Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Россия империяси ва Совет Иттифоқида ҳаж зиёрати

1679

Совет даври Россия давлати тарихида қатағонлардан бошланиб, масжидларнинг қулаши ва ҳовлига айлантирилиши, уламоларнинг Сибирга қувғин қилиниши ҳамда уларнинг ғойиб бўлиши, намоз ўқиш, Қуръон ўқишни тақиқлаш билан якунланади.

Орадан бир неча ўн йиллар ўтгач, мамлакатда динга муносабат тубдан ўзгарди. Масжидлар, мадрасалар, Ислом университетлари қурилиши жадал суръатларда ривожланди. Мусулмонларнинг намоз ўқишлари учун бугун автовокзаллар, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва йўл четларида алоҳида намозхоналар ташкил этилган. Аммо бунга қадар Ислом талаблари бўйича бажарилиши керак бўлган барча вазифаларни мусулмон киши яширинча бажариши керак эди...

Ҳаж Ислом динининг бешинчи устуни. Макка ва Мадина зиёратгоҳларини зиёрат қилиш — Ҳаж совет даврида деярли имконсиз эди. Шундай бўлса-да, иймони бутун, фарзни бажаришга қатъий бел боғлаганлар мафкуравий тўсиқлар ва тақиқларни четлаб ўтишга муваффақ бўлган.

Тарихий маълумотнома

XIX асрда Россияда яшаган бухороликларга паспорт олиш ва Маккага Ҳаж қилиш имконини берувчи биринчи фармон 1803 йил 23 мартда император Александр I томонидан имзоланган.

XIX асрнинг 70-йилларидан бошлаб мусулмонларнинг Ҳаж масаласи Россиянинг турли ташқи сиёсий идоралари: Ташқи ишлар вазирлиги, Константинополдаги элчихона ва 1891 йилда очилган Жиддадаги консуллик томонидан фаол муҳокама қилина бошланди. Бундан ташқари, муҳокамаларга мусулмонлар зич яшаган минтақаларнинг маъмурият раҳбарлари: Новороссийск, Туркистон, Бессарабия генерал-губернаторлари ва Кавказ ноиби жалб қилинган. Бунинг сабаби, 1818-1864 йиллардаги Кавказ уруши натижасида бу минтақанинг ва кейинчалик Туркистоннинг катта қисми қўшиб олиниши эди. Бу ерда яшаган мусулмонлар Россия ичкарисида (Волгабўйида) яшаган мусулмонлардан фарқ қилган. Юқори доиралар маҳаллий амалдорлардан мусулмонлар зиёрати билан боғлиқ вазият ҳақида ҳисобот беришни талаб қилишди ва шу маълумотлар асосида қарор қабул қилинди.

Россия ҳукумати мусулмонларга хоҳламай паспорт берди. Чунки "Ҳаж Туркияга хайр-эҳсонлар билан катта моддий фойда келтиради... ҳарбий эҳтиёжлар учун ишлатилади" деган қараш мавжуд бўлган. Шунингдек, "ҳаж пайтида турли хил эпидемик касалликлар, асосан вабо пайдо бўлади ва ривожланади” деган иддао бор эди.

Олиб борилаётган статистик маълумотлар ҳам империя маъмуриятини ташвишга солган эди. Масалан, 1898 йилда Маккага 1795 Россия фуқароси ташриф буюрганини аниқланади. Бироқ зиёратчилар Маккага паспортсиз ҳам кетишган.

ХIХ-ХХ асрлар охирида тахминан 5-10 минггача россиялик мусулмонлар Ҳажга боришган.

Кейин нима бўлди?

Мамлакат ҳокимият тепасига мутлақо бошқа одамлар келди. Энди минглаб “ҳожилар” ҳақида гапиришнинг иложи йўқ эди. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, барча амалларга тақиқ қўйилди. Бир сўз билан айтганда, динни имкон қадар йўқ қилишга ҳаракат қилишди. Бу нафақат Исломга, балки бошқа динларга ҳам тегишли. Ўша кезларда мусулмонларга ташқи томондан турли тўсиқлар бўлган бўлса-да, аммо қалбнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатига ҳеч ким тўсқинлик қилолмаган. Мусулмонлар қалбида иймон сақланиб қолди.

Кўпгина этник мусулмонлар шу қадар руслашганки, улар учун ўз илдизларини топиш ҳали ҳам қийин. Бироқ бу уларнинг миллий мансублиги ва шу билан бирга конфессиявий мансублигидан бехабар эканликларини умуман англатмайди.

