Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (62-қисм)

714

177. Яҳё ибн Маин.

Ҳофиз ибн Ҳажар “Таҳзийбут-таҳзиб”да, Улаймий “Манҳажул Аҳмад” китобидаги “Жарҳ ва таъдил илми” бобида бағдодлик имомлар имоми, Бухорий, Муслим ва бошқа ҳадис имомларининг устози Яҳё ибн Маин (158-233/775-848) ҳақида қуйидагиларни айтади:

“У Абу Жаъфар Мансурнинг халифалиги даврида, 158/775 йили туғилган. Унинг отаси Маин ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Моликнинг котиби эди. Сўнг у Рай шаҳрининг хирожига масъул бўлиб ўтди ва ўша ерда вафот этди. У ўғли Яҳёга бир миллион эллик минг дирҳам пул қолдирган эди. Яҳё ибн Маин пулларнинг ҳаммасини ҳадис ўрганишга сарфлаб юборди, ҳатто киядиган оёқ кийими ҳам қолмади”.

Яҳё ибн Маин вафот этгач, бир юз ўн тўрт жавонга тўладиган китоб ҳамда китоблар билан тўлдирилган тўртта шаробий хумдон қолган (“Таҳзибут таҳзиб” китобида “йигирмата хумдон” дейилган).

178. Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Мубашшир Сақафий Мўътазилий.

Қози Абдулжабборнинг “Табақотул мўътазила”, Ибн Муртазонинг “Муня ва Амал” китобида олим, фақиҳ, обид Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Мубашшир Сақафий Мўътазилий Бағдодий (234/849 йилда вафот этган) ҳақида шундай сўзлар келтирилган:

“У илми ва тақвоси билан машҳур эди. Ривоят қилишларича, муҳтожлик уни шу даражада қийнаб қўядики, ҳатто ака-укаларининг закотидан озгина олишга мажбур бўлади. Бир куни унинг ҳузурига бир савдогар келади. У савдогар билан никоҳдаги совчилик ҳақида суҳбатлашади. Савдогар унга қойил қолади, аммо ҳолатини яхши деб ўйлайди. Бироқ ҳол-аҳвол сўраганида Абу Муҳаммад Жаъфарнинг камбағаллиги маълум бўлади. У Абу Муҳаммад Жаъфарнинг ҳузуридан чиқиб кетганидан кейин у зотга беш юз динор пул юборади. Аммо Абу Муҳаммад Жаъфар уни олмай, қайтариб юборади. У зотга: “Султоннинг молидан шубҳа қилиб, қайтариб юборганингни маъзур тутар эдик. Бу киши савдогар бўлса, моли ҳалол касбдан-ку, у сенга бу пулларни чин дилдан берган эди. Қайтаришингга қандай асос бор?” дейишди. Абу Муҳаммад Жаъфар: “У айтган гапларим, қилган насиҳатларимни эшитиб, менга тасанно айтди. Уни Аллоҳ таолога даъват қилганим, панд-насиҳатим учун пул олишимни ҳалол деб ўйлайсанми? Агар у пулларни даъват ва насиҳат қилишимдан олдин берганида албатта олардим”, деб жавоб берган экан”.

179. Муҳаммад ибн Рофеъ Найсобурий.

“Тазкиратул ҳуффоз”, “Таҳзиббут таҳзиб” ва Ҳофиз Миззийнинг “Таҳзибул камол” китобларида ҳофизул қудва, Бухорий, Муслим ва улар табақасидагиларнинг устози Муҳаммад ибн Рофеъ Найсобурий (250/864 йилда вафот этган) ҳақида қуйидагилар келади:

“Закариё ибн Даллувяҳ айтади: “Амир Тоҳир ибн Абдуллоҳ Хузоий элчиси орқали Муҳаммад ибн Рофеъга минг дирҳам пул юборди. Элчи унинг олдига аср намозидан кейин кирди. Қараса, у нон билан фижл (редиска) еяётган экан. Олдига ҳамённи қўйиб, “Амир Тоҳир бу пулни оилангизга ишлатишингиз учун бериб юборди”, деди. Муҳаммад ибн Рофеъ эса унга: “Ол буни, ол! Бунга эҳтиёжим йўқ. Қуёш ҳам деворларнинг тепасига етиб қолди, бир оздан сўнг ботади. Мен саксондан ўтдим. Яна қанча яшайман?” деб, пулни қайтариб берди. Элчи пулни олиб, қайтиб кетди. Шу пайт Муҳаммад ибн Рофеънинг олдига ўғли келиб, “Отажон, бу кеча ейишга нонимиз йўқ эди”, деди. Муҳаммад ибн Рофеъ бизнинг олдимизга қаҳратон совуқда ҳам устида фақат кечаси киядиган ёпинчиғи бўлган ҳолда чиқаверар эди”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

448 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

614 22:55 13.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (65-қисм)

651 22:00 12.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (64-қисм)

566 22:05 11.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (63-қисм)

504 22:00 10.06.2021
« Орқага