Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

«Саййид Носирхон тўра Косоний»: Шайх Зуннун масжидининг вақфномаси

1013

Маълумки, сўфийлик таълимотида афсонавий даражага кўтарилган зотлардан бири Зуннун ал-Мисрий бўлган. Демак, зиёратгоҳнинг бу қадар машҳур бўлишини Шайх Зуннун ал-Мисрий номи билан боғлашда айнан тариқат соликларининг хизмати катта бўлган кўринади. Гарчанд бу борада ёзма манбада маълумотни учратмаган бўлсак-да, бу масалада “Тарихи Муллозода” китобида келтирилган қуйидаги маълумот билан чекланишни маъқул кўрдик: “Кашф ва аён аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг айтишича, агар (зиёрат қилувчи) кишилар бирор бир азиз ёки улуғ турбатига етишса ва ўша бузург шу жойда дафн этилган деб ишонч ҳосил қилса ва у ҳақиқатда бундай бўлмаса-да, ўша бузургнинг файзи ва мадади унинг камол тариқига нуқсонсиз етказади, чунки руҳлар оламида яқинлик ва узоқ бўлиш тушунчаси йўқдир... (Хожа Порсо) юқорида айтилганларни маъқулладилар. Бас, қайси бир мозор бирор-бир улуғ номи билан шуҳрат топган бўлиб, аслида, бошқа шахс кўмилган бўлса (ҳам), зиёратчи уни муаззам ва мукаррам тутмоғи лозим, токи ул азиз руҳининг баракотидан баҳраманд бўлсин” .

Мозорни халқ орасида “Юмалоқ Шайх” деб номланиши борасида турли ривоятлар бор. Айтишларича, Шайх Зуннун: “Мен вафот этган куним бир оқ туя келади. Жасадимни шу туяга юклаб, туя қаерда ётса, ўша ерга юмалоқ қабр кавлаб кўминглар. Мени кўмгандан сўнг ҳеч ким орқасига қарамай кетсин, кароматни кейин кўрасизлар”, деган экан. Лекин кимдир сабрсизлик қилиб орқасига қараса, тоғ орасидан оқиб келаётган сувга кўзи тушибди. Сув бу одам қараган заҳоти тўхтаб, қабр устига қоя қулаб тушибди. Эмишким, шайх васиятига биноан бу ердан тиниқ ва ширин сувли сой ўтиши керак бўлган экан. Афсуски, шарт бузилганлиги сабабли суви ҳар замонда қуриб қоладиган булоқ пайдо бўлган экан .

Шу ўринда Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асаридан Зуннун Мисрий тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни келтириб ўтмоқчимиз: “Зуннун (қ.с.) дедики: «Уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим, хослар ҳам авом ҳам қабул қилди. Иккинчи сафарда бир илм келтирдим, хос қабул қилди, авом қабул қилмади. Учинчи сафарда бир илм келтирдим, не хос қабул қилди, не авом. Қочоқ, қувғинди ва ёлғиз бўлиб қолдим.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, аввалги илм тавба эди. Уни хосу авом қабул қилди. Хослар қабул қилган ва авомга мақбул тушмаган иккинчи илм таваккул, муомалот ва муҳаббат илми эди. Учинчи илм – ҳақиқат илмидирким, элнинг ақли тоқатидан ташқари эди” .

Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” китобида Шайх Зуннун Мисрий вафоти хусусида қуйидаги ҳикоя келтирилади: “Зуннун Мисрий қодасаллоҳу сирраҳу дунёдан ўтди. Ўшал кеча етмиш нафар авлиё кўрдиларки, икки жаҳон фахри – пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз пайғамбарлар билан бирга қарши олдилар: “Аллоҳнинг дўсти келур, истиқболига чиқайлик”, деб марҳамат этдилар. Тағин яшил ранг ила: Зуннун Мисрий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг дўстидур ва ул Аллоҳ ишқидан қурбон бўлишидур”, деган ёзув бор эди. Жанозасини ўқир эканлар, ҳаво исиб кетди. Ажиб қушлар келиб, қанотлари билан соя қилдилар. Шу кезда азон айтилур эди. Муаззин шаҳодат калимасини айтар экан, марҳум шаҳодат бармоғини чиқариб ишорат этди. Бутун халқ бу ҳолни кўриб, фарёду фиғон кўтарди. Бир қанча мушриклар тавба қилдилар. Қабрга қўйдилар. Қабр устидан нур айрилмади” .

