Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Роже Гароди: аввал коммунист, сўнг христиан ва охирида мусулмон бўлган француз олими

1434

1986 йилда машҳур уламо Аҳмад Дийдот Саудия Арабистонининг “Исломга хизмати” учун мукофотини Роджер Гароди билан бўлишади. Хўш, мусулмон оламидаги энг нуфузли мукофотлардан бирини машҳур Аҳмад Дийдот билан бирга қўлга киритган Гароди аслида ким эди?

Роже Гароди Францияда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги етакчи коммунист файласуфларидан бири сифатида танилган. У Ленин асарлари таржимаси гуруҳига раҳбарлик қилган.

Гародининг асарлари энг яхши француз ноширлари томонидан нашр қилинган. 1933 йил Франция коммунистик партиясига аъзо бўлган файласуф христиан динини қабул қилиши ортидан 1970 йилда партиядан ҳайдалади. Шундан кейин у Европанинг етакчи сиёсий экологларидан бирига айланади.

80-йилларда Гароди Исломни қабул қилади ва геосиёсатда сионизмга нисбатан фикрлари ўзгаради. Айнан шу фактор ўтган асрнинг энг илғор француз зиёлисининг номи сояда қолишига сабаб бўлади. Шундай бўлса-да, у ўзидан 70 дан ортиқ асарлар қолдирган.

Марксист-файласуф

Гароди ўз интеллектуал фаолиятини 40 йилларда марксист-файласуф сифатида бошлайди. У ўзининг «Қабристон адабиёти» асарида буржуазия фалсафасини танқид остига олади.

Қайд этиш лозимки, олимнинг Исломга қизиқиши айнан шу даврда бошланади. 1946 йилда у француз оккупацияси остидаги Жазоирда “Араб цивилизациясининг тарихий аҳамияти” асарини ёзади ва бу кўплаб мунозараларга сабаб бўлади.

Кейинги йилларда у марксистик фалсафага оид кўплаб асарларни ёзади: “Материалистик англаш назарияси”, “Гегель этюди — ўлим” асарлари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, санъат ва адабиёт тарихига оид бир қатор асарларни яратади, таржимонлик билан шуғулланади.

70-йилларга келиб Гароди коммунистлардан узоқлаша бошлади. Олим советларнинг Чехословакияга босқинидан нафратланади, шу тариқа у “инсонпарвар” марксизмни излай бошлайди. Файласуф буни христианликда топади, кейин эса марксизм ва христианликнинг боғлиқлигини кўрсатишга ҳаракат қилган бир қатор асарларни ёзади. Гародининг ушбу ҳаракатлари айрим Ғарб университетларида ҳамон тадқиқ этилади.

1979 йилда олим экологияга оид “Тирикларга мурожаат” асарини ёзади. Бу китобда тараққиёт, иқтисодий ўсиш, шунингдек, индивидуализм ва рационализм каби тушунчалар танқид қилинади.

1982 йилда эса Гароди Исломни қабул қилади. Бундан бир йил аввал унинг «Ислом ваъдалари» ва «Ислом – келажагимиз» китобларини ёзади. Ушбу асарлар Францияда ҳамон қайта-қайта нашр қилинади. Аммо олимнинг сионизмга қарши қатъий позицияси қимматга тушди. 1982 йилда у сионистларни нацистларга тенглаштиради. 90-йилларда унинг «Исроил сиёсатининг асосий афсоналари» китоби дунё юзини кўради. Унда олим Гитлер аслида яҳудийларни қириб ташлашга эмас, депортация қилишга топшириқ берганини, уларнинг ўлимига газ камералари эмас, балки турли касалликлар сабаб бўлгани каби ўта баҳсли фикрлар илгари сурилган. Шундан кейин у Францияда ирқий камситишларни тарғиб қилишда айбланади ва 1998 йилда суд томонидан айбдор деб топилади. Бир неча бор суд қарори устидан шикоят қилса-да, уни ўзгартиришга муваффақ бўлмайди. Олим Париж яқинида 98 ёшида, ёлғизликда вафот этади. У тарихнинг сионистик қарашларини инкор қилгани учун умрининг охирида яккаланиб қолади.

Иккиюзламачи сўз эркинлигининг яна бир мисоли – ғайриисломий либерал тушунчалардир.

Аммо биз мусулмонлар учун бир пайтлар етук француз коммунист файласуфи, кейин эса экология кашшофи бўлган инсон қандай қилиб исломни қабул қилгани ва ўз эътиқоди учун қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлганлиги эътиборлидир.

Унинг номи ва ҳаёти, албатта, мусулмон жамоатчилиги назарида янада муҳимроқ ўринга лойиқдир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қатар жаҳон чемпионати стадионларида спиртли ичимликлар ичишни тақиқлади

673 08:45 20.11.2022

Тошкент метросининг ер усти бекатларидан бири вақтинча ёпилади

494 18:32 17.11.2022

«Сиз ёшлигингизда кўрган одамлар бизнинг диндор ота-боболаримиз тарбия қилган авлод эди...»

3327 21:35 16.11.2022

Дунё аҳолиси 8 миллиард кишига етди

853 20:33 15.11.2022

Жанубий Корея: қурбонлар  орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор

1305 11:03 30.10.2022
« Орқага