Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

811

200. Ҳусайн ибн Муҳаммад Табарий Кашфулий.

Тожус Субкий ўзининг “Табақотуш шофеийятил кубро” китобида 414/1024 йилда Бағдодда вафот этган Ҳусайн ибн Муҳаммад Табарий Кашфулий[1] ҳақида шундай ёзади:

“Ҳикоя қилинишича, шайх Кашфулийнинг шогирдларидан бири унинг ҳузурига келиб, қашшоқликдан ва отаси юбориб турадиган пул кечикканидан шикоят қилди. Шунда шайх унинг қўлидан ушлаб, “Қатийъатур Рабиъ”даги[2] бир тижоратчининг олдига олиб бориб, савдогардан унинг учун эллик дирҳам қарз сўрабди. Савдогар: “Келинглар, бирор нарса еб олайлик” деб, дастурхон тузабди. Бироздан сўнг: “Эй жория, пулни олиб чиқ”, деб жориясини чақирибди. Жория бир қисм пул олиб чиққач, савдогар ундан эллик дирҳамини шайхга берибди. Улар ўринларидан туриб, йўлга тушаётганларида толиби илмнинг юзида ўзгариш пайдо бўлибди. Шунда Кашфулий ундан: “Сенга нима бўлди?” деб сўрабди. У: “Жанобим, юрагимга мана шу жориянинг севгиси тушиб қолди”, дебди. Шайх уни яна савдогарнинг ҳузурига олиб бориб, “Яна бир фитнага дучор бўлибмиз”, дейди. У: “Фитна нима экан?”, деб сўраса, “Мана бу фақиҳ жориянгни ёқтириб қолибди”, дебди. Шунда савдогар жориясини чақириб, уни ёш фақиҳга берибди ва: “Эҳтимол, жориянинг қалбида ҳам фақиҳнинг қалбидаги туйғу пайдо бўлгандир”, дебди.

Орадан бир неча кун ўтгач, фақиҳнинг отаси юборган олти юз динор пул етиб келибди. У пулни олиб, зиммасидаги жориянинг пули ва қарзини тижоратчига қайтариб берибди.

201. Абу Мансур Муҳаммад ибн Ҳусайн Айюбий Найсабурий.

Ибн Асокирнинг “Табйийни кизбил-муфтарий” асарида 421/1030 йилда туғилган Абу Мансур Муҳаммад ибн Ҳусайн Айюбий Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида шундай дейилган:

“У имом, устоз, ҳужжатуд дин, соҳибул баён ва соҳибул ҳужжати вал бурҳон, фасоҳатли тил ва тўғри фикр соҳиби, ўз замонида ва ундан олдин ҳам, кейин ҳам ўтган кишилар орасида ашъарий мазҳабидан яхши хабардор бўлган киши эди. Унинг “Талхисуд-далоил” асари ақида уламолари томонидан тан олинган бўлиб, бошқа яна кўплаб машҳур китоблари бор.

У ёшлигида устоз Абу Бакр ибн Фавракнинг қўлида таълим олди. Кейин ҳам унинг йўлини маҳкам тутди. Фақир ва қўли калта бўлса ҳам, илм йўлида қаттиқ жидду жаҳд кўрсатди. Ҳатто чироқнинг ёғини сотиб олишга пули бўлмаганидан ой ёруғида дарсларни мутолаа қилиб, шарҳлар эди ва айн пайтда фақирлик билан курашиб, доимо тақвони ўзига лозим тутар эди. Шубҳа аралашган моллардан ҳеч нарса олмас эди”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)


[1] Кашфулий – Табаристондаги Кашфул қишлоғига берилган нисбатдир.

[2] Бағдоддаги жой номи.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1372 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

377 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

582 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

606 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

793 22:55 13.06.2021
« Орқага