Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (49-қисм) 

618

121. Мен бир бечоранинг ҳолатига назар солиб қарасам, у энг муҳим нарсани, яъни охиратини барбод этаётган экан. Ҳокимиятга эришаман деб, бир қанча қотилликлар, хунрезликлар қилди. Натижада эса дунё лаззатларининг озгинасига эришди, холос. Ана шу лаззатлардан роҳатланиб, бор-йўғи саккиз йилгина ҳаёт кечирди. Охирида алданиб, ақл тадбирини унутиб қўйди. Натижада қатл қилинди ва охиратга энг жирканч ҳолатда равона бўлди.

122. Мен қаердаман-у, энг катта орзуси дунё бўлган киши қаерда! Мен динимга путур етиши туфайли эришиладиган мол-дунёни ва унинг илму амалимга таъсир этишини хоҳламайман. Оҳ, кечалари бедор бўлиш, парҳезкор бўлиш, илмни такрорлаш, китоб ўқиб, фикрни машғул қилиш билан бир вақтда жисмим учун керакли таомларни топиш йўлида тортган азобларим! Эссиз, одамлар билан аралашиб юришим ва уларга таълим бераётганим сабабли хилватда ёлғиз қолиб, Аллоҳ билан муножот қилишдан маҳрум бўляпман. Эвоҳ, оиламнинг эҳтиёжларини қондираман деб, тақвоимга путур етяпти!

Лекин шундай бўлса-да, мен жамлаш имкони бўлган икки нарсани бирлаштириш йўлида азоб чекишга ҳам розиман. Эҳтимол, шу тортган машаққатларим сабаб тарбияланарман? Зеро, Ҳақ таолога яқинлаштирадиган олий мақсадлар учун олийҳиммат бўлиш зарурдир. Баъзан ана шу олийликларни излаш учун ўзни йўқотиш мақсадга элтади. Мана, мен ҳозир ҳам бефойда иш учун нафас олмайман. Олийҳимматлигим сабаб мақсадларимга ета олсам, етдим. Агар ета олмасам ҳам, ҳеч бўлмаганда мўминнинг нияти амалидан кўра Аллоҳга тезроқ кўтарилишини биламан-ку!

123. Лаззатлар ҳиссий ва ақлий бўлади. Ҳиссий лаззатларнинг энг олий даражадагиси никоҳ бўлса, ақлий лаззатларнинг энг олийси илмдир. Дунёда кимки бу икки нарсани ўзида ҳосил қила олса, мақсадига эришади.

Мен толиби илмдан талаб қилинадиган энг олий иккита нарсани кўрсатаман. Лекин Аллоҳ таоло томонидан неъматланган талабанинг бир аломати бўлади. Бу – унга олий ҳимматнинг берилишидир. Бу ҳиммат боланинг гўдаклигидаёқ намоён бўлади. Сен унинг ёшлигиданоқ юксакликка интилаётганини кўрасан. Ҳадисда ривоят қилинишича, Абдулмуттолибнинг Каъба яқинидаги Ҳижр олдида бир тўшаги бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида ўша тўшакка ўтириб олар эканлар. Шунда Абдулмуттолиб “Бу боламдан буюк инсон чиқади”, деган экан.

124. Бир киши: “Менда ҳиммат бор, лекин интилаётган нарсаларимни Аллоҳ бермаса, мен нима қилай?” дейиши мумкин. Унга шундай жавоб беринг: “Агар неъмат бир тарафдан тўсилган бўлса, бошқа тарафдан тўсилмаган бўлади. Шунингдек, Аллоҳ ҳиммат бергани ҳолда сени қўллаб-қувватламаслиги асло ақлга тўғри келадиган ҳодиса эмас. Ундан кўра ҳолатинг ҳақида бир мулоҳаза юритиб кўр. Эҳтимол, У Зот сенга бирор нарса берган-у, лекин сен унга шукр қилмагандирсан ёки хоҳиш-истакларингдан бири орқали сени имтиҳон қилган-у, сен сабр қилмагандирсан? Айбни ўзингдан қидир. Билгинки, гоҳида У Зот сенга илм лаззатини раво кўргани учун дунё лаззатининг кўпини сендан яшириб қўяди. Чунки сен баъзида заифлик қилиб, иккаласини мужассамлашга ўзингда қувват топа олмай қоларсан. Сен учун нима манфаатли эканини Аллоҳ сендан яхши билади.

125. Сенга айтмоқчи бўлганим шуки, илм ўрганишга энди киришган йигит барча илмларни ўрганишга интилмоғи ва уларнинг орасидан фиқҳни энг муҳими қилиб олмоғи лозим. Айни пайтда, ҳадислар, сийратлар, хабарлардаги нақл қилинган маълумотларни ўрганишда сусткашликка йўл қўймаслиги керак. Зеро, мазкур илмлар орқали ўтмишдаги комил инсонларнинг сийратидан хабардор бўлади. Унга фасоҳат ила гапириш, сўзамоллик, шунингдек, наҳв қоидаларини мукаммал билиш ато қилинган бўлса, демак, тилининг тиғи энг яхши қайроқтошда ўткирланибди. Қачонки инсоннинг илми Ҳақ таолони танишга, У Зотнинг йўлида хизмат қилишга олиб борса, унинг қаршисида бошқаларга очилмаган эшиклар очилади. Бугунги кунда (яъни олтинчи асрда) уламоларнинг илм ўрганиш борасида сусткашлик қилгани сабаб авом халққа ўхшаб қолгани мени ташвишга солади. Улар бирор жойда мавзу (тўқима) ҳадисга дуч келишса, уни ҳақиқатдан ҳам асосли ривоят деб айтмоқдалар. Бундай инсонларнинг ҳиммати пастлиги учун йиғламоқ керак. Гуноҳдан қочиш учун тоқат ва ибодат қилишга етадиган қувват фақатгина Буюк ва Улуғ Аллоҳ томонидан берилгусидир” (Ибн Жавзийнинг сўзи тугади).

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1109 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1630 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

566 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

889 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

768 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

949 22:55 13.06.2021
« Орқага