Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Салла учун дорга тортилган олим (1-қисм)

2343

Европада саноат инқилобининг вужудга келиши, усмонийлар салтанатининг XVIII аср ўрталаридан бошлаб саноат ва технологик соҳалардаги инқирози, Ғарбнинг ҳарбий жиҳатдан устунлиги ҳамда бир қанча ҳудудлардаги босқинчилик ҳаракатлари, шу билан бирга, усмонийлар салтанатининг XIX асрдаги ҳарбий муваффақиятсизликлари (Жазоир, Тунис, Миср ва Болқондан Кавказ ва Шимолий Африкагача бўлган улкан ерларни йўқотиши) – буларнинг барчаси усмонийлар давлатининг ижтимоий, маданий ва иқтисодий жабҳалардаги чуқур силкинишига олиб келди. Баъзи султонлар саноат, ҳарбий ва маъмурий янгиланиш жараёнлари билан ҳамқадам бўлишга ҳаракат қилдилар. 1839 йил Султон Абдулмажид I ҳукмронлигида ташкилотлар даври бошланган. Ушбу ташкилотлар аслида Европанинг саноат, ҳарбий соҳадаги ютуқларига қилинган реакция ва Мисрнинг исёнкор волийси Муҳаммад Али Пошо ва унинг ўғли Иброҳим олдидаги кетма-кет мағлубиятлар учун жавоб эди. Муҳаммад Али Пошо ва унинг ўғли Иброҳим Сурия ва Фаластин устидан бошқарувга эришган, ҳатто қўшинлари Онадўлининг маркази – Кўнягача етиб келган эди. 

Бу вазиятда, Бернард Луис ўзининг “Янги Туркиянинг пайдо бўлиши” деб номланган асарида айтганидек: “Туркия XIX-XX асрда ё ўзини ўзи янгилаш, ёки йўқ бўлишга маҳкум эди”. 

Туркияда янгиланиш жараёни амалда давом этди, аммо бу жараён усмонийлар салтанати ичидаги жиддий воқеаларга, хусусан, 1875 йилда Султон Абдул Азизнинг ўлдирилиши ва жияни Султон Абдулҳамид II нинг ҳокимиятга кўтарилиши каби воқеаларга тўғри келиб қолди. Султон Абдулҳамид II парламент демократик тизимини жорий қилди. Ўша пайтда Европа жамиятларини ажратиб турадиган асосий хусусият мана шу эди. Миср 1866 йилда Ходив Исмоил парламенти билан ҳудди шундай йўл тутган эди. Аммо иккала тажриба ҳам узоқ давом этмади. 

Султон Абдулҳамид II шартли ёки парламент бошқаруви олти аср илгари пайдо бўлган усмонийлар давлатига мос келмаслигини ва ана шу олти аср мобайнида султонлик ва халифалик давлатлари ёки Европа амалдаги эски монархия услубида давлатни бошқарилганини англаб етди. У усмонийлар салтанатидаги мазҳаблар, миллатлар, ирқлар ва динлар турлича ҳамда катта географик ҳудуддаги ҳар-хил бўлган шарт-шароитлар, албатта, давлатнинг парчаланишига олиб келади, деб ҳисоблаган. Бу муаммонинг энг яхши ечими – салтанат асрлар давомида қарор топган “миллатлар” тизимига қайтиш деб биларди. Яъни ҳар бир тоифа ҳукмларда ўзининг фикрий ва диний асосларига қайтиши ҳамда сиёсий-ҳарбий масалалар эса империя маркази ва бош вазирларда қолиши керак деб ҳисобларди. 

Юқоридаги барча сабабларни эътиборга олган ҳолда Султон Абдулҳамид II парламентни тарқатиб юборди. Ҳақиқат шундаки, Султон Абдулҳамид II отаси Абдулмажид ва унинг акаси Мурод V дан ўзгача фикрлар эди. Туркиялик тарихчи Йилмаз Ўзтуна айтганидек: “Султон Абдулҳамид қадимий, шарқий, исломий усмоний турк анъаналарига риоя қилган ҳолда яшар эди. У фақат Ғарбнинг технологияси ва илмларини олиб келиш, Ғарб ҳаёт тарзига тақлид қилмасдан маданиятини ўрганиш керак, деб ҳисобларди”.

