Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

1379

Бугун марҳум шайхимиз, нафақат Ўзбекистон, балки дунёда ўз илми, ҳилми ва тақвоси билан машҳур бўлиб ўтган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафот этган кунлари.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.

«Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат хурофотларни йўқотиш» шиорини баланд кўтарган шайх ўта сермаҳсул ижод қилиб бир инсон қўлидан келиши амри маҳол бўлган ишларни бажариб кетдилар.

Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган эдилар.

Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. У илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5-босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадарасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди.

Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орқали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3-босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди.

Башоратлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик тугади, энди мубашширотлар – хушхабарчи тушлар қолди», деганлар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир мунча башоратлар ҳам бўлди. Биз улардан мисол келтириш билан кифояланамиз.

Замонанинг энг улуғ ҳанафий олимларидан ҳисобланган Муҳаммад Аввоманинг ўғли ёш, забардаст олим шайх Муҳюддин Аввома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган кеча эрталаб ўғли Исмоилжонга хат ёзди. У ўша тонгда тушида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни жуда гўзал ҳолатда кўрганини, Шайх Муҳаммад Содиқ унга Аллоҳнинг ҳузурида «шаҳид» деб қабул қилинганини айтганини сўзлаб берди. Ҳолбуки, у ҳали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотини эшитмаган экан.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жияни Фарида Абдуллатиф қизи Шайх вафот этган кун, ҳали дафн қилинмасидан бурун кўрган тушини шундай ҳикоя қилади:

«Бомдодга яқин кўзим илинибди. Тушимда Ҳазратни кўрдим. Вафот этган жойларида ётибдилар. Бошлари ўғиллари ёки жиянларининг тиззасида. Кўзлари юмуқ эди. Мен энгашиб: «Ҳазрат, жонингиз узилдими?» дедим. У киши кўзларини очиб-юмиб «ҳа» дея ишора қилдилар. Мен: «Қийналмадингизми?» дедим. У киши: «Йўқ. Фаришталар эркалаб олишди. Аллоҳ таолонинг жамолини узоқдан кўрдим», дедилар. Мен ҳайрон бўлиб: «Унда қандай қилиб мен билан гаплашяпсиз?», десам, жилмайиб қўйдилар. Кейин уйғониб кетдим».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан бир неча кун бурун жуда кўпчилик тушида озиқ тиши тушганини кўрган. Маълумки, кишининг тушида тиши тушса, яқини вафот этишидан дарак бўлади. Бу эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўпчиликнинг қалбида худди уларнинг отасидек ўрин олганига далолат қилади. Шунингдек, жуда кўпчилик у кишини тушида пайғамбарлар, авлиёлар билан кўрганини зикр қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимларнинг фикрлари

Ургутлик олим, фақиҳ, мутасаввиф, кароматлари зоҳир Арабхон эшон ўз вафотидан бир йилча бурун шогирдларига: «Биздан кейин Шайх Муҳаммад Содиқни маҳкам ушлайсизлар», деб васият қилган эди.

Доғистонлик олим Муҳаммад Ҳабибуллоҳ: «Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга муфтийлик даврида маслаҳатчи бўлганман. У кўплаб илмда моҳир эди. Эски-ю янги китобларни яхши биларди. Доғистон, Кавказ ва Ўрта Осиё улмолари бир овоздан унинг буюк олимлигини эътироф этган. У киши Исломга жуда катта хизмат қилганлар. У кишининг ҳақларида нима яхши гап бўлса, айтинг, нима мақтов бўлса, сўзланг, барибир кам».

