Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Саховат Наманган” хайрия фонди атрофида ғалати ишлар бўляпти  

12810

     Хабарингиз бор, икки йил аввал Наманган вилоятида “Саховат Наманган” хайрия фонди иш бошлаган ва қисқа муддатда ишлар кўлами кенгайиб, юзлаб боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсата бошлаганди. Уйи йўқ оилаларга уй жойлар қуриб, уй-жойи ёмон ҳолатда бўлса, таъмирлаб бериларди.

Ҳатто ўтган йили фонд томонидан Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани Юксалиш маҳалласидан 0.70 га ер сотиб олиниб, 132 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурила бошланган, яқинда ўша уйларнинг 24 таси тўла битказилиб, ичида ҳам барча шароитларини муҳайё қилган ҳолда боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган 24 та оила вакилларига топширилганди. Қолаверса, турли оғир касаликларга чалинган юртдошларимизнинг даволанишига ҳам моддий кўмак бериб келинаётган эди.

Хайрия фонди ҳомийлар кўмагида ҳар ойда мингдан (!) ортиқ оилаларга ёрдам кўрсатади. Жуда кўплаб оилаларнинг моддий аҳволини яхшилаш учун уй-жой қуриб бериш, уйларни таъмирлаш, рўзғор буюмлари ва тикув машиналари олиб бериш каби ишлар ҳам олиб борилади.

Бироқ... Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Саховат Наманган” жамоат хайрия фонди ҳақида турли салбий маълумотлар тарқала бошлади. Фонднинг бир неча кўнгиллилари шаънига оғир иддаолар қилинди. Бу гаплар орқасидан фонд ўз ишини вақтинча тўхтатганини расман эълон қилди. Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув олиб боряпмиз. Мақсадимиз, имкон қадар воқеаларга ойдинлик киритиш. Ана шу мақсадда айрим тегишли органларга, фуқароларга, жумладан, фонд раҳбари М. Ражаббоевга ҳам мурожаат қилдик.

Аввало, бўлаётган ишлар ҳақида...

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мазкур фонд фаолияти ҳақида бир қатор салбий (негатив) видеолар тарқатила бошланди. Мазкур видеолавҳаларнинг буюртма асосида, зўрма-зўраки, ишонарсиз далиллар ва бўҳтонлар асосида тайёрлангани ва айрим телеграм каналларида махсус тарқатилаётгани жамоатчилик орасида турли-туман фикрларнинг ёйилишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ана шундай лавҳалардан бирида ёши тахминан етмишларга яқинлашиб қолган ва ўзини Тоҳир Бойдедаев деб таништирган шахс видеомурожаат йўллаб, «Саховат Наманган» хайрия фонди фаолларидан бири бўлган М. М. “ўз аёлини никоҳлаб олганини” иддао қилади. Бу видеомурожаат кузатувчилари кўп бўлган бир қанча телеграм каналларида ва бошқа ижтимоий тармоқларда тарқатилди.  

Бунинг ортидан бир аёл видеомурожаат орқали билдиришича, гўё “Саховат Наманган” хайрия фонди аъзоларидан бири, Зоҳиджон Мирзахўжаев ёрдам бераман деб алдаб, унинг ишончига кириб, марҳум эридан қолган машинани ва уйни сотиб юборганини иддао қилиб чиқди.  

Яна бир видеода эса, “Саховат Наманган” фонди кўнгилларидан икки нафарининг телефонидан тақиқланган диний материал чиққани ва уларнинг устидан жиноят иши очилгани айтилади. Ҳеч қандай суд ҳукмисиз ўша йигитнинг “иқрорнома”си ҳам берилади.  

Тўртинчи видеода эса вилоятдаги айрим тадбиркорлар ва кадр ортидаги “мухбир” саховатни, эҳсонни яширин қилиш фойдали эканлиги борасида “амри маъруф”, ие узр, тарғибот олиб боришади. Майли, бу масалага, яъни эҳсонни ошкор қилиш жоизми ёки ножоиз эканлигига баҳо бериш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ваколати доирасидаги иш. Шунинг учун бунга тўхталиб ўтирмаймиз.

