Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Рамазонга хос ҳадислар

3925

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: “Жаннатнинг бир эшиги бордирки, унинг номи Раййондир. Қиёмат куни “Рўзадорлар қани?” дейилади. Уларнинг охиргиси кириши биланоқ ушбу эшик ёпилади” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади”, деганлар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳи кечирилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарликда барака бордир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, дедим.  У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дедилар” (Имом Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўшанинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Умму Уммора Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:  “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобия ҳузурига киргандилар, у таом тортиқ қилди. У зот: “Ўзинг ҳам егин”, дегандилар, у: “Мен рўзадорман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган қайси одамнинг олдида  бошқалар овқатланса, то еб тугатгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадор ҳаққига дуода бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар”, дедилар” (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривояти).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрликда бўлурлар”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Рамазоннинг қазосини хоҳласа тарқоқ, хоҳласа кетма-кет қилади”, дедилар” (Дорақутний ривоят қилган. Ибн ал-Жавзий  саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлганлар борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар” (Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрга итоат қилса, унга “Жаннатнинг  қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири: “Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аржда, рўзадор ҳолларида, иссиқ ва чанқоқликдан бошларидан сув қуяётганларини кўрдим”, деди (Имом Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Рамазондаги охирги) ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Мунира Абубакирова тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қуёш билан бировнинг иши йўқ, ойни эса тинч қўйишмайди

1355 13:55 24.04.2023

Рамазондан сўнг нима қиламан?

2263 16:05 23.04.2023

Қозон шаҳрида «Рамазон гуллари» акцияси бўлиб ўтди

2274 13:35 23.04.2023

"Azon" жамоасидан Рамазон Ҳайити табриги 

1301 06:30 21.04.2023

Ҳайит намози қандай ўқилади?

8176 19:10 20.04.2023

Рамазон ҳайити одоблари

1513 08:50 20.04.2023
« Орқага