Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шайх ҳазратлари Горбачевдан Ҳаж зиёратига рухсат сўраган

6578

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўтган асрнинг охирларида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида раҳбар бўлиш билан бирга Собиқ Иттифоқ олий кенгаши депутати этиб ҳам сайлангандилар. У зот мазкур ваколатдан фойдаланиб, Горбачев билан учрашган ҳамда СССР раҳбаридан юртимизда масжид ва мадрасаларнинг очилиши борасида мурожаат қилганлар. Бу ҳақда шайҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари, «Имом Термизий» масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ўз хотираларига таяниб, шундай фикрлар билдирди.

— Ҳазрат тинмасдан китоб ёзганлар. Чунки диннинг ғами, ҳар бир нафаслари диннинг ғамида бўлган. Ҳар бир нарсага улгурардилар – ҳайрон қолардик. Ҳақиқатдан ҳам илми ладуний берган, илми роббоний берилган зот эдилар. Бу илмни, бу қувватни оддий машғулот билан, инсон ўзини ҳаракати билан эриша олмайди. Агар Аллоҳ ўзи назар солиб буни бермаса, Аллоҳ туғма қобилият бермаса, бундай ҳолатга инсон ҳаракати билан эриша олмайди. Қанча-қанча инсон ҳаракат қилаяпдти, лекин Аллоҳ бермаганлиги учун ҳеч нарса қила олмаяпти.

1989 йил шайх ҳазратлари ўзлари айтиб бергандилар, ўзлари билан алоҳида суҳбатлашиб ўтирганимизда: «Устоз, Горбачев билан учрашган экансиз ҳаж масаласида, шу учрашув тўғрисида бир айтиб беринг» дедим.

"1989 йилда Москвага борсам, христиан, яхудий ва бошқа динларга анча-мунча эркинлик берилган экан, черковлар очилибди, уларни илмини ўргатадиган мактаблар очилибди. Лекин бизни юртда ҳеч қандай бирор-бир шароит  йўқ эди. Шунда мажлисдан кейин Горбачев билан учрашдим", дедилар.

Ёши катта кишилар билишади Горбачовнинг ким эканлигини. Ёшларга тушунарли бўлиши учун айтай, ҳозирги кундаги 15 та мамлакатнинг подшоси, ўша пайтда 15 та республика бўлган, ҳозир 15 та мамлакат бўлиб кетди. Ўн бешта давлатнинг подшоси Американи зир титратиб турган подшо ана энди ким эканлигини тасаввур қилаверинглар. Ана шундай инсон билан Шайх ҳазратлари тўғри бориб учрашибдилар.

Горбачевдан сўрабдилар: “Нима учун христиан, яҳудийлик ва бошқа динларга эркинлик берилди, ахир биз ҳам шу Совет мамлакатининг бир бўлагимиз-ку?! Нима учун бизни Ислом динимизга эркинлик берилмаяпти?!”

Горбачев: “Бундан менинг хабарим йўқ, сиз ёзма равишда менга бир маълумот беринг, кўриб чиқайлик. Кейин бирор нарса деб айтармиз" дебди.

Шайх ҳазратлари ухламасдан ўн олти варақ биз мусулмонлар аҳволимиз тўғрисида маълумот ёзибдилар.

“Кейин яна ўша йиғилишда учрашиб, уни тақдим этдим. Мажлис тугаяпти, лекин Горбачевдан садо йўқ. Энди нима қилсам экан, дейман. Чунки Горбачев билан осонликча учрашиб бўлмайди. Унинг шунақанги қўриқчилари кўп, атрофига бирорта одамни яқин йўлатмайди. Мажлисдан ҳамма чиқиб кетди, битта мени ўзим ўтирибман. Бир пайт Горбачев тепадан бутун қўриқчилари билан бирга зал томонга қараб юра бошлади, энди нариги эшикдан чиқиб кетади, деб ўйлаб турсам, тўғри мени ёнимга келди ва сўрашиб туриб: “Хатингизни ўқиб чиқдим, мен шунча нарсадан бехабар эканман. Юртимизда мусулмонлар бор экан, шунча ташвеши бор эканку, шунча талаб-истаклари бор экан-ку, нима учун ҳеч ким айтмаган? Бу учун каттакон раҳмат сизга, сиз мени бу ишдан бохабар қилдингиз, агар сиз бохабар қилмаганингизда, қанча-қанча бу ишлар қолиб кетган бўларди”, деди. Мен шунақанги хурсанд бўлиб кетдимки, тўғри залдан чиқиб меҳмонхонага кириб, идорага телефон қилдим. “Ҳажга рухсат бўлди, одамларни йиғаверинглар, қанча ҳажга борадиган бўлса, рухсат! Мадрасалар, масжидлар очилади энди, рухсат бўлди Горбачевдан” деб телефонда айтдим чидай олмадим. Уч-тўрт кундан кейин ўзим етиб келдим, масжидлар очила бошланди”.

