Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: жанозаси икки марта ўқилган уламо

2792

Ушбу машҳур олимнинг тўлиқ исми Абул Футуҳ Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда ал-Холидий ал-Махзумий ал-Ҳалабийдир. Унинг насаби саҳобий Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга бориб уланади. Шайх Абдулфаттоҳ ҳозирги Сурия давлатининг шимолий томонидаги Ҳалаб шаҳри, “Жубайла” маҳалласида милодий 1918 йилда дунёга келган. Олимнинг хонадони шаҳар аҳли орасида илм ва тақво билан танилган эди. Шайх Абдулфаттоҳнинг отаси тақвоси, эртаю-кеч ўқиладиган зикрларда бардавомлиги, Қуръони карим қироати билан кўп машғул бўлиши ва хайр-саховат ишлари туфайли эл-юрт ичида анча машҳур бўлган.

Шайх Абдулфаттоҳ илк таълимни Ҳалабдаги мадрасада бошлайди. Сўнгра Усмоний халифаларнинг волийларидан бири Хусрав пошо томонидан қурилган Хусравийя мадрасасида давом эттиради. Ушбу илм масканини милодий 1942 йилда аъло баҳолар билан тугатиб, дунёдаги энг нуфузли таълим даргоҳларидан ҳисобланмиш Мисрдаги Ал-Азҳар университетининг шариат факультетига ўқишга киради. 1948 йили ушбу факультетни тамомлаб, дарс беришга хосланган араб тили факультетида ўқишни давом эттиради. Ўқиш давомида зийраклиги, зеҳнининг ўткирлиги ва фанларни мукаммал ўзлаштириши билан бошқа тенгқурларидан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам, Азҳари шарифда пешқадам толиби илмлардан бўлганлар. 1950 йилда Азҳардаги ўқишни аъло баҳолар билан тамомлаб, она шаҳри Ҳалабга қайтиб келади.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ ҳаётлари мобайнида 100дан ортиқ олимлардан дарс олди. Улардан Ҳалабда: Шайх Ийсо Бойнуний, Шайх Иброҳим Силқиний, Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Силқиний, Шайх Муҳаммад Роғиб Таббох, Шайх Аҳмад Зарқо, Шайх Мустафо ибн Аҳмад Зарқо, Шайх Муҳаммад Рашид. Мисрда: Шайх Абдулмажид Дарроз, Шайх Абдулҳалим Маҳмуд, муҳаддис Аҳмад ибн Муҳаммад Шокир, Шайх Ҳусайн Муҳаммад Махлуф, усмонийлар халифалигининг энг забардаст олимларидан Шайх Мустафо Собрий ва Муҳаммад Зоҳид Кавсарий каби замонасининг кўплаб алломаларини санаб ўтиш мумкин.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда кўплаб толиби илмларга дарс ҳам берган, у кишидан таълим олганлар сони мингдан ошиб кетади. Уларнинг барчасини санаб ўтиш имкони йўқлиги сабабли энг машҳурларини келтириб ўтамиз. Замонамизнинг машҳур муҳаддис олимларидан бири Шайх Муҳаммад Аввома, машҳур адиб Шайх Мажид Маккий, ўткир воиз Ҳасан Қотражий Лубноний ва Муҳаммад Рашид. Ушбу олимларнинг энг сўнггиси Муҳаммад Рашид томонидан ёзилган “Имдодул фаттоҳ би асониди ва марвийёти Шайх Абдулфаттоҳ” номли китобда Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг илм олиш йўлида босиб ўтган қийинчиликлари, муваффақиятлари ва юздан ошиқ устозлари ҳамда шогирдлари ҳақида батафсил маълумот берилган.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ илмий анжуманлар ва бошқа турли тадбирлар муносабати билан ўттиздан ортиқ давлатга сафар қилган. Дастлаб Шом ва унинг шаҳарларига, кейинчалик Европа, Африка ва Осиёнинг бир неча мамлакатларига, жумладан: Иордания, Фаластин, Ироқ, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Бирлашган Араб амирликлари, Баҳрайн, Яман, Миср Араб Республикаси, Эрон Ислом республикаси, Судан, Сомали, Тунис, Жазоир, Марокаш, Африканинг жанубий минтақалари, Индонезия, Бруней, Ҳиндистон, Покистон, Туркия ва юртимиз Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриб, Тошкент, Бухоро, Самарқандда қадамжолар, мадраса ва алломаларнинг қабрларини зиёрат этган. Булардан ташқари, Европа ва Американинг кўплаб давлатларида ҳам бўлиб, ушбу сафарлари мобайнида кўплаб толиби илмларга бир қанча илмлардан ижозалар ва насиҳатлар беради. Ўз навбатида, дунёнинг машҳур уламоларидан ҳам бир қанча исломий илмлардан ижоза олади. Турли давлатларга қилган сафарларида кўплаб уламолар ва улар томонидан ёзилган асарлар билан танишиб, баъзида ушбу китобларга шарҳлар ҳам битган. Хусусан, Ҳиндистонга қилган ташрифларида бу диёрнинг забардаст ҳанафий олимларидан Абдулҳай Лакҳнавий, Анваршоҳ Кашмирий ва Зафар Аҳмад Таҳонавий каби уламоларнинг бой илмий мерослари билан танишадилар ва уларнинг баъзи асарларига шарҳ ҳамда таълиқлар ҳам ёзади. Натижада у кишининг шарофати билан Абдулҳай Лакҳнавий, Анваршоҳ Кашмирий ва Зафар Аҳмад Таҳонавий каби олимларнинг китоблари араб диёрларига ҳам етиб борган. 

