Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Россия Украинада калаванинг учини йўқотиб қўйди...

1511

Россия Украинада уруш бошлаганига тўққиз ойдан ўтди. Бу вақт оралиғида битта саволга ҳануз қониқарли жавоб топилгани йўқ: Россиянинг Украинадаги уруш стратегияси нима, ўзи русларнинг аниқ стратегияси борми? Гарчи Украина давлатида рус миллатига нисбатан шовинизмни йўқ қилиш иддаоси ила бошланган уруш империя учун том маънода қимматга тушди. Аввало украинлар Киевга қадар чекинди. Босқинчиларнинг кайфи чоғ эди. Бироқ кейинчалик бу мағлубият эмас, тактик қўлланма экани маълум бўлиб қолди. Ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишига қараганда, уруш асносида бир жойда туриб қолган аскарларда руҳий тушкунлик пайдо бўлар экан. Дарҳақиқат, шунақа бўлди. Руслар деярли олти ой “окопдан бош кўтара олмай” қолди. Камига маҳаллий аҳоли уларни (ўзлари ўйлаганидек) қучоқ очиб кутиб олмади, аксинча ўз нафратини яширмай сочди. Армия катта йўқотишларга учрар (айрим манбаларда олтмиш мингдан зиёд ҳарбий ҳалок бўлгани айтилади), нафақат руҳий-маънавий, балки моддий-техник етишмовчилик ҳам борлиги ошкор бўлиб қолмоқда эди. 

Россия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Украинадаги уруш ҳақида “уруш” сўзини қўллаш расман тақиқланди, “ҳарбий амалиёт” деган термин ўйлаб топилди. Лекин ойни этак билан ёпиб бўлмайди-ку? Камига куни кеча Россия президенти урушда фарзанди ҳалок бўлган оналар билан учрашуви ёлғон экани, олдиндан уюштирилган спектакл экани ошкор бўлиб, руслар бутун дунёда уятга қолди. Бу ҳолат мамлакат ичкарисида ҳам акс таъсир кўрсатгани аён. 

Руслар бошида Киевни қамал қилиш ва зудлик билан Москвага хайрихоҳ маъмуриятни тайинлашни режалаштирган эди. Бироқ бу режани амалга ошириш борасидаги жиддий камчиликлар ва хатолар панд бера бошлади. Рус армияси тактик баталён гуруҳи сифатида жанг қилмади; пиёда аскарсиз танклар, разведка гуруҳлари ва ҳимоясиз қуруқликдаги ҳаво-десант қўшинлари билан у анча тартибсиз ва тартибсиз кўриниш берди. Бундан ташқари, логистика линияси хавфсизлигини таъминлай олмаслик, таъминотнинг узилиши, қўмондонлик даражасида ахборот ва алоқанинг етишмаслиги, психологик тайёргарликнинг йўқлиги, ҳаво устунлигини таъминлай олмаслик каби турли омиллар юзага келди. Ҳатто Кремль “кечувда от алмаштиришга ҳам мажбур бўлди. Охир-оқибат, Киев вилоятидаги ва умуман бутун шимолий фронтдаги операциялар руслар учун жиддий муваффақиятсизлик ва катта йўқотишлар билан якунланди. Кейин урушнинг оғирлик маркази ўзгартирилди ва шарққа кўчирилди. Гарчи у буни тан олмаган бўлса-да, Россия ўз қўшинини олиб чиқиб, каттароқ мағлубиятга учрамаслик ва аниқроқ нишонларга эътибор қаратиш учун уни Харков ва Изюм атрофида қайта жойлаштирди. 

Энг ёмони руслар эгаллаб олган ҳудудларида референдум ташкил қилиб, ўша вилоятларни Россияга қўшиб олганини эълон қилишига қарамай, озгина вақтдан сўнг ўша ерни (Херсон) ташлаб, ортга чекинишга мажбур бўлиб қолгани бўлди. Бу ҳарбийлардан тортиб, сиёсатчиларгача руҳий зарба бергани муқаррар. Бу армиянинг чарчаганини тан олишдан бошқа нарса эмас. Камига руслар ташлаб чиқишга мажбур бўлаётган жойлардаги инфра тузилма объектларини вайрон қилиб кетаётгани бутун дунё аҳолисининг нафратига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари оддий одамлар яшайдиган ҳудудларга отилаётган ракета зарбалари ҳам юмшоқ қилиб айтганда “белдан пастга уриш” ҳисобланади.

Вақтинчалик сафарбарлик эълон қилиниши ортидан юз минглаб россияликларнинг чет элларга оммавий кетиб юбориши ҳам Кремль раҳбарлари юзига тутилган ойна бўлди, улар шу баҳона ўз халқининг урушга бўлган муносабатини яна ҳам ёққолроқ билиб олди. Тарғибот қанчалик кучли бўлмасин, “катталар” ҳақиқатни яширишни уддалай олишмади. Сафарбар этилганларнинг ҳарбий тайёргарликдан ўтиши айтилганди, бироқ бунга ҳам вақт етишмайди шекилли, кетганлар ортидан “қора хат”лар кела бошлади (албатта ижтимоий тармоқлар орқали). Охирги пайтларда меҳнат мигратларига ҳам урушга бориш завфи таҳдид сола бошлади.

