Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Рўза ҳақида ўн ҳадис

1775

1.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади”. (Бухорий ва Муслим).

2.  Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Жаннатда саккизта эшик бор. Улардан бири “Раййон” деб номланган. Ундан фақатгина рўзадорлар киради”. (Бухорий ва Муслим).

3.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади.  Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида кечалари (намозда) қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки қадр кечасида иймон ва ихлос ила, савоб умидида қоим турса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади”. (Бухорий ва Муслим).

4.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда. Шубҳасизки, рўзадорнинг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбарнинг хушбўйидан ҳам яхшироқдир. Рўза қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутган бўлса, бировни ҳақоратламасин ва овозини кўтариб бақирмасин. Уни биров сўкса ё урушса, унга: “мен рўздорман”, десин”. (Бухорий ва Муслим).

5.  Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шаъбон ойининг охирги куни мавъиза қилиб:

— “Ҳой одамлар! Сизларга улуғ, баракали ой соя солиб турибди. У шундай ойки, унда минг ойдан кўра самаралироқ бир кеча бор. Аллоҳ у ойда кундузи рўза тутишни фарз, кечалари қоим туришни нафл қилди. Ким бу ойда бир яхши хислат билан Худога яқинлашса бошқа ойларда бир фарзни адо этгандек бўлади, кимки бу ойда бир фарзни адо этса, бошқа ойларда етмишта фарзни адо этган даражада кўп савобга эга бўлади. Бу сабр ойидир, сабрнинг ажри эса жаннатдир. Бу ўзаро ҳиссадорлик, шерикчилик қилинадиган ойдир. Унда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Ким бу ойда бир рўзадорга ифтор қилиб берса, гуноҳлари кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади ва ўша рўзадорга берилган ажр мислича ажрга эга ҳам бўлади”.—дедилар.

— Биз: Эй Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ифтор қилиб беришга қодир эмасизку?!—дедик .

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ва ёки бир қултум сув бериб ифтор қилдирганга ҳам ўша савобни бераверади. Агар кимки бир рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ уни менинг хавзимдан сув ичиради ва у то жаннатга киргунча қайта ташна бўлмайди. Бу шундай ойки, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳаннамда озодликдир. Кимки бу ойда қўл остидаги қулига енгиллик қилса, Аллоҳ уни кечиради ва дўзахдан халос қилади”—деб жавоб бердилар. (Байҳақий. Ибн Хузайма).

6.  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кирганда барча асирларни озод қилар ва ҳар бир соилга сўраганини берарди. (Байҳақий, Шуаб ул-иймон).

7.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Рамазоннинг охирги кечасида умматлари кечирилишини” айтдилар. Шунда Ул зотга кимдир: Эй Расулуллоҳ, ўша қадр кечасими?—деб савол қилди. Ул зот: “Йўқ, лекин ҳар бир амал эгаси ўз ишини тугатса тўлиқ ажрини олади”—дедилар. (Имом Аҳмад).

8.  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордир!”. (Бухорий, Муслим).

9.   Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзасини саҳарлик ажратиб туради”. (Муслим).

10.  Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Одамлар модомики ифторга шошилар экан, яхшиликда давомий бўлаверишади”. (Бухорий ва Муслим).

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайтонни сўкиб бўлмайдими?

1633 09:27 28.04.2023

Арбаъин — ҳадисларнинг назмий кўриниши

1934 20:50 28.12.2022

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг онгини забт этувчи касаллик

1128 19:00 21.11.2022

Яхшилик эшикларини очадиган калит бўл!

971 09:00 04.08.2022

Бир оят тафсири: Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг, бўлиниб кетманг!

1205 10:50 05.07.2022

Инсонларнинг энг яхшиси бўлишни истайсизми?

2491 17:45 08.06.2022
« Орқага