Жуда кўп алломалар умрини илм учун фидо қилган, шулардан бири Шўъба ибн Ҳажжож раҳимаҳуллоҳдир.
Хатиб Бағдодий “Кифая фий маърифати усули илмир ривая” номли китобида ёзади: “Имом Шўбанинг уйи олдида бир жамоат суҳбатлашиб ўтиргандилар, улардан бири ҳадис айтди: “Бизга Исроил айтиб берди, у Абу Исҳоқдан, у Абдуллоҳ ибн Атодан, у Уқба ибн Омирдан айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида навбатма-навбат туя боқардик. Бир куни келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳадис айтиб бераётган эканлар: “Кимки таҳорат қилса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнгра масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиса ва Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади”. Мен: “Бай-бай, мунча яхши”, дедим. Шунда орқамдан бир киши тортди, қарасам, Умар ибн Хаттоб: “Бундан олдин айтган гаплари бундан ҳам яхшироқ эди”, деди. “Нима дегандилар” дедим. “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, дедилар”.
Шу пайт уйдан Шўба чиқиб қолди. Жамоатга қаттиқ дашном берди, ҳадис санадидаги иллатга бепарво бўлганлари учун койиди. Кейин шу ҳадис учун сафар қилганини ҳикоя қилиб берди. Абу Исҳоқ ушбу ҳадисни ривоят қилганида “Абдуллоҳ ибн Ато Уқбадан эшитганми?” деб сўрабди. Жавобдан қониқмагач, Абдуллоҳ ибн Атонинг ўзидан сўраш учун Маккага боришга қасд қилади. Шўба Басрадан Маккага бориб, Абдуллоҳ ибн Атодан ушбу ҳадисни кимдан эшитганини сўрайди, у Саъд ибн Иброҳимдан эшитганини айтади. Шўбанинг гумони тўғри чиқибди. Абдуллоҳ Уқбадан эмас, Саъддан эшитган экан. Саъд ибн Иброҳим Мадинада яшар эди. Шўба Мадинага йўл олади, Саъд ҳам Уқбадан эмас, бошқа бир басраликдан эшитган экан. Шўба Басрага келиб ўша ровийни излаб топади. У ҳадисни ишончсиз ровийдан эшитган экан. Шўба ҳадис саҳиҳ эмаслигига иқрор бўлиб, шундай деди: “Шу ҳадис саҳиҳ бўлиши мен учун аҳлим, молим ва бутун инсонлардан яхшироқ эди” (Хатиб Бағдодий. “Кифая фий илмир ривая”).
Эҳ олийҳиммат инсонлар, битта ҳадис саҳиҳлигини билиш учун шаҳарлар кезишган, вақтларини, пулларини сарфлашган! Риҳлаларда шунча жидду жаҳд қилган содиқлар илм мажлисларида яхши жой учун ҳам заҳмат тортишарди. Жаъфар ибн Дарставайҳ айтади: “Али ибн Мадинийнинг дарси бомдоддан кейин бўларди, биз шайхга яқинроқ ўтириш учун бир кун олдин асрдан кейин жой олиб, кечаси билан шу жойда тунардик” (Абу Саъд Тамимий. “Адабул имлаа”).
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен учун нафл намозидан илм мажлиси яхшироқ, бир нарса ўрганган одам йиллаб, балки умр бўйи шу нарсага амал қилиб юради” (Доримий. “Боб фий фазлил илми вал аалими”).
Талабалар табиати шунақа – ҳимматлари олий эди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Икки одам ҳеч тўймайди: ҳақиқий талаба – илмга, дунёга берилган бой – пулга” (Доримий. “Боб фий фазлил илми вал аалими”).
Илмга интилиш, илмга ташналик пайғамбарлардан бошланган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мусо алайҳиссалом қавмида хутба қилиб турганида, “Энг илмли инсон ким?” деб сўралди. “Мен энг илмлиман”, деб жавоб бердилар. Аллоҳ таоло “Аллоҳ билувчи” демагани учун Мусо алайҳиссаломга танбеҳ берди, “Икки денгиз жамлашган жойда сендан олимроқ бандам бор”, деб ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом: “Эй Раббим, уни қандай топаман?” деди. Аллоҳ таоло: “Саватга балиқ олгин, уни йўқотган жойда бандамни топасан”, деди.
Мусо алайҳиссалом Юшаъ ибн Нун билан йўлга отландилар, бир катта тошга етганда дам олишга тўхтаб, ухлаб қолдилар. Балиқ саватдан тушиб: “Бас, у (балиқ) денгиз қаърига йўл олди. Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деди. У (хизматкор) айтди: “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда мен балиқни унутибман. (Буни сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажиб (йўсинда) йўл олган эди”. (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг (Хизрни) қидириб, изларига қайтдилар” (Каҳф, 61–64).
Мусо алайҳиссалом балиқ йўқолганини билиб тўхташи учун Аллоҳ таоло унга чарчаганини билдирди. Бундан олдин чарчоқ нималигини билмай кетаётган эди. Бундан Мусо алайҳиссалом илмга қанчалар муҳаббатли экани кўринади. Аллоҳ илмга ҳарис талабаларга Ўзи ёрдам бериб, ишини осон қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом қиссаларини давом эттириб айтадилар: “Иккиси харсанг тошга етганида кийимига ўралиб ётган бир кишини кўрди. Мусо алайҳиссалом унга салом бериб, “Мен Мусоман”, деди. “Бани Исроил Мусосими?” деди. Мусо алайҳиссалом: “Ҳа, сенга билдирилган билимдан менга ҳам таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” дедилар. “У (Хизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм муаммоларига) сабр қила олмайсан. Сенга берилмаган илм менга берилмаганидек, сенга менга берилмаган илм берилган”. Мусо деди: “Иншааллоҳ, сен менинг сабрли эканимни кўрурсан. Мен бирор ишда сенга итоатсизлик қилмасман”. Иккиси денгиз соҳили бўйлаб кетдилар, кема тўхтайдиган жойга бориб бир кемага чиқишди. Бир чумчуқ келиб кеманинг четига қўниб денгиз сувидан бир-икки чўқилади. Хизр: “Эй Мусо, сен билан менинг илмим Аллоҳнинг илми олдида чумчуқ денгиздан чўқилаб олган шу сув кабидир”, деди. Сўнгра иккиси билан Аллоҳ Каҳф сурасида ҳикоя қилган воқеа бўлиб ўтди.
Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Эй инсонлар, илм ўрганинглар, илм ўрганиш – фиқҳ таълим олиш билан бўлади, Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динни тушунувчи қилиб қўяди” (Табароний ривояти).
Илмга рағбати баланд, унинг қадрини билган халқ, шубҳасиз, ҳар соҳада пешво бўлади. Илмни беқадр санаб, олимларни ҳурмат қилмаган халқ заволга юз тутади.
Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси