Шимолий Корея «радиоактив цунами» келтириб чиқариши мумкин бўлган сув ости дронини синовдан ўтказди, деб хабар бермоқда «Корея Овози» давлат радиоси.
«Ушбу махфий қурол ядровий сув ости кемаси ҳужуми учун бошқарувчисиз аппаратдир. Унинг вазифаси душман кема гуруҳлари ва портини йўқ қилиш учун сув остида яширинча сузиш, сув ости портлаши орқали ўта кучли радиоактив цунами ҳосил қилишдир», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, дрон 21 март куни ҳаракатга келтирилган ва у 80-150 метр чуқурликда тахминан 59 соат ҳаракатда бўлган. Белгиланган нуқтага етиб боргач, фаразий душман портида тажриба нусхаси бўлган жанговар каллакни портлатган.
«Корея Овози» шунингдек, 22 март куни Шимолий Корея ҳарбийлари машғулотлар доирасида иккита «Хвасар-1» туркумидаги стратегик қанотли ракета ва иккита «Хвасар-2» ракетасини учиргани ҳақида хабар берган.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, синовлар АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбий машғулотларига жавобан ўтказилган.
Март ойи ўрталарида АҚШ ва Жанубий Корея «Озодлик қалқони» деб номланган қўшма машғулотлар ўтказган эди. Вашингтон ва Сеул давом этаётган баллистик ракета синовлари фонида КХДРдан эҳтимолий тажовузни қайтариш сценарийларини ишлаб чиқди - 2022 йилда Шимолий Корея 37 марта ракета учиришни амалга оширди, уларда 70 га яқин ракета учирилган.