Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қўллаб-қувватлашнинг ҳимматни уйғотишга таъсири

1040

Ислом дини бошқаларни яхши ишларда қўллаб-қувватлашни фарзи кифоя даражасига кўтарган. Масалан, амри маъруф, наҳий мункар, илм талаб қилиш ва бошқарув масалалари каби. Буларни мусулмонлардан баъзилари бажарса, ҳаммадан соқит; ҳеч ким бажармаса, ҳамма бир хил гуноҳкор бўлади. Унга қодир одам бажармагани; қодир бўлмаган эса қодир бўлганни топиб, ўша ишга қўймагани ва уни қўллаб-қувватламагани учун гуноҳкор бўлади.

Мусулмонлар бу борада асрлар оша катта ишларни амалга оширганлар. Айниқса, илм талабида бўлган ёшлар учун жуда кўп маблағлар ажратилган. Истеъдодли талабалар кунлик эҳтиёжи учун пул дардига тушмасин, илмдан тўхтамасин деган мақсадда нафақа билан таъминланган. Фақат моддий жиҳатдан эмас, бошқа томонлама ҳам қўллаб-қувватланган.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтиришича, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёш Ибн Аббос розияллоҳу анҳумони ўзининг мажлисига ёши катталар билан киргизарди. Баъзилар: “Буни нега бу ерга киргизасиз, бизнинг ҳам шунга ўхшаган фарзандимиз бор”, дейишарди. Шунда Умар: “У сизлар билган Ибн Аббос”, деб қўярди. Бир куни шундай мажлисларнинг бирига яна уни киритди. Бундан мақсад Ибн Аббоснинг кимлигини мажлис аҳлига билдириб қўйиш эди. Умар ўтирганларга: “Аллоҳнинг: “Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса...” ояти тафсири ҳақида нима дейсизлар?” деб сўради. Улардан баъзилари: “Агар бизга нусрат ва фатҳ келса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга буюриляпмиз”, дейишди. Баъзилари сукут сақлашди. Умар Ибн Аббосдан: “Сен ҳам шундай дейсанми?” деб сўради. “Йўқ”, жавоб қилди бола. “Унда нима дейсан?” Ибн Аббос айтди: “Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ажали етганини билдириб қўйишдир. “Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида” (Наср сураси, 1-оят), яъни бу ажалнинг аломатидир. “дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср сураси, 3-оят)”. Умар: “Мен ҳам шу маънони биламан”, деди.

Бир кишининг қўллаб-қувватлаши ва рағбатлантириши балан гоҳида оддий оилалар фарзанди ҳам буюк олим бўлиши мумкин экан. Шайх Али Тантовий ҳикоя қилади: «Ўтган асрнинг бошларида оддий бир тикувчи муфтий ва устозлик мартабасига эришган. Бу қуйидагича бўлганди. Муҳаммад Исмоил тикувчилик билан шуғулланар, лекин илмни ва уламоларни яхши кўрарди. Бўш вақтларида катта жомега келиб, доимо биринчи сафда дарс тинглаб ўтирарди. Ҳатто шайх ҳам ҳар куни биринчи сафда, аввалгилардан бўлиб келишини кўриб, уни ёқтириб қолганди. Агар келмай қолса, дарров суриштирар, бу эса Муҳаммад Исмоилнинг илмга бўлган қизиқишини орттирарди. У китоблар сотиб олиб, кечалари билан мутолаа қилар ва тушунмаган ерларини пешқадам талабалардан сўраб турарди. Шу ҳолатда узоқ давом этди ва фиқҳ ҳамда усул илмларида олим бўлиб етишди. Тикувчиликни ҳам ташламади. Одамлар дўконига келиб, турли чигал масалаларнинг ечимини сўрашарди.

