Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Рақсга тушишни ёқтирмайдиган одамлар мамлакати

2386

Марокаш, Марокаш Қироллиги (Ал-Мамлака ал-Мағрибия ёки Ал-Мағриб ал-Ақса, маъноси — узоқ ғарб) — Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Майдони 446,5 минг км². Аҳолиси 37,6 млн. киши (2021). Пойтахти—Работ шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 18 вилоятга бўлинади.
Марокаш — конституцияли монархия. Амалдаги конституцияси 1972 йилда қабул қилинган, унга 1992 ва 1996 йил референдумларда қабул қилинган ўзгартиришлар киритилган. Давлат бошлиғи — қирол (1999 йилдан Муҳаммад VI). У бош вазир ва вазирларни тайинлайди ҳамда лавозимидан бўшатади, Вазирлар Кенгашида раислик қилади, парламентни тарқатиб юбориши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни қирол ва икки палатали парламент (Вакиллар палатаси ва Маслаҳатчилар палатаси), ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.
Марокаш Африка Иттифоқига кирмаган қитъадаги ягона давлат.

Табиати
Марокаш ҳудудининг аксар қисмини тоғлар, баланд текисликлар ва плато (месета)лар эгаллайди. Жануби-ғарбдан шимоли-шарқ томон Атлас тоғлари чўзилган, унинг энг баланд нуқтаси — Тубқол тоғи (4165 м). Атлантика океани соҳили — йирик пасттекисликлар. Ўрта денгиз соҳилининг кўп қисми тоғлик, қулай бухталари бор. Жанубий ва жануби-шарқдаги Саҳрои Кабир чўли қумлоқ ва тошлоқдан иборат. Марокаш ҳудудида зилзилалар бўлиб туради. Кобальт, марганец, қўрғошин, рух, барит, мис, темир рудалари, тоштуз, кўмир конлари бор. Марокаш кўп қисмининг иқлими субтропик; июлнинг ўртача температураси 24°— 28°, январники 10°—12°, тоғлардаги иқлим — континентал. Ўртача йиллик ёғин тоғларда ва шимолида 1000 мм га яқин, жанубида 200 мм гача. Кўп дарёлари ёзда қуриб қолади. Асосийлари: Мулуя, Себу, Умм-ур-Робиа. Шимолидаги соҳил текисликлари ва тоғ орасидаги сойликлар ҳамда водийларнинг қумлоқ, гилли қорамтир тупроқлари ғоят умумдор. Ўрмонлар, асосан, тоғларда сақланиб қолган ва Марокаш ҳудудининг салкам 12% ни ташкил этади. 

Аҳолиси
Аҳолисининг асосий қисми — марокашлик араблар ва барбарлар. Французлар, испанлар, португаллар ва яҳудийлар ҳам яшайди. Расмий тил — араб ва барбар тили. Давлат дини — ислом. Шаҳар аҳолиси 45,5%. Йирик шаҳарлари: Касабланка, Работ, Марокаш, Фос, Микнас, Танжер ва бошқалар.