Мисрдаги ўқишларини тамомлагач, Сурияга қайтиб келиб, 1951 йилда Исломий тарбия мударрислиги учун ўтказилган мусобақада қатнашиб, энг юқори ўринни эгаллайди. Исломий тарбия фанидан 11 йил дарс беради. Бундан ташқари мактабларга дарслик ёзиш ишларида ҳам қатнашади. Шунингдек, имом ва хатиблар тайёрлайдиган даргоҳда сабоқ беради. Кейинроқ Дамашқдаги шариат факультетида мударрис этиб тайинланади. У ерда уч йил “Усулул фиқҳ”, “Ҳанафий фиқҳи”, “Мазҳаблар орасидаги қиёсий фиқҳ”дан таълим беради. Ундан сўнг Ибн Ҳазмнинг маҳаллий фиқҳ энциклопедиясини тузишда ҳам иштирок этади. Бу қомус икки жилдда нашр этилган. 

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда бутун ҳаёти давомида сермаҳсул ижод қилиб, Ислом илмлари бўйича кўплаб китоблар ёзди. Уларнинг баъзилари алоҳида рисола шаклида бўлса, баъзилари Ислом оламининг энг мўътабар олимлари деб эътироф қилинган кишиларнинг асарларига шарҳ сифатида битилган. Олимнинг сийрат, ҳадис, фиқҳ, калом илмларига, уламолар ҳаётига доир асарлари китобхонлар орасида жуда ҳам машҳур ва севиб мутолаа қилинади. Олимнинг фарзандларидан бирининг сўзларига кўра, Шайх 70 дан зиёд асар ёзган бўлиб, улардан энг машҳурлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

1. Софаҳот мин собрил улама аъла шадаидил илми ват таҳсил.

2. Қийматуз заман индал улама.

3. Ар-Росулу ал-муаллим соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асалибуҳу фит таълим.

4. Ал-иснад минад дин (ҳадис илмига бағишланган).

5. Муҳосибийнинг “Рисалатул мустаршидийн” асари шарҳи (Тасаввуф илмига бағишланган).

6. Лакҳнавийнинг “Ар-Рофъу ват-такмил фил жарҳи ват таъдийл” асари таҳқиқи.

7. Мулла Али Қорийнинг “Фатҳу бабил иная бишарҳи китаб Ниқоя” асари таҳқиқи.

8. Зафар Аҳмад Таҳонавий Ҳанафийнинг “Қоваиъид фи илмил ҳадис” асари таҳқиқи.

9. Имом Насоийнинг “Сунану Насоий” асари таҳқиқи. “Сиҳоҳи ситта” жумласидан саналадиган ушбу асарни ажойиб тарзда таҳқиқ қилган. 

10. Мулла Али Қорийнинг “ал-Маснуъ фий маърифатил ҳадисил мавзуъ” асари таҳқиқи.

11. “Ал-Уламаул уззаб аллазийна аасарул илма алаз заважи”.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда замондош олимлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлган. 

Жумладан, аллома Мустафо ибн Аҳмад Зарқо шайх ҳақида бундай дейди: “Абдулфаттоҳ Абу Ғудда илм, фазилат ва узоқни кўра билишда тенгсиз олим эди. У сулуки ва исломий ахлоқида ажойиб намуна бўла олди, унга ўхшаши камдан-кам дунёга келади”.

Шайх Абул Ҳасан Али Надавий “Софаҳот мин собрил уламо” китобининг иккинчи нашрига ёзган тақризида қуйидаги мақтов сўзларни айтган: “Шайх Абдулфаттоҳ ҳақиқий мураббий, раббоний олимдир, у ҳимматининг юксаклиги, узоқни кўра билиши ва шаръий илмларда кенг қамровлилиги билан, салафи солиҳ-улуғ мужтаҳид олимларни эслатувчи етук уламодир”. 