Аммо мана шу ўзгарувчан янгиланиш даврида яшаётган турк, курд, болгар, албан ва бошка ёшлар ғарбнинг ҳуррият ва либерализм ғояларидан таъсирланган эдилан. Улар тараққиёт ва фаровонликни ғарбнинг ҳуррият ва либерализм ғояларига боғлиқ деб билишарди. Айнан мана шу ёшлар ҳукмронлик тўлиқ Абдулҳамиднинг қўлида бўлишидан ва унинг Ғарбга нисбатан қарашларидан норози эдилар. Ҳарбий хизматчилар ва оддий аҳолидан иборат бу ёшлар XIX аср охири XX асрнинг аввалги ўн йилида “Ёш турклар” деб номланган уюшма туздилар. Бу уюшма Иттиҳод ва Тараққиёт партияси, Озодлик ва коалиция партияси, Либерал иттифоқ, Усмоний социал партияси, Араб ёшлар бирлиги ва бошқа ташкилотларни ўз атрофида жамлаган эди. Улар усмонийлар салтанатининг қолоқлигига сабаб ундаги маъмурий ва сиёсий коррупция деб билишарди.

Айнан мана шу “Ёш турклар” уюшмаси Султон Абдулҳамид II га қарши қилинган инқилобнинг бошланиш нуқтаси эди. Бу инқилоб Султонни шартли парламент тузумини қайтаришга ва ўз йўлидан чекинишга мажбур қилди. Ҳарбийлар ва оддий халқдан иборат кўплаб инсонлар исломий ҳамда қадим усмоний тизим ва ғояларга қайтиш бошқарув ва бошқарув мувозанатидаги катта хавф деб ўйлашарди. Султон Абдулҳамидни қўллаб-қувватловчилар тўнтаришга қарши чиқдир, аммо 1909 йил апрелда инқилобчилар тезда Султонни ҳокимиятдан ағдаришга эришдилар. 

Ўша кундан бошлаб усмонийлар салтанати “Ёш турклар”нинг тоталитар бошқаруви остидаги дунёвий диктатура тизимига ўтди. Кўп ўтмай мамлакат 1911 йилда италян, 1912 йилда болқон, 1914-1918 йилларда Биринчи жаҳон уруши каби кетма-кет урушлар гирдобига тушиб қолди. Бу урушдаги мағлубиятдан сўнг турклар ва усмонийлар қўшинининг баъзи бўлинмалари, шу жумладан, Отатурк, Юнонистон, Франция, Англия, Италия, Онадўлининг катта қисми ва бошқа ҳудудларнинг эгалланишига қарши бош кўтардилар. Охир-оқибат бу воқеалар 1923 йил 29 октябрда Туркия Республикасининг эълон қилиниши ва 1924 йил март ойида усмонийлар салтанатининг расман тугатилишига олиб келди. Иттиҳод ва Тараққиёт партияси ташаббусига кўра барпо этилган республиканинг диққатга сазовор томони шундаки, бу Туркия  фақат туркларники бўлиб, араб ва бошқалар билан алоқа қилмас эди. Шунингдек, янги қурилган бу давлат ислом динига оид барча қадрятлар, шайхлар ва уламоларга қарши зимдан уруш бошлади. Шу сабабдан усмонийлар салтанатидаги энг катта шайхлардан бири, олим Мустафо Собрий (1954 йила вафот етган) Туркиядан чиқиб кетишга мажбур бўлиб, Европадан Ҳижозгача кўчиб юради ва охири Мисрда вафот этади. 

Диний уламоларнинг бошқа аксар қисми эса Отатурк бошчилигидаги республиканинг қонунларига зид фикрлари учун қамоққа ташланган ёки ўлдирилган. Туркия ўзининг маънавий меросидан, мусулмон қўшниларидан ажраб, жадаллик билан Европа томон интилар эди. Эндигина ташкил топган янги Туркиянинг қатағон қурбонларидан бири Шайх Муҳаммад Отиф Искилипий эди. У киши 1926 йил Отатурк ҳокимиятига қарши чиққани учун қатл қилинган эди. 

