий: «Агар мусулмонларда Аллоҳнинг қонуни ва адолатга асосланган ҳолда ҳукм чиқарадиган қози бўлса, мен нима ҳам қилишим мумкин, мен шариатнинг оддий бир бандасиман. Эҳтимол, одил қози (суд) сиз тарафда бўлади, эҳтимол бўндай бўлмайди», деб айтган эди.

Қозилик ўта нозик ва масъулияти иш. Бу иш билан машғул бўлувчилар адолат билан иш олиб боришса икки дунё саодатига эришади.

Агар порахўрлик, таниш-билишчилик билан машғул бўлишса, бундай инсонларга  дўзах ваъда қилинган.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

197 21:43 05.07.2022

Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига қандай ташқи кучлар раҳна солмоқда?

715 21:30 05.07.2022

Ҳаж зиёратида юрган Баҳодир Жалолов қорақалпоқ халқига мурожаат йўллади  

444 21:15 05.07.2022

Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилди

483 21:07 05.07.2022

Ўзбекистон ТИВ Термиздаги ҳолат бўйича баёнот берди

1461 20:22 05.07.2022

Илихон

164 20:15 05.07.2022
« Орқага