Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Серикжан Мамбеталин: бизни ким ютиб юборади - Россиями ёки Хитой?

4091

Яқинда бутун туркий дунё тарихий воқеага гувоҳ бўлди. Истанбулда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарлари Истанбул декларациясини ҳамда «Турк дунёсининг кўриниши – 2040» ҳужжатини имзолашди. Бизни ҳайратда қолдиргани, қозоқ оммавий ахборот воситалари ушбу саммит ҳақида жуда аниқ маълумот берди. Шу ўринда, ўз навбатида Турон ғояси тарафдори бўлган таниқли жамоат арбоби Серикжан Мамбеталин ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Серикжан Есенгосович, туркий давлатлар ҳақиқатан ҳам яқинлаша бошладими, умидларингиз амалга ошдими?

– Аввало, ўқувчиларга бу давлат раҳбарларининг 8-саммити эканини эслатиб ўтмоқчиман. Бироқ айнан шу саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди. Бетарафлик мақоми Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган, доимо нейтрал бўлган Туркманистон ҳам кузатувчи сифатида қўшилишга қарор қилди. Хунлар мамлакати деб аталган Венгрия ҳам кузатувчи давлатга айланди. 

Имзоланган Истанбул декларацияси туркий давлатлар ҳамдўстлигини келгуси ўн йилликларда ривожлантириш учун ўзига хос йўл харитаси бўлди. Бу фаолиятнинг деярли барча соҳаларини, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий, божхона, ахборот жабҳаларини қамраб олган анча катта ҳажмли ҳужжатдир. Ушбу ҳужжатдан келиб чиқадиган асосий хулосалар шундан иборатки, туркий мамлакатларнинг ҳақиқий яқинлашуви тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли асосда бошланганидир.

– Истанбул саммитида имзоланган келишувдан нимани алоҳида ажратиб кўрсатишингиз мумкин?

– Саммит Декларациясида ТДТ мамлакатлари терроризм, экстремизм ва сепаратизм таҳдидларига қарши биргаликда кураш олиб бориши алоҳида қайд этилган, бу Россия раҳбариятининг сўнгги баёнотлари нуқтаи назаридан жуда реал кўринади. 

Дарвоқе, декларацияда «Озарбайжон Ватан уруши» деб аталган 44 кунлик урушда Тоғли Қорабоғ ерларини озод қилган Озарбайжон ва Туркия туркий қардошликни бир йил аввал яққол намойиш қилишган эди. Бу урушнинг муваффақияти Озарбайжоннинг Туркия ёрдамида ҳарбий салоҳиятини ошириши, офицерлар тайёрлаши ва энг янги қурол-яроғларни харид қилиши билан боғлиқ эди. 

Қолаверса, Қорабоғни озод қилишда вақт омили муҳим эди. АҚШда президентларнинг алмашиши, Арманистоннинг асосий иттифоқчиси бўлган Россияга қарши халқаро санкциялар қисқа вақт ичида ишончли ғалабага эришиш имконини берди. Худди шу каби, мавжуд вазият туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

— Дарвоқе, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда Туркия ва унинг амалдаги раҳбари – Президент Эрдоғаннинг ўрни қандай деб ўйлайсиз?

– Турк дунёсининг сўзсиз етакчиси – Туркия сўнгги 20 йил ичида ўзини глобал дунё ўйинчиларидан бири сифатида кўрсатди. Туркиянинг Европа, Осиё ва Африкага бир вақтнинг ўзида савдо йўлларидаги геостратегик жойлашиши иқтисодиётнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған нафақат туркий, балки бутун ислом оламининг етакчисидир. 

Туркия дунёдаги иқтисоди энг йирик 20 давлатдан бири, G20 аъзоси. Эрдоған даврида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди, туризм саноати жаҳон етакчиларидан бирига айланди, қурол-яроғ экспорти, жумладан, машҳур Байрактар дронлари дунёнинг ўнлаб мамлакатларига йўл олди.

