Қозоғистонда 1 апрелдан бошлаб мамлакатга олиб кирилаётган товарларни кейинчалик реэкспорт қилиш учун онлайн кузатиш тизими жорий этилади. Шу тариқа расмийлар Россияга кириб борувчи параллель импорт оқимини чеклашга ва Ғарб санкцияларини бузмасликка ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Eurasianet ва Financial Times ихтисослашган портали хабар берган.
«Ҳукуматимиз Қозоғистон Россия билан савдога ҳеч қандай санкция ёки чекловлар қўймаслигини бир неча бор ва жуда аниқ таъкидлаган. Бироқ у Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга йўл қўймайди ва бундай айланиб ўтиш учун майдончага айланмайди», — деб маълумот берган порталга Қозоғистоннинг юқори мартабали амалдори.
Вазият Қозоғистоннинг Россия билан биргаликда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиб, унинг доирасида товарлар божхона назоратидан ўтмасдан олиб ўтилиши билан мураккаблашмоқда. Қозоғистон ҳукуматидаги FT манбасига кўра, мониторинг тизими «чегарадан чегарагача бўлган товарлар ҳаракатининг бутун занжирини реал вақт режимида кузатиш имконини беради». Расмийлар «доимий равишда қайта экспорт хавфини камайтириш устида ишламоқда», дея қўшимча қилган у.
Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга экспорт 25 фоизга ошган. Бу қисман товарлар нархининг ошиши билан боғлиқ бўлсада, Қозоғистон томонидан етказиб бериладиган маҳсулот тоифалари пайдо бўлди. Масалан, кир ювиш машиналари экспорти 2021 йилда деярли нолдан 2022 йилда деярли 100 000 донага кўтарилди. Қозоғистон ўтган йили Россияга атиги 12 минг долларга замонавий яримўтказгичларни етказиб берган бўлса, ўтган йили 3,7 миллион долларга етказиб берган.
Шу билан бирга, ЕТТБ (Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки) ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг май-июль ойларида Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядан Қозоғистонга экспорт ҳажми пандемиядан олдинги 2017-2019 йиллардаги ўртача қийматга нисбатан қарийб 30 фоизга ошган.
Сўнгги ҳафталарда эса Қозоғистон том маънода Россия компанияларидан ҳамкорлик таклифлари билан тўлиб кетди. Улар юкларни, шу жумладан санкцияга тушган самолёт қисмларидан тортиб Австралиядан келтириладиган ноёб металларгача етказиб беришни ташкил этишда ёрдам сўрамоқда, деб хабар берган Reuters етти манбага таяниб. Қозоғистонга бўлган қизиқишнинг ортиши санкцияга тушган товарларнинг Туркия орқали транзити билан боғлиқ муаммолар билан изоҳланади. Март ойи бошида у Россияга олиб кетилаётган товарлар учун божхона ҳужжатларини расмийлаштиришни тўхтатди; қарор санкциялар билан боғлиқ эди.