Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қуръон ва Суннатда рибонинг тақиқланиши 

2246

Молиявий-иқтисодий, жумладан, бизнес фаолиятни шариат доирасида тартибга солиш мақсадида ўрнатилган асосий меъёр ва қоидалар ҳақидаги ушбу мақоламизни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Баъзи асосий чекловлардан ташқари, ноҳақ равишда манфаатга эришишни олдини олиш ва адолатсизликка йўл қўймаслик мақсадида ислом динида бир қанча чегара ва меъёрий тақиқлар ўрнатилган. Биз ушбу мақоламизда кўриб чиқмоқчи бўлган шундай тақиқлардан бири, кўпчиликка маълум бўлган, замонавий банк-молия соҳасида “фоиз”, истилоҳда “судхўрлик” деб аталувчи “рибо”нинг ман қилинишидир.

Мусулмонлар орасида рибонинг тақиқланиши борасида ҳеч қандай ихтилоф мавжуд эмас ва барча йўналиш ва мазҳаблар рибонинг оғир гуноҳ эканлигига иттифоқ қилганлар. Чунки Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръон ва Суннатда рибо очиқ-ойдин тақиқланган. Аммо рибонинг нима эканлиги ва унинг турлари тўғрисидаги саволлар ва баҳс-мунозаралар вақти-вақти билан жамиятда пайдо бўлиб туради.

Ҳатто тақволи мусулмонлар орасида ҳам рибо масаласида турли шубҳа ва нотўғри тушунчалар мавжуд. Баъзи эркин қарашларга эга бўлган мусулмонлар тижоратдаги фоиз рибо эмас десалар, бошқа тақводор мусулмонлар ҳар қандай олдиндан белгиланган фойда рибо бўлади ва ножоиз саналади дейдилар. Баъзи тадбиркорлар ислом банклари ҳам фойда кўрмасдан фаолият юрита олмаслигини тасаввур қилишолмайди ва улар тарафидан тақдим этиладиган молия маблағлари текин бўлади деб ўйлашади. Баъзи иқтисодчи ва сиёсатчилар ислом банклари насия савдо орқали кўрган фойда рибодан фарқи йўқ, демак ислом банклари фаолияти ҳам шариатга мос эмас дейишади.

Бу тушунчаларнинг аксарияти нотўғри бўлгани сабабли жамиятда турли тушунмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлади. Бизнинг фикримизча, рибонинг моҳияти ва турларини, ҳамда унинг жамият ва иқтисодиётга қандай зарар етказиши мумкинлигини яхши тушуниб олсак, мамлакатимизда ислом молия тизимини тадбиқ қилиш анча осонлашади.

Рибонинг Қуръон ва Суннатда тақиқланиши

Қуръони каримнинг бир нечта оятларида рибодан очиқ-ойдин қайтарилган. Макка даврида рибодан тийилиш маъносидаги бир нечта оят нозил бўлган бўлсада, унинг очиқ тақиқланиши Уҳуд жангидан олдинги давр – ҳижрий з йилга тўғри келади. Якуний ва такрорий огоҳлантириш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бир неча ҳафта олдин ҳижрий 10 йилда нозил бўлган дейилади. Қуйида рибога доир оятларнинг Қуръони каримда нозил бўлиш кетма-кетлиги келтирилган:

Рум сураси, 39-оят
Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин, деб рибо учун (яъни кўпайсин деб рибо сифатида) берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини (яъни розилигини) кўзлаб  берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир (яъни шундай закот берувчининг савоблари кўпайтириб берилади). (30:39);

Нисо сураси, 161-оят
Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни таёрлаб қўйдик. (4:161);

Оли Имрон сураси, 130-оят
Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз. (3:130);

Бақара сураси, 275-280 оятлар
– Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган (яъни “жин чалиб кетган”) кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. (275);

– Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратади ва садақаларни зиёда қилади. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас. (276);

– Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. (278);

– Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас. (279);– Агар ночор бўлса, бойигунча интизор бўлинг (яъни кутинг). Садақа қилмоғингиз, гар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир. (280).

Юқоридаги оятлар билан бир қаторда кўплаб ҳадисларда рибонинг нақадар катта гуноҳ эканлиги таъкидланади. Улардан фақат бир нечтасини рибога оид тушунчаларни ва асосий қоидаларни шарҳлаш учун ушбу мақолада келтирамиз.

1.  Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва “Улар (гуноҳда) баробардирлар”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти);

2.  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки бирор киши қарз берса ва қарздор унга таом таклиф қилса, уни қабул қилмасин; уловига минишни таклиф қилса, минмасин, илло олдинлари (яъни аввал ҳам) иккови ўзаро бу ишларни қилиб юришга одатланмаган бўлсалар”. (Имом Байҳақий ривояти);

3.  Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида саҳобалар энг кўп тўпланган арафа куни Арофат тоғида хутба қилиб қуйидагиларни таъкидладилар: “Жоҳилият даврига оид судхўрликнинг ҳар қандай кўриниши бекор қилингандир. Фақат қарзни қайтариб бериш лозим. Аллоҳнинг амри ила судхўрлик бундан буён ҳаромдир. Жоҳилиятдан қолган қабиҳ одатларнинг барча турлари оёқларим остида. Биринчи наҳий қилганим – Абдулмутталибнинг ўғли амаким Аббоснинг фоизидир!” Сўнгра амакилари номларидан берилган қарз устига ҳисобланган барча фоизлардан кечдилар;

4.  Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олтинга (тенг қийматдаги) олтин, кумушга (тенг қийматдаги) кумуш, буғдойга (тенг қийматдаги) буғдой, арпага (тенг қийматдаги) арпа, хурмога (тенг қийматдаги) хурмо, тузга (тенг қийматдаги) туз, ўхшашига ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир”;

5.  Билол розияллоҳу анҳу бир куни юқори сифатли хурмо олиб келдилар ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уни қаердан олганини сўрадилар. Билол (р.а.) икки соъ паст сифатли хурмони бир соъ юқори сифатли хурмога айирбошлаганларини айтдилар. Шунда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бу айни тақиқланган рибодир! Ундай қилмагин. Аввал бир турдагисини сотиб, пулига бошқасини сотиб ол” – дедилар;

6.  Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) бир одамни Хайбарга амир (ёки солиқ йиғувчи) этиб тайинладилар. У нуқул сархил хурмолар келтирарди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Хайбарнинг ҳамма хурмолари сархил эканми?” – дедилар. У: “Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули, биз икки соъ ёмон хурмо ўрнига бир соъ яхши хурмо ва уч соъ ёмон хурмо ўрнига икки соъ яхши хурмо оламиз”, – деди. Жаноб Расулуллоҳ эътироз билдириб: “Бундай қилма, ёмон хурмони дирҳамга сотиб, сўнг у дирҳамга яхши хурмо ҳарид қил!” – дедилар.

Ислом молияси саҳифасидан олинди. Мазкур саҳифага қуйидаги ҳавола орқали аъзо бўлиш мумкин.

Ислом молиясида жарима (пеня) борми?

Судхўрликнинг касофати

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Агар бу ерга бормасангиз, Туркияга келдим деманг!”

1904 18:10 23.11.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Супемаркет устидаги масжид...”

1688 17:59 20.11.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Фотиҳ туманида қанча масжид бор?”

4071 22:21 13.11.2021

Қуръонни нега сотиб олдингиз?

1104 21:05 09.11.2021

«Ал-Азҳар овози»да ўзбек олимининг мақоласи эълон қилинди

1554 08:05 08.11.2021

Бугун Бишкекда халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади

654 10:10 30.10.2021
« Орқага