Саудия Арабистони молия вазири Муҳаммад ал-Жадаан чоршанба куни Саудия Арабистонининг Эронга сармоя киритиши дипломатик алоқаларни тиклаш ҳақидаги келишувдан сўнг «жуда тез» амалга ошиши мумкинлигини айтди, деб хабар беради Reuters.
«Эронда Саудия сармояси учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Келишув шартлари бажарилса, биз ҳеч қандай тўсиқни кўрмаяпмиз», деган Ал-Жадаан Риёздаги молиявий сектор анжуманида.
Жума куни Эрон ва Саудия Арабистони Форс кўрфазидаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солган Ямандан Суриягача Яқин Шарқдаги можароларни кучайтирган кўп йиллик низолардан сўнг дипломатик алоқаларни тиклашга келишиб олди.
«Минтақадаги барқарорлик дунё ва минтақа давлатлари учун жуда муҳим. Биз ҳар доим Эрон бизнинг қўшнимиз ва агар қўшниларимиз ҳамкорлик қилишга тайёр бўлса, улар билан можародан манфаатдор эмаслигини айтиб келганмиз», деб қўшимча қилган Ал-Жадаан.
Теҳрон ва Риёз икки ой ичида ўз элчихоналарини қайта очишга келишиб олган.
«Бизда Эронга сармоя киритмаслик учун ҳеч қандай сабаб ва уларнинг Саудия Арабистонига сармоя киритишига йўл қўймаслик учун ҳеч қандай қаршилик ҳам йўқ. Иккала давлат ҳам бир-бирининг ресурслари ва рақобатдош устунликларидан фойда кўришига ишонч ҳосил қилиш бизнинг манфаатимиздир», дейди Ал-Жадаан интервьюсида.
«Агар улар (Эрон) бу жараёндан ўтишга тайёр бўлса, биз бу жараёндан ўтишга ва уларнинг ривожланишида иштирок этишдан мамнун бўламиз», деган у.
Унинг айтишича, Эронда имкониятлар кўп ва Саудия Арабистони ҳам Эрон учун жуда кўп имкониятлар тақдим этган.