Шайҳ Муҳаммад Отиф Искилипий ким эди? У киши айнан қандай сабабга кўра қатл қилинди? Бу ҳақда мақоланинг давомида.

Шайх Муҳаммад Отиф 1924 йилда ўзининг машҳур “Шляпа ва Европага тақлид” рисоласини ёзди. Бу рисолада Шайх Отиф Европага кўр-кўрона тақлид бўлгани учун салла ва дўппини ечиб, шляпа киймаслигини эълон қилган эди. Отатурк ва унинг тарафдорлари ушбу рисолатнинг моҳияти – салла ва дўппи Ислом шайхлари ва янги республикачилар ўртасидаги зиддиятга ишора деб тушундилар. Улар Европа шлаяпасини кийишдан бош тортган кишиларни жоҳил ва свилизациядан ортда қолган деб ҳисоблашарди. Аммо Шайх Искилипий баъзи масалаларда (саноат, илм, ҳарбий) Ғарбдан ўрнак олиш лозимлигини таъкидлаб мўътадил ва адолатли фикр билдирган эди: “Янгиликлар ким томонидан ўйлаб топилганига қарамай, кофирларми, суннийларми, шиаларми, умуман, ким томонидан жорий қилинган бўлса ҳам, ҳаммаси ёппасига мумкин ҳам, ҳаммаси ёппасига таъқиқланган ҳам эмас. Баъзи ижтимоий масалаларда мусулмон бўлмаган халқларга тақлид қилиш табиий ҳолат бўлиб, қишлоқ ҳўжалиги, саноат, қурол-аслаҳа каби соҳаларда улардан ўрнак олиш мубоҳдир. Баъзан эса бу соҳаларда улардан тажриба олиш вожиб ва ажралмас заруратга айланади”. 

Шайх Отиф ва унинг тарафдорлари воз кечилмас ўзига хослик ва мақбул тақлид қилиш ўртасидаги чегарани шундай кўришган. Шайх Отифнинг бу қарашлари туфайли салла ва дўппи кийишни қўллаб-қувватловчи оммавий ҳаракат Онадўлининг турли томонларига тарқала бошлади. Тез орада бу ҳаракатларда ижтимоий инқилоб белгилари кўрина бошлади. Бу эса Отатуркчиларни ташвишга солиб қўйди ва қатъий чора кўришга ундади.

Шундай қилиб, “Шляпа қонуни”ни бузгани учун Шайх Отиф Искилипий, муфтий шайх Али Ризо ва бошқа ғарбга тақлид қилишдан бош тортган кишилар 1925 йил 7 декабрда ҳибсга олинди. Анқара мустақиллик суди уларни шошилинч равишда Туркиянинг шимолидаги Гиресунга жўнатди. Ушбу суд бошланишидан ярим йил олдин чиқарилган “Шляпа қонуни”га кўра, Шайх Искилипий ва Али Ризо кўпи билан уч йилга озодликдан маҳрум қилиниши керак эди. Лекин юқоридан – отатуркчилардан келган буйруққа кўра улар ўлимга маҳкум этилди. Ҳукм эса 1926 йил 4 февралда пойтахт Анқара шаҳридаги парламент яқинида амалга оширилган. 

Шайх Отиф Искилипийнинг қатл қилиниши янги Отатурк ҳокимиятининг қатағон ва тоталитар тизимининг белгиларидан бири ҳамда биргина шляпа кийишни ёқламаган бўлса ҳам, Отатуркка қарши чикканларнинг аҳволи нима бўлишини қарши томонга кўрсатиб қўйиш эди. 

AlJazeera сайтидан 
Муҳаммад Содиқ Абдуолимов таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исоқхон Тўра Ибрат: "Салла ўраган мўйсафид яҳудийга ихлос..."

3585 22:00 20.10.2020

Муҳташам салла (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1876 22:00 18.06.2019
« Орқага