Олимлар айтадиларки:
Шукрнинг энг оз даражаси Аллоҳга тил билан шукр этишдир. Ҳеч бўлмаса тили билан шукр айтолмайдиган одамдан кўра заифроқ одам йўқдир. Бундай шукр кенг маънода қамровчи бўлиши керак. Аллоҳнинг неъматлари учун тил билан ифодаланадиган шукрининг энг юксак даражаси банданинг шу ният билан “Фотиҳа” сурасини ўқишидир. Уни ўқиётганда банда Аллоҳнинг айни вақтда ва шу пайтга қадар олиб бўлган ва келажакда оладиган, орозий ва самовий, дунёвий ва ухровий, маълум ва номаълум, моддий ва маънавий, ошкору пинҳон – барча неъматлари учун шукр этишни чин кўнгилдан қасд қилмоғи лозим. Шу ният билан мазкур сурани, имкониятга қараб, бир мартадан юз мартагача ўқисин. Шунда унинг номи шукр қилгувчи мўминлар қаторига ёзиб қўйилади ҳамда бундай йўл тутгани учун ниятига ва Аллоҳнинг ваъдасига мувофиқ бундан-да кўпроқ неъматлар билан тақдирланади.
Тил билан айтиладиган, кенг маънодаги шукрни ифодалайдиган сўзларнинг турлари кўп. Бунга мисол ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги муборак сўзларидир:
“Эй Парвардигорим, мен Сенга муносиб бўлган суратда шукр этишдан ожизман. Сени Ўзинг васф этганингдай ҳеч ким васф этол-мас!” (Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган, Муслим, Термизий ривоят қилган).
Одам алайҳиссалом Раббиларига қарата шундай мурожаат этдилар:
“Эй Парвардигорим, Ўзинг менга қўл меҳнати билан машғул бўлмоқни ўргатдинг. Энди эса менга барча мақтов ва шукрни ўз ичига ол-ган бир сўзни ўргат!”
Аллоҳ у Зот алайҳиссаломга ваҳий қилди:
“Эй Одам, ҳар тонг ва шомда уч мартадан шундай дегин:
“Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн! Ҳамдан ювафий ниамаҳу ва юкафи мазийдаҳу” (Оламлар Парвардигорига барча неъматларини қамровчи ва берган ошиқча эҳсонларига кифоят бўлгувчи ҳамду санолар бўлсин!) Бу сўз барча тасбеҳ ва ҳамду саноларни ўзида жамлагандир” .
Шокир (шукр этувчи) билан шакур (жуда шукрли)нинг фарқи шундаки, шокир Аллоҳнинг неъматлари учун шукр этувчи кимсадир, шакур эса Аллоҳнинг неъмати унга етмаган маҳалда ҳам шукрини канда қилмайдиган кишидир.
Дарҳақиқат, ҳар бир неъмат учун унинг ўзига мувофиқ шукр мавжуддир. Кўзнинг шукри – ҳаромга ҳамда бировларнинг нуқсонига қарамасликдир. Қулоқнинг шукри – ноўрин ва ғийбат сўзларни тингламаслик. Қўлнинг шукри – ҳаромдан тортилишда, оёқнинг шукри – ҳаромга юрмасликда ифодаланади. Бошқа аъзоларнинг шукри ҳам худди шу сингаридир.
Шукрнинг ҳақиқати Аллоҳнинг сенга берган турли неъматларидан керакли жойда, ўринли фойдаланишингда зоҳир бўлади. Молу мулк, бадан, инсоннинг тамомий ички ва ташқи аъзолари шулар жумласидандир. Шунинг учун бу неъматлардан мабодо ноўрин ва номувофиқ фойдалангудек бўлсанг унга ношукрлик қилган кимса бўласан.
(давоми бор)
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.