Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Сахий зотлар ўлмайдими?

444

Адабиёт ҳаётнинг шуурий тасвири дейилади. Яъни ҳаётнинг қайсидир жиҳатига алоқадор воқеани инсон туйғусига таъсирли ҳолда тасвирланиб,  шу жиҳатга нисбатан инсонда салбий ёки ижобий туйғу пайдо қилинади.  Қадимда тўқилган эртаклар ва афсоналар ҳам худди шу мақсадда тўқилган бўлса керак. Ҳар бир миллат ўзига хос бўлган фазилатларни тарғиб қилиб турли афсоналар ва эртаклар тўқиган. Масалан араблар қадимда саховатга тарғиб ва бахилликдан нафратлантиришга қаттиқ эътибор берган. Сахийлик инсонни энг яхши инсонга айлантирувчи сифат бўлса энг ёмон инсонга айлантирувчи хусусият бахилликдир, деган қарашга эга бўлган. Саховатга тарғиб қилиб жуда кўп шеърлар, насрий асарлар ва ривоятлар ёзилган ва ҳатто муболағада саховатпеша ўлмайди деган даражагача борилган. 

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” асарида ўзи бой бўлмасада, бадавлат кишилардан пул олиб одамлар ҳожатини чиқариб юрадиган киши ҳақида ривоят келтирилган. 

Унда, пулга муҳтож камбағаллар бойлардан кўмак сўраб боришга хижолат қилганидан шу одамга мурожат қилиши айтилади. Кунларнинг бирида бир киши келиб фарзанд кўргани ва айрим харажатлари учун бироз маблағга муҳтожлигини айтибди. Бойлардан мол йиғиб фақирларга тарқатадиган киши ҳожатмандни ўз ортидан эргаштириб таниган ҳамма бойларнинг олдига олиб борибди, лекин бирортаси ҳам ёрдам қўлини чўзмабди. Шунда муҳтожни эргаштириб ўзининг уйига олиб борибди. Йиғиб қўйган озгина маблағини олиб чиқиб ярмини унга берибди ва “шуни олиб ҳожатингга сарфла, лекин қарзга бераман. Топганингда қайтарасан, чунки мен ҳам сен каби фақир инсонман”, дебди. Уни уйига жўнатиб ўзи яқинда вафот этган, саховати билан танилган бир бойнинг қабрига борибди ва худди тирик одамга гапираётгандек баланд овоз билан ҳасрат қила бошлабди: “Мана сен кетиб бирор саховатпеша қолмади, бир ҳожатмандни  етаклаб ҳамма бойникига олиб бордим, бирортаси ёрдам бермади”, деб йиғлабди ва қаттиқ ғамга ботиб уйига қайтибди. Шу кеча унинг тушига ўша бой кириб: “Ҳамма айтганларингни эшитдим, фақат бизнинг имконимиз йўқлиги сабабли жавоб қайтармадим. Уйимга бориб фарзандларимга айт, ҳовлининг фалон ерига беш юз динор кўмиб қўйганман, шуни ковлаб сенга олиб берсин, ҳожатмандга бер”, дебди. 

Тонг отгач киши бориш-бормаслик ўртасида тараддудланиб бироз турдида сўнг боришга қасд қилди ва марҳумнинг фарзандларига минг хижолат билан кўрган тушини сўзлаб берди. Фарзандлар уни уйга олиб кириб ўтқизишди. Ўзлари бориб оталари айтган жойни ковлашди ва ҳақиқатда беш юз динор топиб олиб келишди. Келган кишига пулни беришганда киши “бу бор-йўғи бир туш,  бойлик сизларнинг меросингиз, тушга қараб ҳукм қилиб бўлмайди”, деди. Лекин болалар кўзларида ёш билан: “Отамиз ўлик ҳолида саховат қилади-ю биз тирик бўлатуриб қилмаймизми?” – дейишди. Пулни кишига бериб: отамиз буюрган ишни бажаринг, ҳожатманд ким бўлса, олиб бориб беринг ҳожатига ишлатсин”. 

Бу бўлган воқеами ёки тўқимами, билмайман. Лекин эътиборимни тортган нарса саховатга тарғиб қилиш учун шундай ривоятларнинг мавжудлигидир. Саховатпеша инсон ўз саховатини ўлгандан кейин ҳам тўхтатмайди, деган тушунчани пайдо қилиш қаерда-ю, “ўзингни бил ўзгани қўй” деган мақоллар қаерда?! 

Адабиёт ўз номи билан адаб ўргатувчи, яхшиликка чорловчи бўлсин. Ундан ҳар томонлама етук авлодни тарбиялашда фойдаланайлик.

Азим Раҳим

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

110 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

224 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

278 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

213 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

333 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

298 18:58 18.08.2022
« Орқага