23 ноябрь куни Страсбургда Европа Иттифоқи парламенти Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳарбий тажовузи туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Қарорни 494 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 58 нафари қарши, 44 нафари бетараф қолди. 

"Россия Федерацияси томонидан Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан қасддан қилинган ҳужумлар ва ваҳшийликлар, фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилиш ва инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бошқа жиддий бузилиши Украина аҳолисига қарши террорчилик ҳаракатларига тенглаштирилади ва уруш жиноятларини ташкил этади", дейилади Европарламент резолюциясида. 

Европарламент депутатлари Россияни терроризм ҳомийси ва терроризм воситаларидан фойдаланадиган давлат сифатида тан олиш орқали Владимир Путин ва Россия ҳукуматини халқаро трибунал олдида жавобгарликка тортишмоқчи.

 Бу ҳам етмаганидек, Россия иқтисодиётнинг асосий таянчи бўлган нефт ва газга қўйилган санкциялар ўз натижасини кўрсата бошлади. Европага сота олмаган “қора олтин”ини хитойларга арзон нархларда беришга мажбур бўлаётган русларни яна бир кўнгилсизлик кутиб турибди.

Хитойда кенгайиб бораётган норозилик иштирокчилари ҳатто сиёсий талабларни ўртага қўймоқда. Материк Хитойида сиёсий ва мафкуравий чақириқлар 1989 йилдан бери, Тяньаньмэнь майдонидаги воқеалардан кейин кузатилмаган эди. 

Нефть нархининг қулаши Катта Еттиликнинг босқинчи Россия нефти учун киритишни мўлжаллаётган 65-70 долларлик "потолок" нархларини ҳам қайтадан кўриб чиқишга ундаши мумкин. Чунки бугуннинг ўзида Россия нефти брент типидаги нефтга нисбатан 40 фоизгача дисконт билан, яъни 52 доллар атрофида сотилмоқда”, деб ёзмоқда иқтисодчи блогер bakiroo.

Яқинда рус армиясининг Харков вилоятидан, айниқса стратегик жиҳатдан жойлашган Изюм ва Лиман шаҳарларидан чекиниши Россия Қуролли Кучлари учун "шармандали ва мағлубият" сифатида баҳоланди ҳамда стратегиянинг етишмаслигини муҳокама қилиш учун бу ҳам муҳим асос бўлди. Кулгилиси ва ачинарлиси шундаки, руслар жуда тартибсиз чекинди, ҳарбий хизматчилар, қурол-яроғ ва жиҳозларни душманга қолдирган ҳолда ҳудудни тарк этишди.  

Бундан ташқари, Россия Қуролли Кучлари қўлидаги сўнгги йирик шаҳар Херсонни ташлаб чиқиши Кремлнинг стратегик бўлмаган уруш олиб бораётганига яна бир далил бўлди. Дарҳақиқат, Харковдан кетиш билан Херсондан кетиш сабаблари бир-биридан фарқ қилмайди: нотўғри стратегия ёки стратегиянинг тўлиқ йўқлиги. Бу сафар чекиниш мағлубиятсиз, уюшқоқлик билан, режали ва тартибли ўтказилди. Россия армияси Днепр орқасига чекинишни, дарёни табиий чегарага айлантиришни ва нисбатан осон мудофаа қилинадиган ерларга жойлаштирилишни режалаштирган, дециш мумкин. Россия чекинишга мажбур бўляпти ва бундан уялмаяпти.

Урушни бошқаришдаги камчиликлар, Киев, Харков ва Херсон мисоллари Россиянинг ҳарбий салоҳияти ва жанговар кучини сўроқ остига қўйди. Охирги уч ойдаги иккинчи чекиниш Москва ҳарбий объектлардан фойдаланиш санъатини билмайди, урушни бошқаришда жиддий камчиликлар ва хатоларга йўл қўйган деган фикрни қўллаб-қувватлади. Аслида, Россия стратегиясиз курашаётган ёки нотўғри стратегияга амал қилиб, охир-оқибат чекинишга мажбур бўлаётгандек.  

  Қолаверса, яқинда Россия Қуролли кучларининг Қрим атрофида мудофаа чизиғи мустаҳкамлангани кутилмаган воқеа бўлди. Мақсад лоақад стратегик оролчани бўлса ҳам сақлаб қолишми? Хуллас, руслар Украина ҳудудларида калавани учини йўқотиб қўйгандек тасаввур уйғонмоқда...

Ким билади, дейсиз. 

Абдулазиз Муборак, 

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

663 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

296 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

477 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

894 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

664 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1453 17:20 02.02.2023
« Орқага