Уруш кутилмаган ҳодиса ва бурилишларга бой бўлади. Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳам катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Россия 2014 йилда босиб олган Қрим ярим оролида темирйўл портлатилди ва поездлар ҳаракати тўхтатилди. Оммавий ахборот воситаларида “бу партизанлик уруши”, дея жар солинди. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу борада экспертлар нима фикрда?
AzonTV орқали берилган “Фикрат” кўрсатувининг навбатдаги сонида сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров бу воқеага қуйидагича муносабат билдирди:
- Бу фикрга қўшиламан. Партизанлик уруши аллақачон бошланиб бўлган. Нафақат Қримда, балки Россиянинг ички ҳудудлари бўлмиш Белгород, Курск каби Украинага чегарадош ҳудудларида мана шундай хатти ҳаракатлар рўй беряпти. Бир кун докда турган ҳарбий кеманинг ёниб кетгани ҳақида хабар пайдо бўляпти, эртаси куни Украина дронлари томонидан Белгороддаги қишлоққа зарба берилгани айтилмоқда. Ёки Курскдаги темир йўл линияларида қўпорувчилик содир бўлгани, темирйўл станцияларида портлашлар содир бўлаётгани ёки “военкомат”ларга ўт қўйишга уринишлар ҳақида ҳам эшитяпмиз.
Менинг фикримча, Украина махсус хизматлари ва ҳарбийлари урушни имкон қадар Россия ҳудудига кўчиришга ҳаракат қилишяпти. Албатта Украина ўз ҳудудларини Россия қўлида қолишига унамайди. Қайтариб олмагунча курашаверади. Шу боис, партизанлик урушлари украинлар учун қонун доирасидаги фаолият ҳисобланади. Чунки агрессордан ҳимояланиш ҳар қандай давлатнинг ажралмас ҳуқуқи. Лекин партизанлар фаолияти урушнинг ўчмасдан “тутаб туриши”га ҳам олиб келиши мумкин. Жин кўзадан чиқиб кетган мана шундай шароитда уруш қачон тугайди, деган савол ҳам туғилади. Буни аввалроқ ўйлаш керак эди. Уруш бошланишидан аввал Путин Ғарб ва АҚШ раҳбарларига хат ёзди ва Россиянинг манфаатларига зид иш қилмасликни, хусусан НАТОнинг кенгаймаслиги, хусусан Собиқ СССР давлатлари ҳисобидан кенгаймаслигини талаб қилди. Афсуски бу талаб инобатга олинмади. Ғарб Россия билан музокаралар қилиш шарт эмас, деган хулосага келди. Бу Россиянинг Украинага бостириб киришига туртки бўлди, дея фикр билдирди сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров.