Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шайх ҳазрат сабоқларидан: Илм талаб қилишдаги уч асосий омил

1267

Илм — дунё ва охират саодатининг бирдан-бир манбаидир. “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, дея Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ унга равон ва ҳеч ўзгартириб бўлмас таърифни берган эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳда ҳам худди шундай улуғларга хос услуб бор эди. Бу пайғамбарларнинг, қолаверса, уларга чин ворис бўлган олимларнинг услуби. Аллоҳ берган илҳом: содда, халқчил услуб билан ифодаланган баённинг катта маъноларни ифода этиши. Банда талаби илм йўлида риёзат ва машаққатлар манзилларини кечиб ўтибгина бундай ҳикматга эришади.

Шайх ҳазратлари ўз асарларида илм талаб қилувчининг (мутааллимнинг) биринчи галдаги одобларини кўрсатар эканлар, ўзларидаги илмларни камолга етказишда ана шу уч асосий омилга қатъий амал қилганликларини замондошлари, яқин дўстлари хотирлайдилар.

Улар қуйидагилардир:

  1. Илм талаб қилувчи шахс нафс поклигини ахлоқий разийлат ва ёмон сифатлардан юқори қўймоғи лозимдир. Зотан, илм қалбнинг ибодатидир.
  2. Илм талаб қилувчи шахс ўзини чалғитувчи нарсалардан алоқани кесмоғи лозим. Чунки, фикр бўлинса, ҳақийқатларни идрок қилишдан ожиз бўлиб қолади. Салафи солиҳлар илмни бошқа барча нарсадан юқори қўяр эдилар. Баъзилари илмда кўзлаган мақсадларига эришмай туриб, бошқа нарсаларга қўл урмас эдилар.
  3. Илм талаб қилувчи шахс худди бемор ўзини табибга топширгани каби, устозига тамомийла бўйсунмоғи, унга тавозуъ кўрсатмоғи ва хизматида қоим бўлмоғи керак. (“Руҳий тарбия”)

Ҳазратнинг талабалик даврларидаги фазилатлари хотиралари билан юқоридаги уч асосий омил у зотнинг амалий ҳаракатларида зоҳири бўганини англаш мумкин. Кўп йиллар Шайх Ҳазратлари билан таҳсил олган сафдошларидан бирлари Зоҳиджон домла Қодиров шундай дейдилар:

  1.  Бухорода тахсил олаётганимизда Муҳаммад Содиқ ўзларининг тиришқоқликлари, камтарликлари, чиройли муомалалари билан ажралиб турар эдилар.

Шайх хазратларида динга, эътиқодга, руҳий тарбияга эҳтиёж жуда баланд бўлган.  Илм талабида тўхтовсиз изланишда, мехнатда эдилар. Биринчи таълимни оталаридан олганлар, сўнгра устозларидан сабоқ олиб, кейинчалик Бухородаги Мир Араб мадрасасида таълим олдилар. Ана шу мадрасада таълим олиш даврида Ҳазрат билан бирга таҳсил олган талабаларнинг эътирофларича, у киши ярим тунда мадраса таҳоратхонасининг покизалигига хизмат килиб, талаба дўстлари учун сувларни тайёрлаб қўяр эканлар. Буни бошкаларга билдирмас эканлар. Шундай бўлсада, баъзи зийрак талабалар билиб олишган экан (Анвар қори Турсунов).

  1. У кишининг баъзи талабалар каби бўш вактларида кинога тушиб ёки истироҳат боғларида сайр килиб юрган ҳолатларини асло кўрмаганмиз. Муҳаммад Содиқ доимо сабоқларини кайтараётган ёки Қуръон ёдлаётган, ёки арабча луғатларни ҳифз қилаётган бўлардилар.

Мадрасада иттифоқнинг турли юртларидан келган ҳар хил миллат вакиллари таълим олар, одатда талабалар ҳужрада ўз миллатига мансуб кишилар билан бирга туриш истагида бўларди. Аммо Муҳаммад Содиқ хужрада бирга яшаш имкониятидан ҳам унумли фойдаланиш мақсадида Россиядан келган талабалардан доғистонлик қумиқ миллатига мансуб Илёс ва авар миллатига мансуб Муртазо Алий исмли талабалар билан бирга турар эдилар. Мақсадлари улар билан рус тилида сўзлашиб, бу борадаги малакаларини ошириш бўлган экан (З. Қодиров).

  1. Бизга «Оётул-аҳком» ва «Усулул-фиқҳ» фанларидан дарс берадиган Тойиб Аннаос исмли устозимиз бор эдилар. У кишининг кўзлари ожиз бўлиб, Ливиядаги энг машҳур олимлардан эдилар. Дарс беришдан ташқари биз ўқийдиган ўқув юртига яқин жойдаги «Изоатул-Қуръан» студиясида Қуръон тафсири бўйича ва бошка диний мавзуларда эшиттириш ва маъруза қилар, саволларга жавоб берар эдилар. Ана шу устозимизнинг биздаги дарслари тугагач, Шайх ҳазрат кўпинча у кишига ҳамроҳлик қилиб «Изоатул-Қуръан»га олиб бориб қўяр, шу аснода устоздан кўплаб зарур нарсаларни сўраб олишга ҳаракат қилар, энг асосийси, устознинг дуоларини олар эдилар (З. Қодиров).

Шунингдек, ҳадис ва фиқҳ фанларидан дарс ўтадиган Муҳаммад Робтий исмли яна бир устозимизнинг ҳам кўзлари ожиз эди. У киши бизларга дарс бериш билан бир вақтда университетнинг сиртқи бўлимида ўкиб, илмий иш ёқлаш учун рисола ёзар эдилар. Ана шу илмий ишни ёзишда фойдаланиш учун Шайх ҳазратни кўпинча уйларига олиб кетиб, Ҳазрат ёрдамида манбалардан фойдаланарди. Ҳатто устоз илмий иш бўйича ёзма имтиҳон топширганларида ҳазратни ўзлари билан бирга олиб борганлар ва шу тарзда Ҳазрат бу устознинг ҳам дуоларига мушарраф бўлганлар.

Илмига қандай амал қилишни биз авлодларга таълим бериб кетган фазилатли Устозимизни Аллоҳ таоло жаннатларда мақомларини баланд қилсин!

 

Зоиржон Содиқов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Фарзандларимга ҳайкалларни ибрат қилиб кўрсатдим...”

2203 18:05 21.11.2021

«Шайх ҳазратлари ўз исмига мос, содиқ ҳаёт кечирганига амин бўлдим» – мисрлик олим эътирофи

2264 18:35 18.11.2021

Ҳаётимда ўчмас из қолдирган Аллома...

2537 14:05 25.07.2021

АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

1473 08:40 31.05.2021

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидида қуръоний суҳбатлар  

751 17:00 29.04.2021
« Орқага