Қирғизситонлик олим Шайх Алоуддин Мансур шундай дейди: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни илм аҳлигина яхши танийди. У киши илм толиблари ва барча халқ учун юқори ҳаракат билан шунча катта илмий мерос қолдирган бўлса-да, ўзидаги илмнинг ҳали учдан бирини ҳам тақдим қилиб бўлмаган эди. Мен мулоҳаза қилиб кўрсам, бундан тўрт аср муқаддам ўтган Мулла Алий Қорий 109 та асар қолдирган экан. Шайх Муҳаммад Содиқ эса 120 жилддан ортиқ асар ёзиб қолдирибди. У кишининг на қадар улкан дарахт бўлиб кетгани йиқилганда яна-да сезилди».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат сермаҳсул ижод қилиб, кишиларни тўғри йўлга бошлади, балки барча илм аҳлини, ҳамма мусулмонларни тўғри йўлга йўллаб, унда ўзи намуна кўрсатиб, ана шу соф исломий ҳидоятда бир қанча шогирдлар ҳам қолдирди ҳамда илмий ижодкорлик, китоб нашри, халқаро тармоқларда диний таълим-тарбия ишларини олиб бориш каби бир мунча хайрли фаолиятларни ҳам изга солиб кетди.

Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин!

У институт дастуридан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Иснтитутнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У нафақат ҳордиқ кунларини, балки 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан банд қиларди.

У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлади. 

1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди. 

У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва доруфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди.

1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси: 
1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;
1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.
У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.
У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъҳадга у олиб кирган эди.
1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди;
1989 йил декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди;
1993 йил июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди.

У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди. СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзуси бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. Катта сондаги мусулмонларнинг ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиб келишларига рухсат олди. У кишнинг  муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар ва бу ҳолат 1993 йилгача давом этди.

Устозлари

Бухорода Шаҳобиддин қори акадан қироатдан, Мухторжон домлада Алфиядан, шунингдек, Усмонжон домла, Қосимжон домла, Абдуллатиф домла каби йирик олимлардан мадраса дастуридан ташқари алоҳида дарслар олди. Тошкентда ҳам институт дарсларидан ортиб Исмоил махдум, Юсуфхон Шокиров каби олимлардан дарс олди. Ливияда ўқиган кезлари ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари ўша ердаги олимлардан алоҳида илм таҳсил қилди. Кейинчалик машҳур Муҳаммад ибн Алавий Моликий, Абу Ҳасан Надавий, Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис Араконий каби Ислом олами намояндаларидан турли соҳалардан илм ва ижозалар олди.

Шогирдлари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида 1981 – 1989 йиллар орасида мударрислик қилди ва бир қанча фанлардан дарс берди. Ўша йилларда институтда ўқиган барча талабалар унинг шогирди бўлган. Масалан, Кавказ бош муфтийси Исмоил Бердиев, Россия муфтийси Равил Айниддин, Чеченистон муфтийси ва илк президенти Аҳмад Қодиров, доғистонлик имом Муҳаммад Расул, озарбайжонлик олим Мулкадор каби кўзга кўринган дин арбоблари ҳам унга шогирд бўлишган. Ундан ташқари Ливияда Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Ризққулбек каби бир қанча ўзбек талабаларга ҳам алоҳида устозлик қилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ 2001 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, мамлакатдаги кўплаб илм аҳллари унинг атрофига тўпланишди. Уларнинг аксарлари унга шогирд бўлди.

Илмий фаолияти:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк мақолалари 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» нашриётида ишлаган кезлари нашр қилина бошлаган.

1991 – 1993 йиллари «Тафсири Ҳилол» номли Қуръони Карим тафсирининг 28 – 30-жузлари ҳамда «Поклик иймондандир» китоби, 1992 йили «Иймон» ва «Шоядки тақводор бўлсак», 1997 йили «Ислом мусаффолиги йўлида» асарлари чоп қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида юрт ташқарисида бўлди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат Тафсири Ҳилол, ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган Ҳадис ва Ҳаёт асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У «Тафсири Ҳилол» китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, Ҳарам олдида таълиф этди. Ҳадис ва ҳаёт асарини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида, у зотнинг изнлари билан бошлади ва қолган қисмини Ливияда ёзиб тугатди. Ундан ташқари, кўплаб давлатларда бўлган халқаро кофиренсаларда, илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келди. Ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоблар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан халқнинг диний саводи ошишига, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, ҳанафий мазҳаби мустаҳкамланди, хатарли фитналарнинг олди олинди, қанчадан-қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади, мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди, эл орасида тинч-тотувлик, дўстлик руҳи таралди.