Мазкур видеодаги муҳим жойи шундаки, унда интервью берган тадбиркорлар томонидан (нимагадир уларнинг исми ва юзи хиралаштирилган) “ҳар куни, ҳар ҳафта кам таъминланганларга эҳсон" тарқатишини, лекин буни “ҳар хил хайрия фондларига бериб” қўймасликлари, кейинги пайтларда “хайрия фондлари ҳақида турли гап сўзлар тарқалаётгани” урғуланади. Бир неча йил телевидениеда ишлаган мутахассис сифатида айтишимиз мумкинки, тадбиркорлардан нафақат бунақа ҳассос мавзуларда, балки оддий масалалар ҳақида ҳам интервью олиш азоб деярли имконсиз. Демак... бу ишга уларга “гапи ўтадиганлар” аралашганини англаш қийин эмас.

Саховат Наманган” хайрия жамоат фонди кузатув кенгаши раҳбари Маъруфхон Ражаббоев узоқ йиллар Наманган шаҳридаги масжидлардан бирида имом бўлиб ишлаган. Ўзининг илму маърифати, одоби, элу юрт дарди билан юриши, энг асосийси, омонатдорлиги билан халқ ичида катта обрў қозонган. Биз гаплашган маҳаллий аҳолининг фикрларига кўра, мазкур хайрия фондининг жудаям ривожланиб кетиши қайсидир маънода М. Ражаббоев номи ва унинг атрофидаги ҳурматга сазовор жамоа билан боғлиқ.

Биз М. Ражаббоевга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик:

Мухбир: Маъруфхон қори ака, аввало фонд нима ишлар қилаётгани ҳақида гапириб берсангиз.

М. Ражаббоев: Жамоамиз ҳар ойда мингдан ортиқ оилаларга моддий ёрдам бериб келади. Шуларнинг тахминан 650 тасига ҳар ой мунтазам рўзғорлик тарқатилади. Ҳар куни ўнлаб оилалар мурожаат қилади, уларнинг шароитини ўрганиб, лойиқ бўлса, уларга ҳам ёрдам берамиз. Бундан ташқари турли байрамларда ҳам йўқлаймиз, қишки, баҳор-кузги ва ёзги мавсумларда, яна мактаб бошланиши олдидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига кийим-кечак ва ўқув қуроллари олиб берамиз.

Кўп мурожаат уй жойдан бўлади. Аввалига ҳомийларни жалб қилиш орқали якка тартибда уй қуриб ёки таъмирлаб бериб юрдик. Мурожаатлар кўпайиб боравергач, ўтган йили 132 хонадонли кўп қаватли уй қуришга киришдик. Уй қарийб битиб қолди. Ҳатто яқинда 24 та оилага барча ашёлари билан жиҳозланган уйларни топширдик. Қолаверса, деярли ҳар ой бошқа ердан, масалан, кимдир ортиқча ҳовлисини, чала битган иморатини, қуруқ ерини эҳсон қилади, ўша ерга ёки ночор оилаларнинг ўзига тегишли ер участкаларига уй қуриб беряпмиз.

Оғир касалликка учраган, аммо маблағ томонидан қийналган юртдошларимизнинг даволанишлари учун молиявий ва ташкилий томондан камарбаста бўлиб келмоқдамиз.

Мухбир: Охирги пайтларда фонд аъзолари ҳақида бир қатор видеолар кетма кетлиги эълон қилинди. Бунга нима дейсиз?

М. Ражаббоев: Биринчи ҳолат бўйича, яъни Тоҳир Бойдадаевнинг туҳматлари бўйича Наманган шаҳар прокуратурасига расман ариза бердик. Ўйлайманки, бу кимсанинг бўҳтонларига ва уларни тарқатган каналларга тегишли тартибда чора кўрилади. Қолаверса, ўша кимса хотиним деб иддао қилиб чиққан Қ. М. исмли аёл бизнинг фондимизга боғланиб, Т. Бойдадаевнинг барча гаплари ёлғон эканини, ўзига туҳмат қилганини, ҳатто моддий имкони бўлса, тегишли органларга шикоят қилишини билдирди. Т. Бойдадаев туҳмат қилган йигит жудаям одобли, тарбияли бола. У аёлни умрида кўрмаган.

 Иккинчи видеога келадиган бўлсак, у аёл айтган Мирзахўжаев Зоҳиджон деган йигитни биз умуман танимаймиз. Суриштириб билсак, ўтган йили фирибгарлик жиноятни содир этганликда гумонланиб, у йигитга нисбатан қидирув эълон қилинган экан. Агар у аёлнинг гаплари рост бўлган тақдирда ҳам бизнинг фондга алоқаси йўқ, у билан тегишли давлат органлари шуғулланиши керак, менимча, шуғулланишаётган бўлса ҳам керак.