– Бироқ, ўзингизга маълумки, Туркиянинг ўзига хос ички муаммолари борки, бу мамлакат ташқи сиёсатининг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин, шундай эмасми?

– Сўнгги пайтларда мен Туркияда кўпроқ вақт ўтказяпман, чунки мен Қозоғистонда яшаш учун рухсатномани олмаганим сабабидан ҳар сафар чиқаётганимда Британия паспортимга Қозоғистон визасини қўйишга мажбур бўламан. Шунинг учун мен мамлакатни ва турк халқини ичкаридан кузатиб, барча ютуқларни ўз кўзим билан кўряпман. Албатта, ўтган йили туризм соҳасини амалда фалаж қилган COVID-19 билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳам мавжуд.

Яқин Шарқнинг қўшни давлатлари – Ироқ, Сурия, Афғонистондан келган қочқинлар инқирози ҳақида ҳам гапириш мумкин. Уларнинг фақат расмий маълумотлар бўйича сони аллақачон 5 миллиондан ошган. Уларни боқиш ва бошпана бериш керак. 80 миллион аҳолига эга давлат буджетига бу жуда катта юк. Мамлакат мудофааси учун жуда кўп маблағ сарфланади, бироқ нотинч геосиёсий шароитда бу ҳаётий заруратдир. 

Туркиянинг сиёсий ҳаёти нотинч ва воқеаларга бой. Президент Эрдоған қаттиққўллик билан бошқаради ва камида яна бир муддат ҳокимиятда қолишни режалаштирмоқда. Уч йил олдин унинг АК партияси миллий-ватанпарвар МХП билан биргаликда 52% овоз билан сайловларда ғалаба қозонган эди. Сўнгги йилларда Эрдоған кўплаб шерикларини йўқотди. Собиқ Бош вазир ва Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли худди иқтисодий ислоҳотларнинг аксарият қисмини бош вазир ўринбосари даражасида амалга оширган Али Бобожон каби ўз партиясини тузди. Бугун эса улар Эрдоғанга қарши бирлашган. 

Дарвоқе, унинг ҳам ўз «рахат алиеви» бор – молия вазири бўлган куёви Берат Албайрак лавозимидан четлаштирилгач, хафа бўлиб, Англияга учиб кетган ва у ерда туриб узоқ вақт қайнотаси устига мағзава ағдарган. МХП вакили бўлган миллий ватанпарварлар ҳам обрўсини йўқотмоқда - балки Туркий Давлатлар Ташкилоти уларнинг жозибадорлигини оширар. 

Айтишим керакки, Туркияда ҳамма ҳам Турон тарафдори эмас. Мамлакатда туркий халқларни бирлаштириш ғоясига қўшилмаган кўплаб турк курдлари, арманлар, греклар бор. Энди кўпроқ сўл мавқеда туриб, Европа Иттифоқига интилаётган кемалистлар партияси кучаймоқда.

– Туркияда сиёсий партиялар тимсолида мамлакат келажагини туркий дунё билан иттифоқда кўрадиган жиддий кучлар борми?

–  Туркияда партия яратиш учун бор-йўғи 30 киши керак бўлади, холос. Шунинг учун бу ерда хилма-хил партиялар бор. Гарчи ўзини турк деб ҳисоблайдиганлар учун Турон мафкураси, назаримда, энг кучли туюлса-да, бироқ  Туркияда Турон сиёсий партияси йўқлиги мени ҳайратга солади. Бундай партиянинг пайдо бўлиши билан туркларнинг ҳақиқий бирлашуви бошланади, чунки партия мафкурани тарғиб қилувчи восита. Марказий Осиё мамлакатларида ҳам шундай партиялар пайдо бўлишига шубҳам йўқ.

— Ҳозирги кунда мамлакатимизда кўпчилик Туркий иттифоқ Қозоғистонга нима бера олади, деб сўраяпти? Ушбу истиқболни нимада кўрасиз?