Ўша пайтда бутун Совет мамлакатлари бўйича 14-15 нафар одам ҳажга борган. Бирданига бир ярим минг одамни ҳажга бориши у пайтда биласизларми нима эканлигини?! Бир тасаввур қилинглар! Шундай катта одам билан учрашиб, ўз сўзини айта олиб, қўлига қоғозини бериб, ундан бир натижа олишни ҳозир тасаввур қилинглар қанчалик қийин эканлигини. Унча-мунча одам бунга журъат қила олмайди. Аллоҳ субҳана таоло берган шундай қувват бор эди уларда, шундай шижоат, ғайрат бор эди.

Ўша пайтда, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг диний идорасининг муфтийси бўлиб турган ҳолатларида мана шундай шижоат билан бутун Совет мамлакатлари орасида мўмин мусулмонлар учун катта бир эркинликка сабабчи бўлган инсон, шу зот эмасми! Буни кўпчилик билишмайди ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолди-да деб ўйлайди. Ҳажга боришлар, масжидлар очилиши ўз-ўзидан рухсат берилди деб ўйлайсиларми? Йўқ, Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан бўлган, Аллоҳ уларни сабабчи қилиб қўйган бизни бошимизга.

Ана ундан кейин кўринг юртимизни қанақанги исломобод бўлиб кетди, юзлаб, минглаб масжидлар очилиши бошланди, минглаб одамлар ҳажга боришди.

Ҳажга борганлар баъзи бирлар фисқу фасод уйғотишди. Шайх ҳазратларининг ҳурматидан уч йилгача Ўрта Осиё мусулмонларини Саудия Арабистони подшоси бепул ҳаж қилиши учун “меҳмоним” деб эълон қилди. Буни қаранг-а, бир инсонни ҳурматидан уч йилгача ҳожиларимиздан пул олмади, бепул меҳмон қилишди. Фақат йўл кира учун кимлардандир пул олса, ўша пайтда фисқу фасод қилганлар бор: “Бепул бўлган экан, биздан пул олди” деб. Меҳмондорчилик бепул бўлган, йўл кираси пулли бўлган.

Азизлар! Бу шайх ҳазратларининг ҳурматидан бўлган эди. Энди баралла айта оламиз бу нарсани, у киши тўғрисидаги бунақанги фикрлар гапириб тугатиб бўлмайдиган даражада кўп. Қанча-қанча олимларни устозлик қилиб ўтганларини кўрдим, лекин бу даражадаги ҳурматли инсонни ўтганларини кўрмаган эдим”, деб ўз сўзларини якунлади Исҳоқжон домла Бегматов.

Нурбек Ғофуров тайёрлади
Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Фарзандларимга ҳайкалларни ибрат қилиб кўрсатдим...”

2201 18:05 21.11.2021

«Шайх ҳазратлари ўз исмига мос, содиқ ҳаёт кечирганига амин бўлдим» – мисрлик олим эътирофи

2263 18:35 18.11.2021

Ҳаётимда ўчмас из қолдирган Аллома...

2537 14:05 25.07.2021

АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

1473 08:40 31.05.2021

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидида қуръоний суҳбатлар  

751 17:00 29.04.2021

Шайх ҳазрат сабоқларидан: Илм талаб қилишдаги уч асосий омил

1267 10:30 29.03.2021
« Орқага