Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Қўқонлик блогернинг вафотига нима сабаб бўлгани айтилди

3394

Бир неча кун аввал оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани айтилган Қўқон шаҳрида яшовчи блогер Иқбол Комилжонов кеча, 15 сентябрь куни вафот этди.

Ижтимоий тармоқларда блогернинг вафоти ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Хусусан, у ўзининг танқидий чиқишлари сабаб захарлангани ҳақидаги хабарлар авж олди.

Маълум қилинишича, Иқбол Комилжонов қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, соғлиғида муаммолар кузатилгач, 2021 йилнинг 7 сентябрь куни даволаниш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаат қилган. Унга ҳамроҳлик қилган яқинларининг таъкидлашича, дастлаб беморнинг овқатдан заҳарлангани тахмин қилинган. Бироқ кейинчалик шифокорлар беморда заҳарланиш аломатлари кузатилмаганини айтган.

«Эртасига заҳарланишга ўхшаяпти, дейишди. Кейинги куни эса шифокор чиқиб, укам коронавирус бўлганини, сатурацияси 60 га тушиб кетганини айтди. Лекин ўша куни топширган таҳлилларида коронавирус аниқланмади. Шифохонага олиб келганимизда ҳам укамда на йўтал, на иситма, на оғриқ бор эди. COVID-19 ёки пневмониянинг бирорта белгиси йўқ эди. Шифокорлар беморда қандли диабет ва бошқа сурункали касалликлари борлиги учун аҳволи бирданига оғирлашиб қолганини айтишяпти. Иқболжон бир-икки ой илгари коронавирусга чалинганди. Лекин касаллик жуда енгил ўтганди. Шифохонада жой йўқлиги учун уйда даволанганди.
Бир ҳафта олдин Фарғонага келиб, мукофот олиб кетди. Икки кун аввал ҳам кайфияти, саломатлиги жуда яхши эди. Ҳайронман, соппа-соғ юрган одам нега бирданига оғирлашиб қолди?», — деган блогернинг опаси Шоира Комилжонова.

Шифокорлар эса бемор кўп йиллардан буён қандли диабет билан курашиб келган ва коронавирус инфекциясига чалингач, турли сурункали касалликлар авж олганини таъкидлаган. Айтилишича, у шифохонага ичаклардаги муаммо билан мурожаат қилган.
Шунингдек, Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Одил Умаровнинг маълум қилишича, блогернинг саломатлиги билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар мутлақо асоссиз. Беморда заҳарланиш аломатлари мавжуд бўлмаган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Маълумот учун: Иқбол Комилжонов Қўқон шаҳридаги муаммоларни ёритиб борувчи Facebook’даги «Қўқонжоним» гуруҳининг асосий муаллифларидан бири ҳисобланади. У коммунал соҳа, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимидаги муаммолар ёритилган кескин танқидий чиқишлари билан танилган эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қўқонликлар муҳтожларга уй қуришмоқда

807 17:50 01.10.2021

Президент Қўқон ва Марғилон шаҳарларининг келажаги ҳақида гапирди

958 14:45 28.09.2021

Алвидо, Ватан! Қўқон воқеалари

3766 22:07 20.09.2021

Алвидо, Ватан!

3166 09:15 18.09.2021

Ҳоким ўринбосари жиноят устида қўлга олинди

988 18:35 19.08.2021
« Орқага