Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1371

198. Абул Ҳасан Алий ибн Довуд.

Ҳофиз Заҳабий ўзининг “Маърифатул-қурроъу кибор ъалат-табақоти вал-аъсор” китобида Абул Ҳасан Дороний Қаттон Алий ибн Довуд Дамашқий ҳақида шундай дейди: “У Дамашқ жоме масжидининг имоми, қориси ва ўша ерда ҳадис айтувчи зот эди. У 402/1012 йилда, тахминан тўқсон ёшларида вафот этган. У зот ҳақида Заҳабийнинг китобида қуйидагилар келган:

“У буюк қориларнинг бир жамоасига Қуръон ривоятларини қироат билан ўқиб берар ва бошқалар ҳам ундан ўша ривоятларни ўрганар эди. Шогирди Рашо ибн Назиф Мааррий Дамашқий: “Мен Ибн Омирнинг қироатдаги ривоятида Абул Ҳасан Дороний Қаттондан кўра моҳир ва мустаҳкам киши билан учрашмаганман”, деб айтган.

Наҳв олими Абдул Мунъим айтади: “Қози Абу Муҳаммад Алавий ва бир жамоа шайхлар 388/998 йилда Дорайя томон йўл олиб, Алий ибн Довуднинг ҳузурига, у кишини Дамашқ жомеъ масжидида имомликка ўтказиш мақсадида олиб келгани йўлга отландилар. Уни Дорайя аҳлининг тўсқинлиги ва улар билан бўлиб ўтган беллашувдан сўнг олиб келишди”.

Ҳофиз ибн Асокир айтади: “Мен Ибн Акфонийнинг баъзи устозларидан ривоят қилган (қуйидаги) сўзларини эшитганман: “Абул Ҳасан ибн Довуд Дорайянинг имоми эди. Дамашқ масжидидаги имом вафот этгач, шаҳар аҳли уни олиб келиш учун Дорайяга борди. У ернинг аҳолиси қурол-аслаҳаларини тақиб олиб, “Имомимизни олиб кетишингизга йўл қўймаймиз”, деб туриб олишди. Шунда Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Наср: “Эй Дорайя халқи! Сизлар барча юртларга “Дамашқ аҳолиси имомликда Дорайя аҳлига муҳтож экан”, деган сўз тарқалишига рози эмасмисизлар?” деди. Шунда улар: “Бўлди, рози бўлдик” деб, уни дамашқликларга топширишди.

Унга қозининг хачири тақдим қилинганда рад қилиб, ўз эшагини минди ва улар билан бирга Дамашққа кириб борди. У ерда Дамашқ жомеъ масжидининг шарқий минорасида яшади. Имом масжиддаги ўрта пештоқнинг шарқ томонида қироатдан дарс берар эди. У имомлик қилгани учун ҳеч қандай пул олмас, Қуръон ўрганган киши яхшилик қилмоқчи бўлса, қабул қилмасди. У Дорайядаги ўз еридан чиққан ҳосил ҳисобига кун кечирарди. Елкасига буғдойдан етарлича ортиб, тегирмон томон йўл олар, у ерда буғдойни тегирмондан ун қилиб чиқарарди. Сўнгра ўша ундан ўзи хамир қориб, нон ёпар эди. Абул Ҳасан Алий ибн Довуд донишманд инсон эди, шомлик билимдонларнинг қироат бўйича пешвоси эди. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин!”

Бир улуғ зотларни эсладим хушнуд,

Хотирим бир ажиб фараҳга тўлди.

Қайсидир “зотлар”ни ёдладим беҳуд

Билдимки, бу ишим бемаврид бўлди.

199. Шайх Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Асфаройиний.

Тожиддин Субкий “Табақотуш шофеийятил кубро” китобида Абу Ҳомид Асфаройиний (344-406/956-1016) ҳақида шундай ёзади:

“Шайх Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Асфаройиний шофеий мазҳабининг ҳофизи ва имоми, илмнинг мустаҳкам тоғларидан бири, умматнинг олимларидан эди. У Асфаройинда таваллуд топиб, ёшлигида Бағдодга келган. У ерда Абул Ҳасан ибн Марзубон ва Абул Қосим Доракийларнинг қўлида фақиҳлик даражасига эришиб, ўз замонасининг йирик имомларидан бири бўлган. У Абдуллоҳ ибн Адий, Абу Бакр Исмоилий, Абул Ҳасан Дорақутий, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Абдакал Асфаройиний ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса шогирдлари, қозилар қозиси Абул Ҳасан Мовардий, фақиҳ Сулайм Розий, Абу Алий Синжий, Абул Ҳасан Маҳомилий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган”.

Шайх Абу Исҳоқ Шерозий айтади: “Абу Ҳомид Асфаройиний ўз замонида Бағдодда дин ва дунё соҳибларининг энг улуғи бўлган. У бутун ер юзини шогирдлари билан тўлдирган эди. Унинг илм мажлисида уч юз фақиҳ жамланар эди. Унинг сўзини маъқулловчи ва унга қарши чиқувчилар ҳам у зотнинг фазилатига, фиқҳда етуклигига, гўзал фикр ва соф илм эгаси эканлигига иттифоқ қилишган. Хатиб ҳам у ҳақда шундай дейди: “Эшитишимча, унинг илм мажлисига етти юз фақиҳ йиғилар экан. Кишилар: “Агар имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳомид Асфаройинийни кўрганида, албатта ундан хурсанд бўлар эди”, деб айтишган эди”.

Унинг подшоҳлар ҳузурида ҳам обрўси катта эди. Шу билан бирга, ундаги диний мукаммаллик, тақво, зуҳд таҳсинга лойиқ бўлиб, у вақтини таълим бериш ва илмий мунозаралар билан ўтказар, яхшилик қилиш асносида ҳам мулоҳаза билан сўзлар, ортиқча гапиришдан четланар эди.

Халифа амирул мўминин томонидан бир иш қилинса, шайх Абу Ҳомид унга қуйидагиларни ёзишга мажбур бўлган эди: “Билгинки, сен мени Аллоҳ таоло тайинлаган ўриндан бўшатишга қодир эмассан. Мен эса Хуросонга икки-уч сўздан иборат мактуб йўллаб, сени халифаликдан бўшатишим мумкин”.

Шогирди Сулайм Розийдан ривоят қилинишича, шайх Абу Ҳомид дастлаб баъзи кўчаларнинг қўриқчиси бўлган, қўриқчилик ортидан нон топган ва қўриқчилик пайтида чироқ ёғдусида китоб мутолаа қилган экан. У ўн етти ёшидан бошлаб то вафот этгунига қадар қирқ беш йил давомида фатво берган. Вафоти яқинлашганда: “Фақиҳлик даражасига етганимизда вафот этяпмиз”, деган экан. Аллоҳ уни ўз раҳматига олсин”.

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

811 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

377 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

582 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

606 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

793 22:55 13.06.2021
« Орқага