Тарихи
Ҳозирги Марокаш ҳудудида азалдан ливий қабилалари (қадимги барбарлар) яшаб, овчилик ва чорвачилик, қисман деҳқончилик билан шуғулланган. Милоддан аввалги 2-минг йиллик охирларида соҳилда финикияликларнинг бир қанча жамоалари пайдо бўлган; бу жамоалар кейинчалик Карфаген қўл остига, Карфаген емирилганидан кейин (милоддан аввалги 2-аср) Шимолий Марокаш Рим империяси қўл остига ўтди. Ана шу даврда йирик деҳқончилик пайдо бўлди, шаҳарлар вужудга келди. Бироқ Марокашнинг кўп кисмида уруғ-қабилачилик тузуми ҳукмрон эди. 5-асрда Марокашнинг шимолий кисмини вандаллар, 6-асрда Византия босиб олди.
702—711 йилларда Марокаш ҳудуди араб халифалигига қўшиб олинди. Мамлакатда араб тили ва ислом дини тарқала бошлади. 788 йил Марокашдаги биринчи давлат — Идрисийлар давлати ташкил топди. 9-асрнинг 20 йилларида Идрисийлар давлати бир неча майда бўлакларга бўлиниб кетди. 13-асрнинг 2-ярмида Марокашда ҳокимият барбарлар сулоласи — Маринийлар қўлига ўтди (1195—1465). Бу даврда қишлоқ хўжалиги анча тараққий этди, маданият юксалди; Фос шаҳри маданият маркази бўлиб қолди. Бироқ 15-асрда мамлакат яна бўлиниб кетди. Ана шу даврдан Марокаш ҳудудини европаликлар — Атлантика океани соҳилини португаллар, Ўрта денгиз соҳилини испанлар босиб ола бошлади.
17-аср охири ва 18-аср бошларида марокашликлар европаликларни ҳайдаб чиқаришди. 19-асрнинг 40-йилларидан Европа давлатларининг қўшинлари яна кириб кела бошлади — 1844 йил Франция, 1859 йил Испания Марокаш ҳудудининг бир қисмини босиб олди. Европа давлатларининг мамлакат ичкарисига кириб боришига йўл қўймаслик, парокандаликка барҳам бериш, шунингдек, тўхтовсиз қўзғолонларни бостириш учун Султон Ҳасан I (1873— 94) бир қанча ислоҳот ўтказди (жумладан, армия замонавийлаштирилди, ҳарбий заводлар, янги портлар қурилди). 1907 йил Франция қўшинлари Марокашнинг шимоли-шарқидаги Вужда шаҳри атрофларини, сўнгра Касабланка шаҳри ва Шауя вилоятини, Испания Мелиля шаҳри атрофларини босиб олди. Бунга жавобан мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтарилди. 1912 йил тузилган Франция-Марокаш (30 март) ва Франция-Испания (27 ноябрь) шартномаларига кўра, Марокаш ҳудудининг катта қисми (80%)да Франция, кичикроқ шимолий ва жанубий қисмларида Испания протекторати ўрнатилди; бир қисми (Танжер) халқаро зона бўлиб қолди.
Марокаш халқи босқинчи давлатларнинг ҳукмронлигига қарши умумий қўзғолон кўтарди. 1921 йил риф қабилалари Абдулкарим раҳбарлигида Риф вилоятида испанлар қўлидан ҳокимиятни тортиб олиб, мустақил Риф Республикасини туздилар. Аммо Испания-Франциянинг бирлашган кучлари билан бўлган шиддатли жанглардан кейин Риф Республикаси тормор қилинди (1926). Бироқ Франция зонасидаги қабилалар мустамлакачиларга қарши қаттиқ қаршилик кўрсатишни давом эттирдилар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида озодлик ҳаракати кучайиб кетди.
50-йилларнинг бошида эса норозилик ҳаракатига кенг халқ оммаси қўшилди. Франция протекторати ҳокимлари миллий озодлик ҳаракати қатнашчиларини қувғин остига олди. 1952 йил 8 декабрда Касабланкада оммавий намойиш қатнашчиларидан юзлаб кишилар ўлдирилди, мингларча киши қамоққа олинди. 1954 ва 1955 йилларда Марокашда яна иш ташлашлар ва намойишлар бўлиб ўтди. Дунёдаги бошқа илғор кучлар Марокаш халқининг миллий озодлик ҳаракатини қўллаб қувватладилар. Оқибатда Франция протекторати Марокашда миллий ҳукумат тузиш учун розилик беришга (1955 йил 7 декабрь) ва унинг миллий мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди (1957 йил 2 март). 1956 йил 7 апрелда Испания протекторати ҳам бекор қилинди, 1957 йил 1 январда Танжер Марокаш таркибига қўшилди. 1962 йил декабрда Марокашнинг биринчи конституцияси қабул этилди, 1963 йил майда парламент сайлови бўлиб ўтди. Халқ оммаси аҳволининг ёмонлашуви, ишсизлар сонининг кўпайиши оқибатида мамлакат ичкарисида аҳвол кескинлашиб кетди. Натижада ҳукумат аъзолари тез-тез алмашиниб турди.

Қирол Ҳасан II иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар зарурлигини англаб, 1973 йилда бир қанча иқтисодий тадбирлар ўтказилишини эълон қилди. Халқаро майдонда бетарафлик сиёсатини ўтказа бошлади. Конституцияга 1992 йилда киритилган ўзгартиришларга биноан, парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан назорати кучайтирилди, Марокашнинг инсон ҳуқуқларига содиқлиги мустаҳкамланди. Марокаш 1956 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1993 йил 11 октабрда ўрнатган. Миллий байрами — 30 июль — Тахт куни (1999).


Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари
859 йил Фосда Африкада биринчи мусулмон университети очилган. Мамлакатда мусулмон диний мактаблари бўлган. Французлар ҳукмронлиги даврида (1912 йилдан) давлат дунёвий мактабларининг 2 тури (европаликлар ва маҳаллий аҳоли учун) бор эди. 1956 йил мустақиллик эълон қилинган пайтда болаларнинг 17% мактабга қатнаган. Мустақилликка эришилгач, маорифни ривожлантириш, миллий мутахассислар тайёрлаш, саводсизликни тугатиш чоралари курила бошлади. 1963 йилда болаларни 6—7 ёшдан 13—14 ёшгача мажбурий ўқитиш ҳақида қонун қабул қилинди. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 5 йил, ўрта мактабда 7 йил Олий ўқув юртлари: Работда Муҳаммад V номидаги университет (1957), Фос шаҳрида Қарауин номидаги мусулмон университети (859), Муҳаммад бин Абдуллоҳ номидаги университет (1973), Касабланкада Ҳасан II номидаги университет (1975), 12 та институт ва коллеж, Касабланка ва Титвонда нафис санъат мактаби, Касабланкада тиббиёт мактаби. Илмий муассасалари: Работда Шариф илмий институти, агрономия тадқиқотлари миллий институти, Муҳаммад V номидаги университет ҳузурида илмий тадқиқот маркази, Марокаш география миллий қўмитаси, Миллий гигиена институти (Работда), Океанография институти (Касабланкада), бир қанча илмий жамиятлар. 1977 йил Қироллик академияси ташкил этилган. 

Қизиқ фактлар
Касабланкада дунёдаги энг баланд диний иншоот қурилган. Ҳасан II  масжиди минорасининг баландлиги 200 метрни ташкил этади, бу Ватикандаги Авлиё Пётр соборидан 40 метрга, Хеопс пирамидаларидан 30 метрга баландроқдир.
Уйларнинг ранги туфайли Марокашни “Қизил шаҳар” дейишади. У худди қуёшда қизиб, пишгандек таассурот қолдиради. Ёзда шаҳарда 35-40 даража иссиқ бўлади.
Марокаш дирҳами - долларга нисбатан дунёдаги энг барқарор валюталардан бири.
Марокашда сайёҳларни ҳисобга олмаганда вегетарианлар йўқ.
Марокашликлар рақсга тушишмайди. Кўпчилик олдида рақсга тушиш эса умуман қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир.
Марокаш қишлоқларидаги девор ранги ўша жойдаги тупроқ ранги билан бир хил.


 

Марокашдаги масжидлар

Ҳасан II жоме масжиди

Ҳасан II жоме масжиди Атлантика океани соҳилида жойлашган. Бу дунёдаги иккинчи энг катта масжид ҳисобланади. Миноранинг баландлиги 210 метрни ташкил этади. Масжид яқинда, 1993 йилда қурилган. Қурилишга сарфланган 800 миллион долларлик маблағ мусулмонларнинг хайр-эҳсонлари ҳисобига йиғилган. Масжид шунчалик улканки, бир вақтнинг ўзида унинг ичкарисида 25 минг, майдонда яна 80 минг нафар намозхон ибодат қилиши мумкин.
Ҳасан II жоме масжидининг ички қисми 78 та пушти гранит устундан иборат бўлиб, унинг поллари тилларанг мармар ва тўқ яшил ониксли плиталар билан қопланган. 

 

Қарауин масжиди

Ҳам масжид, ҳам дунёдаги энг кўҳна университет бўлган бу бинони Қайрувон шаҳридан келган одамлар қуришган. 

 

Мулай-Идрис масжиди



Феснинг диний диққатга сазовор жойлари орасида Буюк масжид ва Султон Мулай-Идрис II мақбараси алоҳида эътиборга лойиқдир. Уларда қимматли тарихий асарлар бўлиб, залларнинг безаги бир неча асрлар давомида бузилмасдан сақланиб қолган.

 

Али бин Юсуф масжиди
 

Али бин Юсуф масжиди минорасини Манареш шаҳрининг исталган жойидан кўриш мумкин. Шаҳарнинг барча маҳаллалари араб меъморчилигининг бу бебаҳо ёдгорлиги атрофида тизилган эди. Масжид дастлаб ХI асрда Алмоҳадлар томонидан қурилган, аммо бир аср ўтиб Алмурабитлар қўли билан бутунлай вайрон қилинган. Кейинчалик, улар ҳам уни қайта қурганлар.
Масжид авлиё Али бин Юсуф номи билан аталган. Мохов касаллигига дучор бўлганига қарамай, Али бин Юсуф солиҳ ва обид инсонлиги туфайли инсонларни ҳақ йўлга бошлаган.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ҳарбий қудрат бобида Марказий Осиёда етакчи

1719 10:51 01.11.2021

Гўшт кам ейиладиган, дарахтлари «юрадиган» давлат

4180 18:10 27.09.2021

Пулининг номи «озодлик» деб аталган давлат

2145 22:35 23.09.2021

Греция билан ном талашган давлат

2770 22:20 13.09.2021

Лемурлар мамлакати – Мадагаскар

1695 22:50 10.09.2021
« Орқага