Баъзида улуғ олимлар ўйланиб қоладиган масалаларга ҳам жавоб бера бошлади. Ўша вақтда машҳур бўлган муфтий Оли Имодийнинг дарвозасида одамлар камая бошлади. Бу эса Имодийлар хонадонида Муҳаммад Исмоилга нисбатан гина-адоват пайдо қилди. Улар рақиб деб билган одамларига зарар етказиш учун пайт пойлай бошлашди, лекни имкон топишолмади. Шайх ўз иши билан овора, одамлар ундан фатво сўраб келаверарди. Ҳар куни ўзининг оқ эшагини миниб Имодийларнинг дарвозаси олдидан ўтар ва салом-алик қиларди. Шундай кунлардан бирида муфтийнинг укаси салом-аликдан сўнг: “Қаёққа кетяпсиз? Истанбулга бориб, бош муфтий бўлиб қайтиш мақсадида кетмаяпсизми мабодо?” деб масхаралаб кулди. Атрофдагилар ҳам унга қўшилишди. Шайх: “Аллоҳ хоҳласа!” дея йўлида давом этди. Тор кўчаларни айланиб, уйига борди. Оиласига нафақасини бериб, Истанбулга сафар қилди. Қустантинияга бориб, диний идорага яқинроқ жойга жойлашди.

Дарвоза олдида ўтириб, китоб ўқир ё бирор нарсаларни ёзарди. Одамлар кийимидан унинг араб эканлигини билиб, қаттиқ ҳурмат қилишарди. Турклар арабларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг уммати ва ўзларининг ҳидоятига сабабчи бўлгани учун қаттиқ эъзозлашарди.Шайх ҳам улар билан яхши алоқада бўлар, кўп суҳбатлашарди. Шундай суҳбатдошларидан бири: “Султон диний идорадан бир масалани сўрабди, улар бунга жавоб тополмай турибди экан, шояд сизга Аллоҳ ёрдам бериб топсангиз”, деб қолди. “Ҳаракат қиламан”, деди шайх. Сўнгра икковлашиб диний идорага боришди. Шайх Муҳаммад Исмоил идора котибидан ечими топилмай турган масалани сўради. Котиб сўровчига беписанд қаради, чунки улар тасаввур қилгандай қимматбаҳо кийинмаган эди. Масал ёзилган қоғозни узатиб, иши билан овора бўлди.

Шайх кўзойнагини тақиб, масалани хотиржам ўқиди ва жавобини ўн варақча қилиб чиройли ҳуснихат билан ёзди. Жавоб билан бирга манзилини ҳам бериб кетди. Котиб берган қоғозни ўқиган Шайхул Ислом хурсанд бўлиб кетди. “Буни ким ёзди?” деб сўради. Котиб: “Шомлик бир шайх”, деди. Шайхул Ислом уни топиб келишни буюрди. Котиб шайхни чақиртириб келди. Идорага кириш одобларини бир бошдан ўргатди. Бироқ котиб хонадан чиққунча ҳаммаси шайхнинг эсидан чиқди. Шайхул Исломнинг олдига кириб: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом берди ва унга яқинроқ жойга бориб ўтирди. Ҳозир бўлганлар ҳайрон қолишди. Шайхул Ислом эса бу исломий саломлашувдан хурсанд бўлди ва: “Бирор эҳтиёжингиз борми? Сўрайверинг”, деди.

Муҳаммад Исмоил айтди: “Шомнинг муфтийлиги ва масжид мударрислигига тайинласангиз”. “Иккаласи сизники, эртага келинг”, деган жавоб бўлди. Эртасига борганида фармон қоғози ва минг динор пул беришди. Шайх эшагини миниб, Дамашққа қайтди. Уйига кетаётиб Имодийлар дарвозаси олдидан ўтди.

Ҳар доимгидек у ерда муфтийнинг укасини учратди. “Қаердан келяпсиз?” деган масхараомуз саволга: “Истанбулдан. Ўзингиз айтганингиздек, муфтийлик фармонини олиб келяпман”, деди.

Сўнгра фармонни ҳокимга олиб борди. Ҳоким вазифани байрамона тусда шайхга топширди».

(давоми бор)

Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

970 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1050 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

695 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1371 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

722 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1474 15:30 07.06.2023
« Орқага