   Учинчи видеога келсак, телефонидан тақиқланган материаллар чиққани айтилган йигитлардан бири минглаб ҳамюртларимиз қатори 132 хонадонли уй қурилишига хашарга келган, холос. Иккинчиси эса бизда кўнгиллик бўлиб ишлайди, лекин расман ишламайди. Ишлаган тақдирда ҳам булар қилган “жиноят иши”нинг “Саховат Наманган” хайрия жамоат фонди фаолияти билан мутлақо алоқаси йўқ. Буни фонд номи билан боғлаб, ваҳимали мусиқалар билан тарқатишдан кимларга қандай манфаат бор, рости билмайман.

Мухбир: Маъруфхон қори ака, фондда жами қанча одам ишлайди ва қанчаси маош олиб?

М. Ражаббоев: Фондимизда ҳисобчи, омборчи, қоровул каби доимий штатда туриб ойлик оладиган ўнга яқин ходим бор, холос. Бошқа ходимларнинг барчаси кўнгилли сифатида, савоб умидида чин кўнгилдан беғараз ёрдам беришади. Айниқса, фондимизнинг кузатув кенгаши аъзолари тадбиркор, ўзига тўқ йигитлар. Улар нафақат амалий, балки молиявий жиҳатдан ҳам ёрдам бериб келишади. Аллоҳга шукр, халқимиз олдида ҳам, Яратганнинг олдида ҳам юзимиз ёруғ, омонатга хиёнат қилган жойимиз йўқ.

Мухбир: Тўртинчи видеода зимдан хайрия фондлари ишини қоралаш ва эҳсонни яшириб қилиш тарғиботи ортида расм ва видеоларга олиш ёмонланади. Умуман, расм ва видеога олиш керакми?

М. Ражаббоев: Агар эҳсонни яширин қилаётган бўлсалар, бу ҳақда интервью беришларида мантиқ борми?! Бу биринчидан. Иккинчидан, агар биз ўзимизнинг маблағимизни берсак, қандай беришимизни ўзимиз биламиз. Аммо масаланинг нозик жойи шу ердаки, биз минглаб, балки ўн минглаб саховатпешаларнинг эҳсонини тарқатамиз. Уларнинг исботи сифатида айримларини видеога ёки расмга олиб қўямиз. Ҳисобот учун. Шундаям мингта оиладан беш ё ўнтасини, албатта ўзларининг розиликлари билан қиламиз бу ишни. Буни ўзича талқин этиб, хайрия фондларига лой чаплаш ортиқча менимча...

Мухбир: Куни кеча фонднинг иши вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида расман эълон бердиларинг? Бунинг юқоридаги видео тарғиботларга қанчалик алоқаси бор?

М. Ражаббоев: Асли бевосита алоқаси йўқ, чунки биз ишимизни бир-икки туҳматчиларнинг иғволари ортидан тўхтатиб қўяверсак, минглаб ночор оилаларга зарар берилади, ўн минглаб синиқ кўнгилларни синдириб қўйишимиз мумкин. Бу қилаётган ишимиз Ислом дини арконларига ҳам, президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатларига ҳам тўғри келади. Қўрқадиган, хавотир оладиган жойимиз йўқ. Мурожаатларни махсус телефон рақами орқали қабул қиламиз ва ўрганиб чиқиб, кейин ёрдам берамиз. Бу ишларим ҳаммаси компьютер хотирасига муҳрлаб борилади.

Фаолиятимизни вақтинчалик тўхтатиб туришимизга келсак, фонд кузатув кенгаши аъзоларидан бири устидан жиноят иши очилган. Унинг сабабидан беш-олти нафар кўнгиллиларимиз уйида тинтув олиб борилди. Куни кеча эса офисимиздаги компьютер текширув учун олиб кетилди. Фонднинг печатини ҳам. Бундан ташқари шаҳардаги эҳсон қутиларини йиғиштириб туришимиз айтилди. Шунинг учун ишимизни вақтинчалик тўхтатиб туришга қарор қилдик.

Ҳақдор оилаларга (биз ёрдамга муҳтож оилаларни шундай атаймиз) муборак Рамазон ойи олдидан бир ойлик рўзғорликларини тарқатиб чиққанмиз. Энди ҳайит байрамига тайёргарлик кўряпмиз. Компьютерларимиз ва муҳримиз қайтарилса, яна фаолиятимизни бошлаймиз.

