Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (54-қисм)

912

151. Фақирлик олий мақсадларни амалга оширишга тўсиқ бўлади.
Бир киши  “Фақирлик қобилиятли инсонни олий мақсадларга етишдан тўсиб, энг паст ишларга ҳам рози бўладиган қилиб қўяди” деб, қуйидаги шеърни ўқийди:

Фақирлик ҳимматни паслатар чандон,
Бегона этади шиддату шаҳдни.
Йигит фақирликда бўлмаса қачон 
Олий ишлар узра топгуси бахтни.

152. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абдуллоҳ Зубайдий Ишбилий Қуртубий.
Араб тили бўйича ўз асрининг имоми Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абдуллоҳ Зубайдий Ишбилий Қуртубий (316-379/929-990) бу дунё неъматларининг барчасидан баҳраманд бўлиб яшаган бой кишилардан эди. Вафотидан кейин фарзандлари ҳам ўша бойликлардан узоқ муддат фойдаландилар. У фақирлик – ғурбат ва ҳаловатсизлик, бойлик эса бошпана ва роҳат эканига иқрор бўлиб, қуйидаги шеърни айтган:

Фақирлик ғурбатдир бизнинг диёрда,
Бойлик-чи ғурбатда ватанлар, демак.
Асли бир бўлган бу Еримиз узра
Одамлар биродар, қўшнидир, бешак.

153. Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Форис ибн Закариё Розий.
Луғат, усул ва наҳв олимларидан бири, фақиҳ, имом Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Форис ибн Закариё Розий (329-395/941-1005) Ҳамадон шаҳрида яшаган пайтида фақирликка, камбағалликка юз тутиб, қарзлари кўпайиб кетганлигидан шикоят қилиб, шундай дейди:

Ёмғир ёғса агар Ҳамадон узра,
Ўчарми кўнглимда ёнган бу олов.
Фақирлик ўтида куярман, қара,
Бу ожў ҳолимга боқарми биров.

У ўзидан маслаҳат сўраб, насиҳат эшитиш учун келган одамга илм ва адабдан узоқлашишни, чунки бу иккиси инсонга фақирлик ва камбағаллик келтиришини айтиб, қуйидаги шеърни ўқиган:

Сафарга отланган дўстимга қараб
Дедим: сайрларда асло толмагин.
Бойлик истагида кезсанг юрт санаб,
Ҳа не ол, илм ва адаб олмагин.

154. Фақирликдан ўлим афзал экани ҳақида.
Ўткир зеҳн соҳиби, тарихчи, жуғрофий аллома, адиб Ёқут Ҳамавий (574-626/1179-1229) дўсти, вазир Жамолиддин Алий ибн Юсуф Қифтий Ҳалабий раҳимаҳуллоҳга ёзган рисоласида фақирликда яшашдан кўра ўлимни афзал кўришини айтади. Бу рисолани Қози ибн Халликон ўз китобида келтирган:

Ўлим фақирликдан яхшироқ, бешак,
Бойлик илинжида тарк этдим уйни.
Шиор этиб борар умидвор юрак
Хорликдан ўлим соз деган бир ўйни.

Нимадир топарман шаҳарлар кезиб
Ризқим талабида юрарман токи.
Давлат қуши қўнгай елкамга келиб,
Нотаниш манзилда ўларман ёки.

155. Ҳасан ибн Муҳаммад Аздий.
Фақирликда кун кечирган уламоларнинг аксарида фақирлик жуда кучайиб кетганида вазир, адиб Ҳасан ибн Муҳаммад Аздийнинг (291-352/904-964) шеърини ёдга олар эдилар. Бу зотнинг таржимаи ҳоли ва бошдан кечирганлари кейинроқ келтирилади. У ҳам камбағал бўлиб, узоқ муддат шу ҳолатда яшаган:

Ўлим сотилса гар, ўзим харидор,
Шунчаки яшашда топмадим маъни.
Ўлим келса эди, ширин, беғубор,
Жирканч яшамоқдан қутқарса, қани.

Узоқдан кўринса бирорта қабр,
Ундан кейингиси меники бўлса.
Яқин кишисига эҳсон қилганнинг
Вужуди Аллоҳнинг раҳмига тўлса. 

 
Ўша олимлар унинг қаттиқ ночор бўлиб қолган пайтида битган қуйидаги шеърини ҳам айтар эдилар:

Кўпайтир десам гар балоларингни 
Билки, бунинг учун қодир эмассан.
Ўликсан,менингдек ҳаёт бор десам,
Аниқки, бунинг-чун “лаббай” демассан.

156. Абу Исҳоқ Ғаззий.
Уламоларнинг бу борадаги мулоҳазаларини шоир Абу Исҳоқ Ғаззийнинг айтган сўзлари билан якунлайман. У мусибатларга сабр билан чидаган буюк зотларнинг тилидан шундай дейди:

Тоқат етмайдиган юкни кўтардик, 
Асабни кўтарган синиқ суякдек.

Яна бир кишининг тун зулматидек қора фақирлик уни қаттиқ қучиб, бўйнига осилиб олгани, нафасини сиқиб, қаршилигига қарамай, фақирлик уни дўст тутгани, бутун умр сафарга чиқиб, чўлу саҳроларда кезиб юришига қарамай, ундан ажрамаганлиги ҳақидаги сўзларини ҳам келтиришни лозим топдим. У фақирлик балосидан шикоят қилиб, шундай дейди:

Тунларни ёритган ой билан қасам,
Йўлимиз зулматдан қоронғироқ лек.  

157. Маҳмуд Замахшарий.
Араб тилининг имоми, асарлари машриқдан мағрибгача етиб борган зот Маҳмуд ибн Умар Замахшарий фақирлик ва камбағалликдан нолиб, ўзининг узун қасидасида шундай дейди:

Ҳар қанча фазилат берарми фойда,
Агар жоҳилларга ўзни тенг кўрсам.
Дунё улар учун тахт қурган жойда,
Мукаммал қонунлар истаб югурсам.

Зийнатлар парчадир замон зайлида,
Улуғ гарданларга беролмади зеб.
Бори фазилатим кимлар майлида
Қўшиқдек куйланар карвонда ҳадеб.

Чекка шаҳарларга етган байтларим,
Нурдек етиб борган рисолам қанча.
Фикримга сатрлар келган пайтлари,
Бўғинлар машқида қолгуси анча.

Унинг қуйидагича шеъри ҳам бор:
Замондан заррача ёзғирмам, аммо
Ёмон аҳволимдан қилгум шикоят.
Жоҳиллар турмуши бўлганча аъло
Илм аҳллари ночор ниҳоят.

Кунлар қарз сўраш-ла ўтар гоҳида,
Жавоблар барчаси: “Кейин бераман”.
Роббимга арз этай дилим оҳида,
Орзум тадбирига боғлиқ, биламан.

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бойлардан қарз олиб, фақирларга тарқатарди...

1887 06:40 04.05.2020

Энг муҳтож фақир ким?

1647 22:41 18.02.2020

Фақирларнинг кўнглини кўтариш…

1162 11:00 12.02.2020

Фақирлик – қалб бўшлигида...

1452 08:00 31.01.2020
« Орқага