Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Сайфуллоҳ Носир Ўзбекистонга қайтиши керак!

6214

Ўнлаб, балки юзлаб уламоларимиз чет элларга илм олиш ниятида кетиб ўша ерларда ўқиб, яшаб юрибдилар. Уларнинг чет элларда юришидан кўра юртимизга келгани, ватандошларимизга илм ва зиё тарқатишлари кўнгилдагидек иш бўларди.

Ўшандек олимларимиздан бири Сайфуллоҳ Носир ҳазратлари Саудия Арабистонида илм олиб, Мадинада юзлаб шогирдларга дарс бераётган эди. У киши яқин кунларда Ўзбекистонга қайтиш умидида ҳужжатларини топширсалар-да ҳалигача жавоби чиқмаган. У киши фейсбук саҳифаларида: «Лекин шароит шуни тақозо қилиб турибди. Турли томонлама, хусусан, ҳужжатлар муддати тугаб, янгиланиб берилмагани боис жуда қийинчиликда турибмиз. Беморларимизни касалхоналарга кўрсата олмаяпмиз. Яна бошқа муаммолар. Саудияда яшаб турганлар билишади. Аксига олиб, юртимизга қайтишга рухсат ҳам чиқавермаяпти», деб ёзган.

Навоийшунос олим Акром Малик шундай деб ёзган: «Сайфуллоҳ Носир домла бугун замондошларимиз орасида, хусусан, дин илми олимлари даврасида бениҳоя кам учрайдиган бир қанча фазилатларга эга инсон. Фазилатли шайх таърифини қўллаш мумкин бўлса, иккиланмай Сайфуллоҳ домлага қўллашимиз мумкин...

Сайфуллоҳ Носир домла ҳеч қачон ихтилофли масалаларни қўзғамади. Ҳамиша ихтилофларга барҳам бериш ва исломий биродарлик руҳини тарқатиш учун ҳаракат қилиб келмоқда. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини бидъатлардан тозалашга интилмоқда. Ҳақ сўзни ўз ўрнида ҳикмат билан сўйлади. Ҳеч қачон юрт, халқ ва бу Ватанни идора қилаётган ҳукумат хусусда на хоссатан, на омматан фитналарга сабаб бўладиган сўз айтган эмас.

Ҳамиша узоқни кўзлаган ҳолда, шариат ва адолат чегараларига қатъиян риоя қилиб сўз айтди. Буюк боболаримиз меросига катта эҳтиром билан қарайди ва ўз сўзларини Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ матнлари билан қувватлантиради. 

Бугун юртимиз, халқимиз диний ва маънавий оғир шароитни бошдан кечирмоқда. Халқимизнинг динга бўлган эҳтиёжи ўзини яққол намоён қилаётир. Ватандошларимизга асл динни, ота-боболаримиз амал қилиб келган соф Исломни етказмоқ учун етук диний уламоларимизга катта зарурат бор. Исломий илмларни мукаммал эгаллаб, ақийда, фиқҳ ва руҳий тарбия масалаларини ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда тақдим этиш салоҳиятига эга бўлган Сайфуллоҳ Носир домладек уламонинг хориж юртларида юриши миллатимиз учун катта йўқотиш экани шубҳасиздир.

Сайфуллоҳ Носир домланинг юртга қайтиши учун, аввало, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси, сўнг барча зиёли қатлам, олимлар, уламолар ва ҳукумат ҳам ташаббус кўрсатиши айни мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. 

У кишининг Ватанга қайтиши, халқимизга диний маърифатни етказиш йўлида хизмат қилиши бизнинг ижтимоий дардларимизга, маънавий ташналигимизга даво бўлишига аминман.
Домлада мусулмонларга кескинлик эмас, бағрикенглик, ҳар бир ишда ҳужжатга таяниш, омонатдорлик, масалани атрофлича баҳолаб муносабат билдириш ва ўз қарашларини соф ўзбек тилида мукаммал шаклда ёзиб тақдим этишдек хислатлар борки, бу билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни ёдга солади».

«Сайфуллоҳ Носир устозимиз Мадинадан она ватанига қайтиб уммон каби илмини юртимиздаги илми толиблар учун сарфлашини Аллоҳ насиб этсин», дейди Неъматжон Йўлдошев исмли ҳамюртимиз.

Ҳозирги мураккаб шароитда Сайфуллоҳ Носирдек динига, мазҳабига собит олимларнинг юртимизда бўлиши ҳам динимизга, ҳам давлатимиз барқарорлигига ҳисса бўлиб қўшилади, инша Аллоҳ!

Олимларимизни асраб, уларни иззат қилайлик!

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага