Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Санад жиҳатидан таржиҳ кўринишлари (давоми)

777

(давоми, боши бу ерда)

8. Муснад ҳадисни мурсал ҳадисга таржиҳ қилиш:

Бу жумҳур уламоларнинг мазҳабидир. Чунки аввало бунда санаднинг зиёдалиги бор. Шунинг учун уни муқаддам қилинади. Иккинчидан, мурсил билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орасида мажҳул ровий бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, мурсал ҳадиснинг ҳужжат бўлишида ихтилоф қилинган бўлса, муснад ҳадисни ҳужжат эканлигида иттифоқ қилинган.

Мисоли: Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  سَأَلْتُ عَلِيًّا رضي الله عنه: هَلْ عِنْدَكُمْ شَيْءٌ مِمَّا لَيْسَ فِي الْقُرْآنِ؟ - وَقَالَ ابْنُ عُيَيْنَةَ مَرَّةً: مَا لَيْسَ عِنْدَ النَّاسِ – فَقَالَ: وَالَّذِي فَلَقَ الْحَبَّةَ وَبَرَأَ النَّسَمَةَ، مَا عِنْدَنَا إِلَّا مَا فِي الْقُرْآنِ، إِلَّا فَهْمًا يُعْطَى رَجُلٌ فِي كِتَابِهِ وَمَا فِي الصَّحِيفَةِ. قُلْتُ: وَمَا فِي الصَّحِيفَةِ؟ قَالَ: الْعَقْلُ، وَفِكَاكُ الْأَسِيرِ، وَأَنْ لَا يُقْتَلَ مُسْلِمٌ بِكَافِرٍ «Алий розияллоҳу анҳудан: «Сизларда Қуръонда бўлмаган бирор нарса борми?» деб сўрадим». – Ибн Уяйна бир гал «Одамларда бўлмаган», деб айтган – У: «Донни ёрган, жонни яратган Зотга қасамки, бизда Қуръондагидан бошқа нарса йўқ. Фақат одамга У Зотнинг Китоби учун бериладиган фаҳм ҳамда саҳифадаги нарсаларгина бор», деди. Мен: «Саҳифада нима бор?» дедим. У: «Дия, асирни озод қилиш ва мусулмоннинг кофир учун ўлдирилмаслиги», деди».. Мазкур ривоятдан Абдураҳмон ибн Байламоний розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ривояти устун қўйилади: “Бир мусулмон киши аҳли китоблардан бирини ўлдириб қўйди. Кейин бу масала Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:   أنا أحق من وفى بذمته ثم أمر به فقتل  “Мен зиммасига вафо қиладиган кишиларнинг ҳақлироғиман”, дедилар. Сўнгра унга буюрдилар. Бас, у ўлдирилди”.

Татбиқ: Маълумки, Али розияллоҳу анҳунинг мурсал ҳадиси мусулмон кишидан мутлақ кофир сабабидан қасос олинмаслигига далолат қилади. Ибн Байламонийнинг муттасил ҳадиси эса мусулмон шахсдан зиммий кофир сабабли қасос олиниши жоизлигига далолат қилади. Байламонийнинг ҳадисини Аллоҳ таолонинг أَنَّ النَّفْسَ بِالنَّفْسِ “Жонга–жон” ояти ҳам қўллаб қувватлайди.

Шунинг учун ҳанафийлар Ибн Байламонийнинг ҳадисига амал қилиб мусулмон киши зиммий сабабидан ўлдирилиши мумкинлигини айтишган.

9. Муттафақ ривоятни мухталаф ривоятга таржиҳ қилиш:

Бу лафзи ва маъноси турли хил ва музтариб бўлмаган ривоятни ҳар хил ёки музтариб бўлган ривоятга муқаддам қилишдир.