Изланишларимиз давомида Ўзбекистон Марказий Давлат архивида Шайх Зуннун масжидига доир вақфномани кўздан кечиришга муяссар бўлдик. Қуйида мазкур вақфномадан айрим маълумотларни ҳавола этамиз.

Вақфнома ҳажми 26х30 см. Вақфнома Қўқон қоғозига форс тилида ёзилган. 1 та муҳр босилган Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича: Қуйи Косоннинг “Сафед кўлак”  мавзеидаги йигирма танобдан иборат ер майдони. Ғарбдан Муҳаммадризохўжа Эшон Султонхўжа ўғлининг мулкига ва Мулла Аҳмадалибой Юсуфбой ўғлининг мулкига ҳамда Саримсоқбойнинг мулкига туташган. Шарқдан қисман Муҳаммадалихўжа Вафохўжа ўғлининг мулкига ва қисман Мўмин оқсоқолнинг ва қисман Шамсиддин махдумнинг мулкига туташган. Шимолдан ҳам Мўмин оқсоқолнинг ва қисман мазкур Шамсиддин махдумнинг мулкига туташган. Мазкур ҳудуднинг хавосиллари маълум. Тарих 1290 йили зулҳижжа ойи (милодий 1873 йилнинг январи)да Мулла Абдулла ибн Мулла Жабборқул ибн Парпи Баҳодир тасарруфидаги мазкур мулкини Косон шаҳридаги Юмалоқ шайх номи билан машҳур бўлган Зуннун Шайх масжиди учун холисона – Аллоҳнинг йўлида вақф қилганлигини эътироф ва мўътабар шаръий саҳиҳ қилди. Мазкур масжид ҳудудининг зикри. Ғарб ва шимол томондан катта йўлга туташган. Шарқдан Шайх Зуннун мозори қабристонига туташган. Вақф қилгувчи мазкур (Мулла Абдулла ибн Мулла Жабборқул ўғли) вақф даромадининг ўндан бир қисмини мутаваллига берилишини шарт қилди. Вақф даромадининг қолган қисми масжид имомига берилиши кераклигини шу тарзда шарт қилдиким, имом ҳар бомдод намозидан сўнг “Ҳазрати Ёсин” сурасини, ҳар пешин намозидан сўнг “Сураи Фотиҳа”ни ва хуфтон намозидан сўнг “Ҳазрати Таборак”ни тиловат қилиб, савобини Шайх Зуннун бузрукворнинг руҳларига ва вақф қилгувчининг ҳақларига бахшида этиши лозим.

Муҳр босгувчи: Қози калон Мир Юсуф. Сана – 1288 (милодий 1871 йил).

(давоми бор)

«Саййид Носирхон тўра Косоний» китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бишкекда “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми бўлиб ўтади

84 13:25 03.12.2022

Украинадаги уруш: тинчлик музокаралари бошланишини кутса бўладими?

332 12:05 03.12.2022

Латвияда “Дождь” телеканали жаримага тортилди

330 11:20 03.12.2022

Украинанинг чет эллардаги дипломатик идораларига таҳдидлар бўлмоқда

237 10:30 03.12.2022

Дунё ўзгаришлар майдонига айланди

568 09:39 03.12.2022

Исроил аскари фаластинлик йигитни қатл қилди

878 09:07 03.12.2022
« Орқага