Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қуръоннинг етти хил қироати... (давоми)

2761

(давоми)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг тоқат қила олмаслигини:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кекса аёллар, қари шайхлар, ёш болалар, кичик қизчалар ва ҳеч қачон ёзув ўқимаган одамлар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар.

Бундан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига Каломуллоҳни ўқишни осон қилиш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Масжидда эдим. Бир одам кириб, намоз ўқий бошлади. У бир қироат қилди. Унинг қироатини инкор қилдим. Кейин бошқаси кириб, ҳалигининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди.

Икковлари намозларини тугатиб бўлганларидан кейин ҳаммамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик ва мен:

«Манави бир қироат қилди. Мен унинг қироатини инкор қилдим. Кейин буниси кириб, унисининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди», дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларга амр қилдилар. Иккиси ҳам қироат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисини ҳам маъқулладилар. Кўнглимга шундай гумон тушдики, бунақаси жоҳилият пайтида ҳам бўлмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўраб олган нарсани билиб, кўксимга урдилар. Тер бўлиб оқиб кетдим. Қўрққанимдан худди Аллоҳ азза ва жаллага назар солиб тургандай бўлдим.

Шунда у зот менга:

«Эй Убай! Менга «Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деб (хабар) юборилди. Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим.

Менга иккинчи марта «Уни икки ҳарфда қироат қил», деб қайтарди. Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим.

Менга учинчи марта «Уни етти ҳарфда қироат қил. Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор», деб қайтарди.

Шунда мен:

«Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин! Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин!» дедим.

Учинчисини халойиқнинг барчаси, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам менга рағбат қиладиган кунга қолдирдим», дедилар».

Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Қуръони Каримни бир ҳарфда ва икки ҳарфда ўқиш ҳақидаги амр келганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осон қилишини сўраб, илтимосни қайтарганлар. Аллоҳ таоло аста-секин осонлаштириш билан бирга, у зотга мукофот ҳам тақдим қилган.

«Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор», деб айтган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига икки марта мағфират сўраб, дуо қилганлар ва учинчи имкониятдан фойдаланишни қиёмат кунига қолдирганлар. Ўша кунда ҳамма, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам у зотнинг дуоларидан умидвор бўлиб турган бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим», деганларидан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши умматга осонлик туғдириш учун экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Ушбу ва бошқа маълумотларни синчиклаб ўрганган мутахассис уламоларимиз «Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган етти тур хилма-хилликдир», деганлар. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Исмларнинг бирлик ва кўпликда, музаккар ва муаннасликда турлича талаффуз қилишга берилган ижозат.

Мисол учун, араб тилида «омонат» сўзи бир хил ёзувда турганда уни бирликда ҳам, кўпликда ҳам ўқиш мумкин.

2. Эъробда (сўзнинг жумладаги ўрнига кўра охиридаги ҳаракатларнинг ўзгариши) араб тили қоидаси доирасида турлича бўлишни кўтарадиган жойларда турлича талаффуз қилишга берилган рухсат.

Мисол учун, «маа» келишигидан кейин икки исм келса, иккинчисини насб – фатҳали ёки рафъ – заммали ўқиш мумкин.

3. Сарф қоидаларига биноан, турлича талаффуз қилиш мумкин бўлган сўзларни турлича талаффуз қилишга ижозат.

Мисол учун, араб тилида ёзилган «боид» сўзини «боид» деб ҳам, «боада» деб ҳам ўқиш мумкин.

4. Баъзи ҳарф ва сўзларнинг ўрнини алмаштириб ўқишга берилган изн.

5. Бир ҳарфнинг ўрнига бошқасини қўйиб ўқишга ижозат.

6. Бирор ҳарфни зиёда ёки ноқис қилиб ўқишга ижозат.

7. Ҳарфларни йўғон ва ингичка, чўзиб ёки чўзмай ўқиш бўйича араб лаҳжаларининг турли талаффузларига амал қилишга берилган рухсат. 

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Волгоградда Қуръонни ёққан жиноятчи Чеченистонга топширилди

3945 20:31 24.05.2023

Аёлимдан Қуръон ўқишни ўргансам бўладими?

2216 15:34 12.05.2023

Намозда Қуръон оятини хато ўқиб қўйса…

2907 09:01 27.04.2023

Рамазондан сўнг нима қиламан?

2263 16:05 23.04.2023

Москвада Мусҳаф ёқиб юборилди. Рамзан Қодиров айбдорни қидирмоқда

5299 08:50 16.04.2023

Бақара сурасининг илк оятларига яширинган сирлар

5411 16:55 05.04.2023
« Орқага