Ҳажнинг ўзи жуда қийин: моддий, жисмоний, руҳий, маънавий харажатлар. "Юқоридан" тақиқ мавжуд бўлганда, қўшимча қийинчиликлар вужудга келади. Аммо бу ишни уддасидан чиққанлар учун Ҳаж зиёрати қаҳрамонликка айланди. Совет даврида Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини адо этиш учун ҳар йили 20 нафар атрофида одам бора олган, холос. Кўпгина тарихчиларнинг таъкидлашича, зиёратга оид бу давр жуда кам ўрганилган. Чунки кўплаб архив материаллари ҳанузгача махфийликда сақланади.

Совет даврида ҳажга борганлар ҳикояси

Жаброил:

– Бугун ёшим 70 дан ошди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бурчимни адо этишга қарор қилганимда, ёшим 40 га етмаганди. Ҳажни адо этиш учун бор зукколигимни ишга солишим керак эди. Чет элга, айниқса, Саудия Арабистонига саёҳат қилиш реал воқеликка тўғри келмас, жазо таҳдид қилиши тайин эди. Мен нима қилдим? Дам олиш учун — курортда даволаниш мақсадида чет элга боришга қарор қилдим. 

Бунинг учун касал одамларнинг тестларини сотиб олишим керак эди. Шунда шифокорлар менга даволаниш курсидан ўтишим кераклиги ҳақида тиббий хулоса беришади. Кейин шундай ҳужжатлардан фойдаланиб, Болгарияга чипта олдим. Бу ердан ўзим хоҳлаган жойга бориш учун ажойиб имкониятга эга бўлдим. 

Менинг йўлим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ватанлари томон эди. Болгария ва бошқа мамлакатлар орқали транзит йўли билан Саудия Арабистонига келдим. Шундай қилиб, мусулмонлик бурчимни адо этдим, алҳамдулиллоҳ.

Юсуф:

– Мен Ҳаж зиёратимни пиёда амалга оширдим. Маршрут, албатта, жуда қийин, йўл узоқ эди. Лекин ўзимни хавф остига қўйиб, Ҳаж зиёратини адо этишга қарор қилдим. Бу бизнинг фарзимиздир. Гуруҳда бундай узоқ сафарга бориш ҳам мумкин эмас, хавф жуда катта эди. Шу боис уйдан чиқаётган куни қариндошларимни ҳам огоҳлантирдим. Яқинларимга оғзига маҳкам бўлишини тайинладим. Ўзим билан жуда оз, фақат энг керакли нарсаларни олиб, Аллоҳга таваккал қилиб, йўлга чиқдим. Сафарим давомида мусулмонларнинг меҳмондўстлиги мени хурсанд қилди. Бошқа мамлакат вакиллари ҳам менга ёрдам беришди. Орадан уч ой ўтиб, Саудия Арабистонига етиб келдим... Шундай қилиб, Ҳажга бордим. Қайтиш йўли бир хил эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Унинг раҳмати ва иродаси билан пок ният бўлса, барча чегара ва тўсиқлар очилади.

Бугунги кунда Ҳаж

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин динга нисбатан барча тақиқлар бекор қилинди. Ўзингизни мусулмон сифатида очиқ кўрсатиш, намоз ўқиш, масжидни зиёрат қилиш ва албатта, Ҳаж амалини бажаришга рухсат берилди.

1990 йилда Россиядан 1500 зиёратчи Маккага борди. 1990 йилдан 1993 йилгача зиёратчилар сони бироз ошди. Аммо 2003 йилдан бери у ҳар йили деярли икки бараварга кўпайди. Масалан 2003 йилда 4 300, 2004 йилда 6 200, 2005 йилда 9 100, 2006 йилда 12 500, 2007 йилда 18 500, 2008 йилда 26 500 киши Ҳаж зиёратига борди. 2016 йилда бу кўрсаткич 16,5 мингдан ошди.

Бугун Ҳаж зиёратини адо этиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Барча имкониятлар яратилган. Шундай кунларга етдикки, бугун ҳеч кимдан уялмай, ҳеч кимдан яширмай, ўз бурчимизни адо эта оламиз!

Баҳринисо Мадумарова тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

594 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

72 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

262 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

613 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

343 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

190 20:45 06.07.2022
« Орқага