Қозоғистон Россияга сармоя киритиш ва сармоя жалб қилишда давом этади.
Қозоғистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг (ЕИ) Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш воситаси бўлмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов Euractiv нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Расмийнинг айтишича, у ЕИга «европалик ҳамкорларга Қозоғистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш воситаси бўлмаслигини кўрсатиш» учун ташриф буюрган.
«Биз санкцияларга риоя қиламиз. Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар билан иқтисодий иттифоқнинг бир қисми бўлишимизга қарамай, халқаро ҳамжамиятнинг ҳам бир қисмимиз. Шу боис, биз Қозоғистонга АҚШ ва Европа Иттифоқининг иккиламчи санкциялари қўлланишини истамаймиз», — дея таъкидлади у.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон Россияга сармоя киритиш ва Россия учун сармоя жалб қилишда давом этади. Сабаби, мамлакатлар иқтисодиёти «бошқачасига ишламайди».
«Аммо биз санкцияланган товарларни назорат қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Биз санкцияларга учраган шахслар ёки ташкилотларнинг Қозоғистонга киритган ҳар қандай сармоясини назорат қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз ва буни европаликларга очиқ айтишни истаймиз. Бизда тизим борлигини ва бу тизим, афсуски, бу ерда узоқ вақт қолишини кўрсатмоқчимиз», — деди у.