Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Саида Мирзиёева: «Ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман»

6566

Аввал ҳам сайтимиз орқали юртимиздаги айрим хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган ахлоқсиз саҳналар, уларнинг жамиятимизга таъсири ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилган эдик.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам шу кунларда «Севимли» телеканалида намойиш этилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсизлик акс этган саҳналарга муносабат билдириб, бу каби ҳолатларни қаттиқ танқид остига олди. Жумладан, унинг телеграмдаги расмий каналида қуйидаги фикрлар эълон қилинди:

«Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд. 

Лекин бир томошабин сифатида “Севимли” каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган "Сабрия" миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман. 

Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман. 

Сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва  жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона “тўғри” йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар "доно" маслаҳат!

Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган.

Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан биридир. Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир сўз учун масъулдир.  

Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос.

Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўйига жиддий путур етказаётган бундай саёз «ижод намуналари» яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин ахир?

Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек тааллуқли!»

Шунингдек, мазкур муносабат бўйича филолог ва блогер Шаҳноза Соатова ҳам ўз фикрларини билдириб, ўзбек сериалларини «тубанликлар мамлакати» дея таърифлади.

«Мен сериал кўрмайман, айниқса ўзбек сериалларини. Баъзан онам ёки қариндошларникига борганимда кўзим тушиб қолади-ю, асабийлашиб кетаман у ердаги сохталиклардан, ҳаётдан узоқ саҳналардан. Исталган ҳаётий фабулани абсурд, сохта ва ҳаддан ортиқ бўрттирилган телеконтент даражасига кўтара олиш қобилиятимиз бор. Турк сериаллари маънавиятимизга зид дейишганди, уларда дид ва санъат бор эди ҳар ҳолда. Энди ўзимизникилар ёвузликни, ахлоқсизликни ва паст қадриятларни  савиясиз ва сурбетларча тарғиб қилишяпти. Ўзбек сериаллари – тубанликлар мамлакати бўлиб кетди».

Шаҳноза Соатова мазкур постида Саида Мирзиёевага мурожаат қилиб, телеканалларда эфирга узатилаётган материалларни гендер экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйиш кераклигини яна бир бор таклиф қилган.

«Ҳурматли Саида Шавкатовна! ТВ эфирларининг (улар хусусий бўладими ёки давлатникими, фарқи йўқ) контентларини гендер экспертизадан ўтказиш ғояси қачонлардан бери айтиб келинади, аммо амалга ошмаяпти. Мана шу амалиётни йўлга қўйиш керак. Ёки гендер-мониторинг қилиб, эфирга кетаётган бўлса, таъсир чоралари қўллаш керак. Кейин фақат тақиқ билан натижага эришиб бўлмайди, яхши, савияли сериал қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш керак. Балки давлат буюртмаси асосида, балки меценатлар ёрдамида савияли сериаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозим – планкани кўтариш, юқори стандартларни кўрсатиш учун. Шу ташаббусни натижагача олиб бориш масаласига Сиз эътибор қаратсангиз, албатта амалга ошади. Масалани бир ўрганиб кўринг», – дейди блогер.

Дарҳақиқат, телеканалларимизда намойиш этилаётган аксарият сериалларни оила даврасида кўрган киши минг хижолатда қолиши аниқ. Телеканал томошабинлари унда намойиш этилаётган кўрсатув ва сериаллардан жирканадиган эмас, ўрнак оладиган бўлиши керак. Шу сабабдан гарчи цензурадек туюлса ҳам, аммо эфирга узатилаётган ҳар бир материални қатъий назорат остига олиб, аҳлоқ нуқтаи назаридан томошабинларга намойиш этишга лойиқлиги ўрганилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ана шунда бу каби ҳолатларнинг оқибати билан эмас, сабаблари билан курашган бўламиз. Зеро, касални даволагандан, унинг олдини олган афзалроқдир.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

118 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

313 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

177 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

594 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

128 09:40 20.05.2022

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистондан электр учун қарзи ошиб бормоқда

334 08:56 20.05.2022
« Орқага