Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Саудия Арабистони: валиаҳд шаҳзода танқидлар нишонида

2651

Саудия Арабистони ҳукмрон оиласи ва бизнес элитасининг айрим аъзолари қиролликнинг нефть инфратузилмасига ҳужумлардан кейин валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга нисбатан ўз норозиликларини билдирмоқда. Қироллик оиласига яқин манбаларга кўра, бўлиб ўтган ҳодисалар тахт ворисининг  дунёдаги энг йирик нефть экспортчисини ҳимоя қилиш ва уни бошқариш қобилияти борасида жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Аммо ҳозирча барча манбалар анонимлик шарти билан маълумот беряпти.

Ҳужум, шунингдек, валиаҳд шаҳзода ҳокимиятни ҳаддан ташқари қаттиққўллик билан бошқаряпти, деб ҳисобловчи элита орасида ҳам норозиликларни келтириб чиқарган. Бундан ташқари, ушбу воқеани Муҳаммад бин Салмоннинг Эронга нисбатан тажовузкор позицияси билан боғловчилар ҳам пайдо бўлди.

«Шаҳзода бошқарувига нисбатан норозиликлар ортиб бормоқда», – дейди манбалардан бири. У таниқли доиралар валиаҳд шаҳзодага аллақачон ишонч билдирмай қўйганини таъкидлади.

Шунга қарамай, Муҳаммад бин Салмон ҳамон кучли тарафдорларга эга. 

Якшанба куни АҚШнинг «CBS» телеканалида намойиш этилган интервьюда валиаҳд шаҳзода қиролликнинг катталиги ва мамлакат дуч келаётган таҳдидларнинг миқёси туфайли Саудия Арабистонини ҳимоя қилиш қийин бўлганини билдирди.

«Буларнинг барчасини тўлиқ қамраб олиш жуда қийин», – деди у.

Муҳаммад бин Салмон 83 ёшли отаси қирол Салмондан кейин расман қироллик тахтини эгаллайди ва мамлакатнинг амалда бошқарувчиси ҳисобланади. У қиролликни замонавий давлатга айлантиришга ваъда берган.

Ёш саудияликлар орасида машҳур бўлган 34 ёшли шаҳзода консерватив қиролликдаги ижтимоий чекловларни юмшатгани, аёлларга кўпроқ ҳуқуқлар бергани ва Саудия Арабистонининг нефтга боғлиқ иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳақидаги ваъдаси учун улкан шуҳрат қозонган.

Аммо оммавий ахборот воситаларининг давлат томонидан бошқарилиши ва қиролликда ўзгача фикрлиларга қарши кураши сабаб бу каби маълумотлар нақадар холис эканини аниқлаш қийин. 

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Саудия Арабистонининг нефть заводларига қилинган ҳужумлар қиролликда нефть қазиб олиш эллик фоизга камайишига олиб келди.

Саудия Арабистони АҚШ расмийлари томонидан билдирилган фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бу ҳодисада Эронни айблади. Расмий Теҳрон эса айбловларни рад этди.

«Унинг мамлакат хавфсизлигини таъминлаш қобилиятига бўлган ишонч тобора сўниб бормоқда ва буларнинг барчаси шаҳзода олиб бораётган сиёсат натижасидир», – деди Саудия Арабистони ва Форс кўрфази бўйича мутахассис Квиллиам.

Икки йил олдин ҳокимият тепасига келганидан бери тахтдаги рақибларини четга суриб, қиролликнинг энг таниқли шахсларини коррупция айбловлари билан ҳибсга олишда бош-қош бўлган Муҳаммад бин Салмон атрофидаги танқидлар нефть заводларига ҳужумлар ортидан янада кучайиб кетди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида валиаҳд шаҳзоданинг қўли бор ва бу унинг халқаро майдондаги обрўсига жиддий зарба бўлди.

«CBS»даги интервью давомида Муҳаммад бин Салмон Қошиқчи унинг шахсий буйруғи билан ўлдирилгани борасидаги айбловларни рад этди, аммо қиролликнинг де-факто етакчиси сифатида жавобгарликни зиммасига олишини билдирган.

Саудиялик танқидчилар Муҳаммад бин Салмоннинг Эронга нисбатан агрессив сиёсати ва Ямандаги урушга алоқадорлигини қиролликнинг ҳужумга дучор бўлишидаги асосий сабаб қилиб кўрсатмоқда. Шунингдек, мудофаа учун юзлаб миллиард доллар сарфлаганига қарамай ҳужумларнинг олди олинмагани элита орасида жиддий танқидларни келтириб чиқарди. Улар валиахд шаҳзода олиб бораётган сиёсат қиролликка зиён етказаётганини таъкидламоқда.

Муҳаммад бин Салмон ўз ҳукуматини ҳокимият соҳасида кам тажрибага эга одамлардан ташкил этгани ҳам танқидчилар диққат марказида турибди.

Валиаҳд шаҳзода икки йил олдин ички ишлар соҳасида қарийб йигирма йиллик тажрибага эга Муҳаммад бин Найёф ўрнига тахт вориси этиб тайинланган эди.

Шундан кейин Муҳаммад бин Салмон 1996 йилдан бери Миллий гвардияни бошқариб келган шаҳзода Митеб бин Абдуллоҳни ўз лавозимидан озод этди ва унинг ўрнига Маккада икки йилча губернатор ўринбосари бўлиб ишлаган 32 ёшли шаҳзода Абдуллоҳ бин Бандар бин Абдулазизни тайинлади.

Саудиялик ва ғарблик дипломатларнинг таъкидлашича, қирол ҳаёт экан, валиаҳд шаҳзодага қарши чиқишнинг нафи бўлиши даргумон, чунки подшоҳнинг севимли ўғлига қарши чиқишини тасаввур этиш қийин.

Қирол бошқарувнинг кўп вазифаларини ўз ўғлига топширган, шунга қарамай, ҳар ҳафта ҳукумат мажлисларида раислик қилади ва чет эллик амалдорларни қабул қилади.

Баъзи маълумотларга кўра, қирол Салмоннинг тирик қолган ягона укаси 77 ёшли шаҳзода Аҳмад бин Абдулазиз  қироллик оила аъзолари қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган ягона муқобил сифатида кўрилмоқда.

«Қироллик оиласи Аҳмадни уларни қутқара оладиган ягона одам деб ўйлаяпти», – дейди таниқли тадбиркорлардан бири.

Аммо шаҳзода Аҳмаднинг бу каби фикрларга муносабати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

2017 йилда Муҳаммад бин Салмоннинг тахт вориси этиб тайинланишига қарши чиққан шаҳзода Аҳмад чет элдаги саёҳатдан сўнг 2018 йилнинг октябрида Риёзга қайтиб келди. Ҳозирда у сиёсий жараёнларда деярли кўриниш бермаяпти.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кўпгина мусулмон мамлакатлари Швециядаги исломга қарши провокацияни кескин қоралади

1413 17:00 23.01.2023

Саудия Арабистони исломофобнинг Қуръони карим нусхасини ёққани юзасидан баёнот берди

3478 11:21 22.01.2023

Саудия Арабистони: «Фаластин давлатисиз Исроил билан муносабатлар нормаллаштирилмайди»

999 09:13 22.01.2023

Яманда тинчлик масаласи: музокаралар давом эттирилмоқда

332 10:45 18.01.2023

Эрон ва Саудия Арабистони муносабатлари нормаллашгунга қадар мулоқот давом эттирилади

348 13:10 16.01.2023

Мисрдан ўрнак олган Иордания ҳам янги шаҳар қурмоқчи

795 16:35 13.01.2023
« Орқага