Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Рустамжон домла хайрия ишларини тўхтатишга мажбур бўлди...

17718

Кўпчиликка маълумки, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Оққўрғон” масжиди имоми Рустамжон домла Ҳамидов ўзининг ибратли ишлари билан кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган.

У киши кўплаб етим ва боқувчисини йўқотган болаларга ҳомийлик маблағларини жалб қилган ҳолда, доимий равишда уларнинг нафақаларидан хабар олиб турар эдилар. Бугун эса Рустамжон домла Ҳамидовнинг шахсий фейсбук саҳифасига “Етиб келдик” сарлавҳаси остида видео жойланди.

Видеода айтилишича, баъзи кишилар YouTube, Instagram, Telegram каби ижтимоий тармоқларда “Рустамжон домла” номи остида каналлар очган ва бу каналлар орқали турли рекламалар бериб, хайрия баҳонасида пул ишлаш пайига тушган. Маълумотларга қараганда бундай "хайрия каналлар" сони 170 дан ошган.  Шу сабабдан Рустамжон домла ўзларининг хайрия фаолиятларини якунлаганликларини эълон қилдилар. “Одам шунчалик бўладимики, кишиларнинг муҳтожлигидан, беморларнинг касаллигидан фойдаланиб бойлик орттирса?! Мен мана шу каби хунук ҳолатларга сабабчи бўлиб қолишдан қўрқдим. Шунинг учун бугундан бошлаб биз кафиллик хизматини тўхтатмоқчимиз”, дея хабар бердилар Рустамжон домла. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Рустамжон домла” номи остидаги каналларга умуман алоқалари йўқлигини ва уларга ишонмаслик кераклигини таъкидладилар: “Агарда кимда ким бизни номимиздан бирор бир иш қилса, реклама қилса, пул йиғаётган бўлса, биз улардан асло рози эмасмиз”.

Чиқиш сўнгида Рустамжон домла “Шу вақтгача бизга ёрдам берган шогирдларимиз, ҳомийлик қилган биродарларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Зеро уларнинг мақсадлари Аллоҳнинг розилиги эди”, дея ўз сўзларини якунладилар.

Биз Рустамжон домла билан алоқага чиқдик. У киши шундай қилишга мажбур бўлганини, эндиликда нопок кимсалар устидан тегишли идораларга ариза киритишларини айтиб ўтдилар... Ушбу кўнгилсиз ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда чора кўрилади, деган умиддамиз. 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рустамжон домла хайрия ишларини тўхтатишга мажбур бўлди...(аудио)

2064 15:30 27.07.2021
« Орқага