Мисоли: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: فَإِذَا زَادَتْ عَلَى عِشْرِينَ وَمِائَةٍ فَفِي كُلِّ أَرْبَعِينَ بِنْتُ لَبُونٍ وَفِي كُلِّ خَمْسِينَ حِقَّة “Қачон бир юз йигирмадан ошса, ҳар қирқтасида – битта Бинти Лабун. Ҳар элликтасида – ҳиққа” ҳадиси, Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:  إِذَا زَادَتْ عَلَى عِشْرِينَ وَمِائَةٍ استؤنفت الفريضة  “Қачон бир юз йигирмадан ошса фарз қайтадан бошланади” ҳадисига таржиҳ қилинади.

Татбиқ: Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси Амр ибн Ҳазмнинг ривоятига таржиҳ қилинади. Чунки Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси муттафақун алайҳдир. Дарҳақиқат, Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ривояти каби нақл бор.

10. Оҳод ҳадисларда умумул балво бўлинганини таржиҳ қилиш:

Икки оҳод хабар бир‑бирига муъораза келиб, бири умумул балво бўлмаган иш, иккинчиси бундай кўринишда эмас. Мана шу ҳолатда умумул балво бўлган оҳод ҳадисни бошқасидан таржиҳ қилинади. Чунки умумул балво бўлган иш умумул балво бўлмаганидан кўра ёлғон бўлиш эҳтимоли камроқ бўлади.

Мисол: Бусра бинти Софвон розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган: من مس ذكره فليتوضأ “Ким закарини ушласа, таҳорат олсин” ҳадиси Толқ ибн Али розияллоҳу анҳунинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдик. У зотнинг ҳузурида худди бадавийга ўхшаш бир киши бор эди. У: “Ё Расулуллоҳ, таҳорат олганидан кейин закарини ушлаган киши ҳақида нима дейсиз?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: هَلْ هُوَ إِلاَّ بَضْعَةٌ مِنْهُ “У ҳам ун(тана)дан бир бўлак холос”, дедилар” ҳадисига муъораза келмоқда.

 Татбиқ: биринчиси умумул балво бўлмаган ҳолат, иккинчиси умумул балво бўлган ҳолат. Шунинг учун уламоларимиз Толқнинг ҳадисини Бусранинг ривоятидан таржиҳ қилишган.

Юқорида айтилганлардан ташқари санад тарафидан бўлган бир неча таржиҳлар бор. Ана ўшаларни қисқача айтиб ўтамиз:

  1. Тобеъийнинг мурсал ривоятини бошқаларнинг мурсал ривоятига таржиҳ қилиш.
  2. Фақиҳ кишининг ривоятини фақиҳ бўлмаган ровийнинг ривоятига таржиҳ қилш.
  3. Араб тилини биладиган кишининг ривоятини таржиҳ қилиш.
  4. Авсақ (ишончлироқ) ровийнинг ривоятини сиқа (ишончли) ровийнинг ривоятига таржиҳ қилиш.
  5. Хабар ровийнинг амалига мувофиқ бўлиши туфайли таржиҳ қилиш. Чунки бундай сифатдаги хабар амалига мувофиқ бўлмаган хабардан кўра ёлғон бўлиш эҳтимоли узоқроқ ҳисобланади.
  6. Ровийларнинг бири эргашувчи бошқаси мубтадиъ бўлишлиги.
  7. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лафзи ила ривоят қилинган ҳадисни маъноси билан ривоят қилинган ҳадисдан таржиҳ қилиш.
  8. Айтилиш сабабини ҳикоя қилган ровийнинг хабарини сабабини айтмаган ровийнинг хабаридан таржиҳ қилиш.
  9. Саҳиҳлигига ишонилган китобдаги ривоятни ана шу даражада машҳур бўлмаган китобнинг ривоятидан таржиҳ қилиш.
  10. Шайхнинг толибга ўқиб бериш ривоятини толибнинг шайхга ўқиб берган ривоятдан таржиҳ қилиш.
  11. Инкор қилинмаган кишининг ривоятини инкор қилинган кишининг ривоятидан таржиҳ қилиш.

(Давоми бор)

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Санад жиҳатидан таржиҳ кўринишлари (давоми)

1066 00:00 17.03.2021
« Орқага