Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шайтон васвасасидан қандай қутилиш мумкин?

5812

(Танловга келган мақола)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
шайтон васваса қилганда қандай йўл тутардилар?

Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шайтон ва унинг васвасасидан сақлаган. Қолаверса, Набий алайҳиссалом маъсум бўлганлар.

Аммо у зотнинг умматлари – биз шайтон васвасасидан қандай қутилишимиз мумкин?

Аввало, шайтон банда ибодат қилишни бошлаганда васваса қилишни бошлайди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув васвасасидан сақланинглар".

Намозда васваса қилишга эса хинзоб деган шайтон тайинланган.

Демак, шайтонларнинг айримлари таҳоратда, намозда, эр-хотиннинг орасига совуқчилик солишда ва ҳаром нарсаларга етаклашга вакил қилинган экан. Лекин, уларнинг барчаси заифдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Албатта, шайтоннинг макри заифдир" (Нисо сураси, 76-оят).

Шайтоннинг васвасаси кучайишига нималар сабаб бўлади?

Агар инсон шайтоннинг васвасасига амал қилса, ундан қўрқса ёки ортиқча эътибор берса у янада кучаяди.

Шайтон васвасасидан қутилиш йўллари

Шайтон васвасаларидан узоқ бўлишнинг энг биринчи йўли – Аллоҳдан паноҳ сўрашдир.

Таҳорат олаётганда, намоз ўқиётганда шайтон пиричлаб васваса қилади. Киши юзини икки ёки уч марта ювиб, нечта марта ювганлиги ёки сув етмай қолдимикан деган васвасага учиши мумкин.

Намоз ўқиётганида эса неча ракат ўқигани ҳақида васвасага берилиши мумкин. Бундай ҳолатларда васвасага эътибор бермаслик талаб этилади. Чунки банда қанчалик шайтоннинг васвасасига учар экан, шунчалик унинг тузоғига илиниб бораверади.

Аллоҳ таоло Раҳийм ва Карийм Зотдир, бандасининг дуосини ҳам, ибодатини ҳам қалбидаги ниятига кўра қабул этаверади. Шундай экан, ҳар бир банда Робби буюрган амалларни имкони қадар бажаришга ҳаракат қилиши керак.

Шайтоннинг васвасасидан қутилишнинг иккинчи йўли – илм олишдир. Илм олувчидан шайтон узоқлашади. Чунки илмли киши шайтоннинг васвасасидан қочиш йўлларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ахлоқларини яхши билади.

Шайтон васвасасининг яна бири тури – иймонда бўлади. Инсон баъзида ҳаёлига келаётган турли ўй ва васвасалардан хавфга тушиб, ўзини ёмон ҳис қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: «Шайтон бирингизга келиб: "Буни ким яратди? Уни ким яратди?" дейди. Ҳатто: "Роббингни ким яратди?" ҳам дейди. Қачон шундай бўлса, "Лаа илаҳа иллаллоҳ, аманту биллаҳ", деб айтинг», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтоннинг васвасасига ҳаддан ташқари берилишдан қайтарганлар. Уни оғир гуноҳ ёки киши иймонига путур етказадиган амал деб билмаганлар. Шайтон васваса қилади холос, банда унга амал қилмаслиги керак. Агар банда: "аманту биллаҳ" деса шайтон ғойиб бўлади. Бир қанча саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Кўнглимизга шундай нарсалар келадики, буларни айтишни жуда оғир (гуноҳ) деб биламиз" дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ростдан ҳам шундай бўляптими?" дедилар. "Ҳа", дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ана ўша айни иймондир", дедилар».

Шайтон ўғри кабидир. Ўғри эски, харобага уйга ҳеч қачон ўғриликка тушмайди. Чунки у ерда ўғирлаши мумкин бўлган ҳеч нарса йўқлигини яхши билади.

Худди шунингдек, шайтон ҳам мўмин кишининг қалбидаги энг бебаҳо неъмат – иймонни ўғирламоқчи бўлади. Шунинг учун, шайтон васваса қилганда тушкунликка тушмаслик, балки хурсанд бўлиш керак. Мўминни бахтиёр ҳолатда кўриш шайтонни ўлдиради. Шайтоннинг васвасасидан қўрқиш эса, уни янада ортишига сабаб бўлади.

Инсонларнинг кўпчилиги шайтон васвасаси Аллоҳнинг азоби ва ғазабига сабаб бўлишидан қаттиқ қўрқадилар. Асло ундай эмас. Шайтоннинг васвасасига дучор бўлган ва ундан сақланишга интилган банда Аллоҳ йўлида жиҳод қилгандек ажру мукофотга эга бўлади.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини шайтоннинг васвасаси учун ҳисоб-китоб қилмайди. Энг муҳими, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтонга эргашмаслик, унга енгилмасликка буюрганлар.

