Буюк Британия собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Украина қочқинлари учун мўлжалланган гуманитар ёрдамни Польшага шахсан ўзи олиб боришини маълум қилди.
“Мен ҳозир Chippy Larder (Британия нодавлат нотижрат таъминот лойиҳаси)даги икки ҳамкасбим билан Қизил Хоч (Жамияти)га ёрдам билан кетяпман. Бу узоқ сафар бўлади, аммо мен сизга доим маълумот бериб тураман”, – деган сиёсатчи твиттер саҳифасида.
Chippy Larder Польшага кийим кечак, болалар учун буюмлар ва биринчи тиббий ёрдам воситалари етказиб бермоқда. Кэмерон сўнгги икки йилдан буён бу ташкилотда волонтёр бўлиб хизмат қилади.
Собиқ бош вазир, шунингдек, британияликларнинг “қийин дақиқаларда ўз қўшниларига ёрдамга тайёр” сахийликларини қайд этди.
Аввалроқ Украинанинг Лондондаги элчиси кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорчилик билдирган, аммо буюмлардан кўра, пул билан ёрдам бериш афзалроқ эканини айтганди.