Муҳаққиқ аллома Муҳаммад Шозилий Найфар шайх Абдулфаттоҳнинг вафотидан сўнг таъзия мактубида қуйидагиларни битган: “Абдулфаттоҳнинг вафоти ҳақидаги хабар бизга жуда оғир ботди. Чунки у билан дин, фазилат, мўл-кўл илм кетди. У ўз асри фахрланса арзийдиган даражадаги камёб олимлардан эди”.

Карочидаги шаръий маҳкама қозиси, “Дорул улум” мадрасаси мударриси, Жидда шаҳридаги Ислом фиқҳи академияси аъзоси аллома Муҳаммад Тақий Усмоний айтади: “Абдулфаттоҳ Абу Ғудда аллома, муҳаққиқ, муҳаддис олим бўлган. Илмининг денгиз монандлиги ва кучли фаҳм эгаси эканлиги жиҳатидан ўхшаши кам топиладиган олимлардан эди. Шайх биринчи бор кўришдаёқ яхши кўриб қолинадиган даражада очиқ чеҳрали, мулойим сўзли, одамларни ўзига жалб қила оладиган ажойиб табиатга эга инсон эди. Шайх Абдулфаттоҳ бу даражаларга эришишининг асосий омиллари, мустаҳкам тақво, суннатни маҳкам тутиш ва гўзал хулқ соҳиби бўлганлигида деб биламан. Шайх бизнинг диёримизга қилган сафарлари асносида у зотнинг ривоятлари ва китобларидан ижоза олиш бахтига эришдим”. 

Шайх Муҳаммад Абдуррашид Нўъмоний эса “Имдадул Фаттоҳ” китобига ёзган тақризида қуйидагиларни келтирган: “Шайх, олим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Оли Рошид Ҳалаб диёрининг зийнати ва унинг фахри бўлган аллома, раббоний олим, адиб, муҳаддис Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ҳақида ушбу китобни ёзибди. Аллоҳ таоло бу шайхни азизлик ва яхшиликда бардавом қилсин. У зот билан умматни манфаатлантирсин ва Ўзи яхши кўрадиган ҳамда рози бўладиган нарсаларда унга тавфиқ берсин”.

Аллома Муҳаммад ибн Муҳаммад Аввома айтади: “Шайхимиз, аллома, кўплаб талабалар мураббийси, устозлар устози Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, у зот билан учрашиш учун сафар қилиб келинадиган, илми ва адабидан кўплаб манфаат олинадиган, асримизнинг илмда устунларидан бир устуни бўлган”. 

1996 йили шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда жаноблари кўзларида хираликни ҳис қилдилар. Даволаниш учун Ҳалаб шаҳридан Риёз (Саудия Арабистони)га бордилар. У киши милодий 1997 йил 16 февраль (1417 ҳижрий йил, 9 шаввол), якшанба куни бомдод пайтида, 80 ёшда фоний дунёдан боқий ҳаётга сафар қилдилар. Ўғиллари шайх Салмон ва шогирдлари шайх Муҳаммад Рашидлар жисмларини ювиб, кўмишга тайёрлашди. Пешин намозидан кейин Риёздаги масжидда жаноза ўқилди. Сўнгра, махсус самолётда оилалари ва маҳбублари билан Мадинаи мунавварага олиб борилдилар. У ерда ҳам хуфтон намозидан кейин жаноза ўқилиб, Бақиъ қабристонига дафн этилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис ва суннатларига хизмат қилганлар мана шундай эъзозланишга сазовордирлар. Аллоҳ таоло шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг дин ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб тақдирлаб, Ўзининг жаннатидаги олий ўринлардан жой олишларини насиб этсин. 

"Мусулмоннинг 35 одоби" китобидан.

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Буюртмачининг пулидан ортса, олсам бўладими?

890 19:05 09.06.2023

Швециянинг терроризмга қарши қонунига Европа Иттифоқи “назаридан ўтиши” керак

565 17:41 09.06.2023

Мусо алайҳиссаломнинг ҳажлари

1120 16:55 09.06.2023

Душманимнинг душмани дўстимдир ёхуд Озарбайжон ва Исроил алоқалари ҳақида  

1172 14:03 09.06.2023

Япон аёл ота-онаси олдида иймон калимасини айтди

1958 11:03 09.06.2023

Тожикистонда Қатар амири иштирокида «Имоми Аъзам» жоме масжиди очилди

1082 09:46 09.06.2023
« Орқага