Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Манғистау вилоятидаги намойишчиларни “масъулиятга ва мулоқотга тайёр бўлишга” чақирди.
“Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлади, унинг таркибига президент маъмурияти ходимлари кирган. Республика тезкор штаби доимий асосда иш олиб бормоқда. Комиссияга мамлакатимиздаги барқарорлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда юзага келган муаммонинг мақбул ечимини топиш вазифаси топширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат тартиби бузилмаслигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Намойишчилар масъулият ва мулоқотга тайёрлигини кўрсатиши керак”, – деб ёзди Тоқаев Твиттердаги саҳифасида.
Манғистау вилоятининг Жанаозен, Ақтау ва шаҳарлари аҳолиси 2 январдан бошлаб автомобиллар учун суюлтирилган газ нархи ошишига қарши норозилик билдирмоқда. Улар бир литр газ нархини 120 тенгедан 50 тенгега туширишни талаб қилмоқда.
Ҳукумат суюлтирилган газ нархини тартибга солиш бўйича комиссия тузиб, нарх аллақачон 120 тенгедан 85-90 тенгега туширилганини маълум қилди. Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги Манғистау вилоятидаги эҳтимолий нарх келишуви бўйича ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига нисбатан текширув бошлади.