****

  Таҳририятимиз юқоридаги ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирининг матбуот хизмати раҳбари Ш. Ғиёсовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Унинг билдиришича, “фонд ходимига нисбатан очилган “иш” тергов жараёнида бўлгани учун” очиқланмайди, “марҳум эридан қолган нексия 2 русумли машинаси ва уйини сотиб юборилгани” бўйича ИИБга ариза келиб тушгани аниқлаштирилмоқда.

    Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳокимликлар томонидан хайрия ишлари қилинаётгани тарғиб этилаётган Наманган вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев билан боғлана олмадик. Жумладан, кеча Ф. Мамадалиевнинг фейсбукдаги саҳифасида “Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги томонидан энг эҳтиёжманд оилалардан 150 тасининг рўйхати шакллантирилиб, сектор раҳбарлари иштирокида “Саховат карвони” билан хонадонларга  зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган”и видеолавҳа билан эълон қилинган. Чақириқ рукни остида эса “Муҳтожларга ёрдам бериш, кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларга ғамхўрлик қилиш  яхшиликларнинг аълоси” экани айтилиб, бир меҳнат фахрийсининг “маҳаллалардаги тадбиркорлар ночор оилаларга эҳсон қилаётгани, халқимиз юртбошимиз ва ҳокимларнинг юксак эътиборидан хурсанд”лиги ҳақидаги видеоси берилади.

(Ўрни келганда бир гап. Наманганда Муҳаммад Икром деган “хайриячи тадбиркор” бор. Яқинда у фейсбук саҳифасида “ҳар жума текинга ишлайдиган ва аравакашлик билан” ўз аравасини тортиб юрган йигит ҳақида. Айтилишича, ўша йигит озгина беморлик сабаб қийналиб қолибди. Ўзи яшайдиган Наманган шаҳридаги маҳаллалардан бирига мурожаат қилса, “пахта солинган ун ва озгина сасиган товуқ гўшти” беришибди. Бу ҳолатни изоҳсиз қолдирайлик. Чунки бу ҳолатдан хулоса чиқарадиган одамга “ёрдам” шарт эмас).

        Қисқаси, хайрия тарғиботчиси бўлган матбуот котибидан ҳомийликка шунчалик эътибор қаратадиган ҳокимлик ҳар ой минглаб оилаларнинг оғирини енгил қилаётган хайрия фонди фаолияти билан нега бирор марта қизиқмагани, ҳатто таклифнома берилса ҳам, уй топшириш маросимига келмагани ҳақидаги саволларимизга, афсуски, жавоб ололмадик.

   Фонд ҳақида видеомурожаат қилган кишилар ва ўша видеоларни тарқатган телеграм каналлари админларининг телефон рақамларини излаб топдик. Лекин улар билан боғланишга бўлган уринишларимиз бекор кетди. Агар ўша кишилар ўз иддаоларига далиллари бўлса ёки юқоридаги гаплар юзасидан мулоҳазалари бўлса, таҳририятимиз “эшиги очиқ”, биз улар билан ҳам мулоқот қилишга тайёрмиз. (Уларнинг қанчалик “холис” эканлигига тарқатилаётган видеолар остидаги ёзувларни ўқиб ҳам баҳо бериш мумкин. Бу оғир айбловлар юзасидан фонд ходимлари тегишли органларга ариза билан мурожаат қилган)

    P.S.: мақола тайёрланиши арафасида Намангандан хабар келиб қолди. Бугун бир неча аёллар фонд офисига “рўзғорлик сўраб” келишган, уларга “фонд вақтинча ишламаётгани, ишласа, мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилиши” тушунтирилади. Шу пайт у аёллар “Бу “саховат” фондини ёпиш керак!” деб жанжал кўтара бошлашади(!). Ҳолат юзасидан ИИБ профилактика инспекторига шикоят қилингач, ИИБ ходими етиб келиб, уларни тарқатиб юборади.
    Бизнингча, бу ҳуқуқбузарликка тегишли органлар қонуний чора кўриши муқаррар, ушбу ҳолат қандай якунланишини ҳам имкон қадар кузатиб борамиз, аммо... “Тўпалончи аёллар” ишидан ғалати “ҳид” келаётгандай туюлмаяптими Сизга ҳам?..

   Минглаб оилаларга ёрдам бераётган фондни ёмонотлиқ қилиш ёки “ёпиш” кимга, кимларга керак?!

      Бу масалага яна қайтамиз...

Azon.uz таҳририяти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

241 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

705 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

630 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

531 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

253 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

224 16:30 01.12.2022
« Орқага