Аслида, шайтон заифдир. Бироқ сиз уни ҳақорат қилсангиз, ундан ғазаблансангиз, у хурсанд бўлиб: "Мен уни бошқаряпман", дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтон васваса қилганда ғазабланмасликка буюриб, "Бисмиллаҳ" дейилса шайтон пашша каби кичкина бўлиб қолишини айтганлар.

Шайтоннинг услублари

Банда қачонки ибодат қилмоқчи бўлса, шайтон шу заҳоти ҳийла ишлата бошлайди. Масалан, тунда туриб Қуръон ўқимоқчисиз. Шайтон дарров келиб: "Ётиб ухлай қол, чарчагансан, эртага ўқирсан, жума кечаси муборак кун ўша кундан бошлайсан, рамазон яқинлашиб қолди, рамазон ойидан, охирги ўн кунлигидан бошла" деб шивирлайди. Хуллас бандани солиҳ амални кечиктиришга ёки тарк этишга мажбур этади. Аммо шайтон сизнинг қатъий эканингизни кўрса, бошқа тактикани қўллайди. Шайтон: "Бир бет ўқисанг етади", деб шивирлайди. Кейин: "Ундан кўра салавот айта қол" дейди.

Қуръон тиловатини бошласангиз "Истиғфор айтсанг, қалбинг покланиб, гуноҳларинг мағфират қилинади" дейди. Сиз бу васвасаларга алданиб, истиғфор айтмоқчи бўласиз. "Ҳозир мингта истиғфор айтаман" дейсиз. 10, 15 та айтишингиз билан, шайтон яна васваса қилади: "Салавот айтишнинг савоби кўп" дейди. Кейин сиз салавот айтишга киришиб кетасиз. Хуллас, охир-оқибат банда Қуръон тиловатини ҳам қилмайди, салавот ва истиғфор ҳам айтмайди.

Чалғимасдан Қуръон тиловати қилмоқчи эканингизни шайтон кўрса: "Эртага ишга боришинг керак, тезроқ ётиб ухла" деб васваса қилади. Натижада банда ибодатни хушу-хузусиз, шошилиб бажаради.

Агар банда шайтоннинг васвасаларига учмасликка қаттиқ ҳаракат қилса, шайтон навбатдаги тактикасини қўллайди. Бунда шайтон манманлик, риё каби усулларни қўллаш билан васваса қилади. Натижада банда: "Мен шайтонни енгдим, у мени васваса қила олмайди" деб қилган амали билан ғурурланади. Афсуски, оқибатда қилган риёси ёки манманлиги сабабли ибодатининг савобидан маҳрум бўлади.

Баъзан шайтон янада хавфлироқ тактикани қўллайди. У бундай васваса қилади: "Эй инсон ибодат қилиб ўзингни чарчатиб нима қиласан? Ахир Аллоҳ ҳар бир нарсанинг тақдирини ёзиб қўйган-ку. Агар солиҳлар қаторида бўлсанг, солиҳлар даражасига етасан. Борди-ю, бадбахтлардан бўлсанг, ҳар қанча ибодат қилсанг ҳам барибир яхшиликка эриша олмайсан". Расулуллоҳ: "Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради", деганлар.

Шунда айримлар: "Мен ўзимни чарчатиб юрган эканман. Аллоҳ таолонинг тақдири ёзилиб бўлинган экан, нима қиламан унда ҳаракат қилиб", дейишади.

Ана шундай фикрларни шайтон пайдо қилади. Шайтоннинг бу ҳийла-найранглари сабабли банда ибодатдан узоқлашади, хайрли амалларни бажаришга қизиқмайди.

Хулоса ўрнида

Хулоса қилиб айтганда, шайтондан васвасага эътибор берманг, ундан сира қўрқманг ва шайтоннинг ўта заиф эканини ёдингиздан чиқарманг!

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсак шайтон олдимизга асло яқинлаша олмайди.

Даврон Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Испаниядаги Украина элчихонасида портлаш уюштирилди

350 18:50 30.11.2022

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

567 16:55 30.11.2022

Ғарб ва ривожланаётган атеизм

781 15:05 30.11.2022

Россиядаги сафарбарлик ва ўлим сонининг ортиши

467 14:42 30.11.2022

Бухарестдаги НAТО саммити: «Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз»

352 13:40 30.11.2022

Қандай жирканчлик. Яна бу одамлар бағрикенглик ҳақида гапиришади-я!

2473 12:50 30.11.2022
« Орқага