Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) ва Катта йигирматаликка (G20) аъзо давлатларда ичкиликбозлик оқибатида келгуси ўттиз йилда тахминан 1,1 миллион киши ўлиши мумкин. Мазкур маълумот Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг сўнгги ҳисоботида келтирилган.
Тадқиқот ўтказилган 52 мамлакатда 2050 йилгача ичкиликбозлик туфайли умр кўриш давомийлиги 0,9 йилга камайиши кутилмоқда. Энг кўп алкогол истеъмол қилинадиган Германия ва Австрияда эса ушбу кўрсаткич 1,6 йил бўлиши мумкин.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ичкиликбозликка қарши сиёсий чораларни кучайтиришга чақирди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, алкогол истеъмолининг олдини олиш учун сарфланган ҳар бир евро 16 баравар кўпроқ иқтисодий фойда келтиради.
Ҳисоботда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларда аҳолининг ўртача 3,7 фоизи ичкиликбоз экани, баъзи мамлакатларда эса бу кўрсаткич 10 фоизга етиши қайд этилган