– Биринчидан, Буюк Турон ғояси миллий ғоя сифатида қозоқларни бирлаштиришга ёрдам беради. Қардош халқларга муносабатимиз қандай ўзгараётгани аллақачон аён бўлди: биз ўзбекларнинг муваффақиятларидан қувонамиз, озарбайжонларнинг ҳарбий ҳаракатлари ҳақида қайғурамиз. 

Иккинчидан, Турон бизга энг долзарб саволга жавоб беради: қўшниларимиздан қайси бири бизни ютиб юборади – Россиями ёки Хитойми? Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Ўзбекистон Россия билан ҳарбий иттифоқ бўлган КХШТга қайтиш ниятида эмаслигини маълум қилган эди. Лекин Ўзбекистон биздан фарқли равишда нотинч Афғонистон билан чегарадош. 

Учинчидан, Зангезур йўлаги очилиши билан биз Туркий давлатлар ҳудудлари орқали Олмаотадан Истанбулгача ўтадиган Янги Ипак йўлини қайта тиклаймиз (Зангезур йўлаги узунлиги 40 км га яқин тахминий транспорт йўлаги бўлиб, Арманистоннинг Сюник вилояти (Зангезур) орқали Озарбайжон ва Арманистон келишувига кўра, Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ва унинг эксклави Нахичеван Мухтор Республикаси ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш воситаси сифатида кўрилади. 

Истанбул декларациясида божхона тўсиқларини камайтириш, транспорт ҳужжатлари ва чегарадан ўтиш тартибларини уйғунлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилган. Туркия социализмни кўрмаган давлат сифатида кучли бизнес салоҳиятига эга, бу ерда кичик ва ўрта бизнес жуда ривожланган. Биз турк ишбилармонларидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин, аммо бунинг учун мамлакатларимиз ўртасидаги тил тўсиқларини бартараф этишимиз керак. ТДТ доирасида умумий туркий алифбони ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда, умумий туркий адабиёт ва тарихга оид дарсликлар мувофиқлаштирилмоқда.

– Ахир бир неча йиллардан буён ўз алифбомизни лотинлаштириш масаласини ўзимиз ҳал қила олмаётган эканмиз, умумий туркий алифбонинг истиқболи қандай бўлади?

— Билишимча, тилшунос олимлар Ўрта тилни яратиш вариантларини таклиф қилишган, лекин менимча, янги тил ўйлаб топишнинг ҳожати йўқ, балки турк тилини қўллаш керак. Қозоқ мактабларида турк тилини иккинчи чет тили сифатида киритиш мумкин, қозоқ тилида сўзлашувчи болалар буни анча осон ва тез ўрганиши учун уларга 2-3 йил етарли бўлади. Ҳозиргидек Москва, Томск ёки Новосибирскга олий маълумот олиш учун бормасдан сертификат олиб Туркия университетларига бемалол ўқишга киришлари мумкин бўлади. Бу масалаларнинг барчасини тезроқ ҳал қилиш керак, шундоқ ҳам мустақилликнинг 30 йили ўтказиб юборилди. Лекин аниқ айта оламанки, Турон бўлади. Украинадаги уруш ва Кремлнинг Беларусдаги Лукашенко режимини қўллаб-қувватлашидан кейин славян дунёси тугаши билан бир вақтда турк дунёси пайдо бўлди. 

Шу боис Турон келажагига катта некбинлик билан қарайман. Агар менга Қозоғистонда мамлакат манфаати учун ишлашга рухсат берилмаган бўлса ҳам, мен буюк Туронимиз манфаати учун ишлайман.

- Сизга омад тилайман! Интервью учун раҳмат!

Муаллиф: Ермурат Бапи

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тожикистондаги Россия ҳарбий базасига янгиланган танклар етказиб берилди

429 10:30 07.12.2021

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

1019 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

223 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

390 11:30 06.12.2021

Назарбоев Қозоғистон нима учун Қримни Россияники деб тан олмаганини изоҳлади

1515 15:10 05.12.2021

Интерпол чечен мухолифатчисини қидирувга беришдан бош тортди

901 19:00 04.12.2021
« Орқага