Унинг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага илк бор асос солинди. Ушбу islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Islom.uz портали асосида турли йўналишлардаги йигирмадан ортиқ мустақил саҳифа яратилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди. У тўққизта ҳадис тўплами таржимасидан иборат «Олтин Силсила» ҳамда катта «Ислом қомуси» лойиҳалари асосчисидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур фаолиятлари билан Марказий Осиёда илмий уйғониш ясади. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У ўз асарларининг бошида берадиган юқорида кўрсатилган шиорига ҳар доим амал қилди. У соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Юзлаб шогирдларни тарбиялади. Унга ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон-саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. Унинг ташаббуси билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Шунингдек, унинг асарлари уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби бир мунча қардош тилларга ҳам таржима қилинган ва қилинмоқда. Марказий Осиёда бунчалик сермаҳсул, унумли ва таъсирли ижод қилган олимни ўтган икки-уч аср ичида ҳам топиш мушкул.

Асарлари:
Ёзма асарлар:

1.    Қуръони Карим маъно таржимаси.
2.    Тафсири Ҳилол. Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат;
3.    Ҳадис ва Ҳаёт. Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат-тажул-жамиъ лил-усул фи аҳадисир-росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган.

Булардан ташқари нашр этилган турли мавзудаги ўнлаб китоблари ҳалигача қайта-қайта нашр этилмоқда.

Маънавий сифатлари

Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самимий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олийжаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Майдакашликни ёқтирмасди, ғийбат-иғвога мутлақо қарши эди. Ўзининг хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Сунатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қиларди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало ўзи унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмасди. Дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмасди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илмга муҳаббати чексиз эди. Унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди. У талабалик давридан бошлаб ўзи учун кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган бўлиб, бу низом «темир қонун» саналарди. У бунга қатъий амал қиларди. Бирор онни беҳудага сарф қилмасди. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ ўзида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшолардек сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толибликни жамлаган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлади. Ҳар қандай ҳолатда ўзини йўқотмас забардаст эди. Ҳайбатидан бошқалар унинг олдида ўзини ҳам, сўзини ҳам йўқотиб қўярди. 
Шайх Муҳаммад Содиқ меҳри дарё инсон эди, кенг бағри ҳаммани ўзига сиғдира оларди. У билан яқиндан мулоқот қилган барча одамлар ўзини унга энг яқин инсон деб ўйларди. Ҳеч кимдан меҳру мурувватини аямас, ҳар кимнинг арзини эшитар, додига қулоқ тутар эди. Ҳатто кишилар ўз дардларини ота-онасидан кўра у кишига арз қилишни кўпроқ исташарди.

Вафоти

2015 йилнинг 10 март куни кечқурун ижтимоий тармоқда шайх ҳазратларининг вафоти тўғрисида маълумотлар тарқала бошлади.  Аввалига ишонмаган бўлсак-да, кейин бу машъум хабар аниқ бўлгач, эртасига Тошкентга бутун Ўзбекистондан Ҳазратнинг мухлислари оқиб кела бошлади.

Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши Масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти мусулмон умматига, хусусан, ўзбекзабон мусулмонларга катта мусибат бўлди. Ўша кунларда унинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг мусулмонларнинг қалбидан қанчалар буюк ўрин олгани намоён бўлди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кишиларнинг ихлос-муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, унинг ортидан бутун халқ дуойи хайрлар қилди, кўпчилик ўз ихтиёри билан хатми Қуръонлар, хайру садақалар, турли маросимлар уюштирди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам унинг ҳаққига тиловати Қуръон ҳамда ғойибона жаноза ўқишди. Жанубий Кореяда Кожедодаги янги очилган масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номига қўйилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳаётимда ўчмас из қолдирган Аллома...

2252 14:05 25.07.2021

АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

1346 08:40 31.05.2021

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидида қуръоний суҳбатлар  

645 17:00 29.04.2021

Шайх ҳазрат сабоқларидан: Илм талаб қилишдаги уч асосий омил

1037 10:30 29.03.2021

Шайх ҳазрат сабоқларидан: фаҳш ва сўкиниб гапирманг!

1151 07:00 20.03.2021

Шайх ҳазратлари Горбачевдан Ҳаж зиёратига рухсат сўраган

6401 13:25 13.03.2021
« Орқага